"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ИЛК МАВСУМ БОШЛАНДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Пиллачилик

ИЛК МАВСУМ БОШЛАНДИ

бу йил иккинчи, учинчи мавсум ҳам бўлади

Пиллачилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад соҳаларидан бири ҳисобланади. Оддийгина ипак қурти ҳосили – пилладан олинадиган табиий толанинг жаҳон бозорида қадри жуда баланд.

Уни етиштириш мамлакат иқтисодиётига ҳам салмоқли даромад олиб келади. Қолаверса, мавсум давомида кўплаб кишиларнинг бандлиги таъминланиб, улар бу юмуш ортидан яхшигина моддий манфаат кўради. Хуллас, пиллакорларимиз ана шундай юксак мақсадлар билан янги мавсумни бошлади.

Жорий мавсумда вилоятимиз пиллакорлари ҳам 33 минг қути ипак қуртини парваришлаб, 1 минг 800 тонна “кумуш тола” олишни режалаштирган.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, ўтган йили вилоятда 50 минг қутидан ошиқ пилла боқилиб, 3 минг тоннадан зиёд ҳосилни йиғиб олиш мақсад қилинганди. Якунда эса олинган ҳосил бу рақамларнинг атиги 36 фоизини ташкил этди, холос. Аслида ҳам вилоятнинг мавжуд салоҳияти, тут барги захиралари бунга етмас, боқилаётган пилла қуртидан кўра, қоғоздаги рақамлар кўпайиб бораётган эди.

- Мамлакатимиз раҳбари томонидан пиллачиликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, - дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ ходими Қаҳрамон Менглиев. – Хусусан, соҳа мутасаддилари олдига ипак қурти учун мавжуд озуқа захираларини, шарт-шароитларни аниқ ҳисоб-китоб қилган ҳолда, баландпарвоз рақамлар эмас, реал вазиятга қараб иш кўриш талаби қўйилди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудлардаги шарт-шароит, озуқа базаси миқдорини ўрганиб чиқдик ва мавжуд имкониятларга асосан ипак қурти тарқатилди. Эндиликда босқичма-босқич тарзда имконият оширилиб, шунга мувофиқ ипак тола етиштириш миқдори ҳам кўпайиб боради.

Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан пиллачиликни мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғига айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қанча ипак қурти боқиш эмас, қанча даромад олиш муҳимлиги тамойилидан келиб чиққан ҳолда соҳага инновацион технологиялар, хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари жорий этилаяпти.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда пилладан уч маротаба ҳосил олиш бошланади. Биринчи мавсум айни вақтда давом этаётган бўлса, иккинчи мавсум июль-август, учинчи мавсум эса   октябрь-ноябрь ойларига мўлжалланган.

Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун етарли шарт-шароит, озуқа захиралари керак. Айни вақтда бу борада мустаҳкам пойдевор яратишга асосий эътибор қаратилмоқда.

- Жорий йилда вилоятимизда 12 та инновацион пилла боқиш масканлари бунёд этилади, - дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ раиси Ражабали Мейлиев. – Қарши, Косон, Қамаши, Чироқчи туманларида биттадан, Китоб, Касби, Шаҳрисабз ҳамда Яккабоғ туманларида эса иккитадан замонавий пиллахоналар қурилади. Ушбу масканлар ҳар йили камида 3 марта ипак қурти боқиш имконини беради.

Шунингдек, вилоятда янги тутзорларни барпо этиш эвазига жорий йилда мавжуд тут плантациялари 3 минг 23 гектарга етади. 2021 йилга бориб 6 минг 300 гектардан ошиқ тутзорлар пайдо бўлади. Бу дегани, айни вақтдаги ҳолатга нисбатан ипак қурти боқиш учун озуқа захиралари қарийб 210 фоизга ошади.

Натижада пиллачилик том маънода вилоят қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғига айланади. Бу эса экспорт салоҳиятини юксалтириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимиз тури ва ҳажмини кўпайтириш билан бир қаторда, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш имконини беради.

 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ