"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

25 мaй, жума.

ЭК, ПАРВАРИШЛА, МЎЛ ҲОСИЛ ОЛ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқачилик

ЭК, ПАРВАРИШЛА, МЎЛ ҲОСИЛ ОЛ

Юртимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий улуши деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлар ҳиссасига тўғри келади. Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, ўтган 2017 йилда ишлаб чиқарилган картошканинг 77,7 фоизи, сабзавотларнинг 71,8, озуқабоп полиз маҳсулотларининг 48,8, мева ва резаворларнинг 41,9, узумнинг 43,6 фоизи деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етказиб берилган.

Бу эса аҳолининг томорқадан фойдаланиш кўникмаси тобора ошиб бораётгани натижасидир. Эндиликда аксарият одамлар ҳовли ерига шунчаки чегаралаб олинган ҳудуд деб эмас, балки оиласи фаровонлигини таъминловчи хазина сифатида қарамоқда.

Масалан, Китоб тумани Алақўйлиқ маҳалласида истиқомат қилувчи Акмал Хидировнинг 10  сотих томорқаси бор. Шу ерда 50 туп анор ва 20 туп бошқа мевали дарахтларни парваришламоқда.

- Турмуш ўртоғим туманнинг Варганза қишлоғидан, - дейди Акмал Хидиров. – Биласиз, анор етиштиришда варганзаликларга етадигани йўқ. Томорқада анорзор яратиш ташаббуси ҳам янгангиздан чиққан эди. Бугун бу дарахтлар оиламизнинг асосий даромад манбаига айланди. Пишиқчилик даврида ҳар бир дарахтдан 30-35 килограммгача сара анор оламиз. Қолаверса, анор дарахтлари ҳажман катта эмас, боғ орасида бемалол бошқа экинларни етиштириш мумкин. Масалан, бу йил картошка ва нўхат экдик. Бу ҳам оила бюджети учун қўшимча даромад келтиради. Деҳқончилик ишларидан ташқари, қорамол боқамиз, паррандачилик билан шуғулланамиз. Сут, гўшт, тухум ўзимиздан чиқади, эҳтиёждан ортиғини сотамиз.

Шу маҳаллалик Нўмон Раҳимовнинг асл касби устачилик. Шу билан бирга, томорқа ишини ҳам тўғри йўлга қўйган.

- Бугунги шароитда бир парча ери бор одам хор бўлмайди, - дейди у. – Ўтган йили кафтдеккина томорқадан олган умумий даромадимизни ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, 25 миллион сўмдан ошибди. Бу бир ойда 2 миллион сўмдан ошиқ маблағ дегани. Ишламасак шунча пулни ким беради. Саккиз йил олдин томорқанинг 2 сотих майдонида иссиқхона ташкил этиб, 20 туп лимон кўчатини эккандик. Ўтган йили 10 миллион сўмдан ошиқ пулга лимон сотдик. Бу йил эса янада кўпроғини чамалаб турибмиз. Бундан ташқари, сабзавот экинлари етиштирамиз. Айни пайтда пиёз ва саримсоқпиёзларимиз тайёр бўлай деб қолди. Яна картошка экканмиз, манзарали гул кўчатларимиз бор. Ҳар йили икки-уч бош қорамол боқиб, сотамиз.

Нўмон Раҳимовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда томорқа ишини юритишни 25 ёшли ўғли Ҳошимжон Арзиев ўз зиммасига олган. Бу билан унинг доимий равишда бандлиги таъминланган. Ҳалол меҳнат қилаяпти, бекорчи вақти йўқ.

Каттагина томорқасидан самарали фойдаланмай, ҳар ерда ишсизман, иш йўқ деб юрганларга бот-бот тўғри келамиз. Шунда уларнинг ҳасратига қулоқ тутиб, қаршимдаги одам қиёфасида ҳаракат қилмай барокат кутаётган хомхаёл гавдаланади. Уларга қарата яна бир бор такрорлайман: ризқ осмондан тушмайди!

ЖАҲОНГИР