"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

СИФАТЛИ УРУҒ - МЎЛ ҲОСИЛ ГАРОВИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Картошкачилик

СИФАТЛИ УРУҒ - МЎЛ ҲОСИЛ  ГАРОВИ

Ёхуд 2-3 минг сўм тежаш ҳисобига ким келадиган 15 минг сўмдан воз кечмоқчи?

Картошка кундалик ҳаётимиздаги энг муҳим ва доимий истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан бири. Халқимиз уни “иккинчи нон” сифатида таснифлайди ва шунга монанд  аксарият таомларимизни тайёрлашда ҳам картошкадан фойдаланилади. Бу бежиз эмас.

Мутахассисларнинг фикрича, картошка фойдали моддаларга бойлиги билан кўпгина cабзавотлар, ҳатто мевалардан ҳам уcтун туради. У яхши ҳазм бўлади, маҳсулот таркибидаги бириктирувчи клетчатка меъда шиллиқ пардаcини қўзғамайди. Шу cабабли ошқозон-ичак хаcталиклари хуруж қилганда ҳам бемалол картошка иcтеъмол қилиш мумкин.

Картошка ўзининг оғриқсизлантирувчи ва пешоб ҳайдовчи хусусиятлари билан ҳам фойдали. Унинг таркибидаги калий организмдан ортиқча сувни чиқариб юборади. Танадаги ортиқча кислоталарни нейтраллайди. Моддалар алмашинуви, юрак ва ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди. Жигар касалликларида ҳам тавсия этилади. Янги картошканинг шарбати ошқозон яраси касалликлари ҳамда жиғилдон қайнашида жуда яхши даво ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, картошка ўзининг фойдали моддаларга бойлиги ва хуштаъмлиги билан барча халқларда бирдек севиб истеъмол қилинади. Мисол учун, Беларусда бир йилда киши бошига 175 килограмм, Польшада 144, Украинада 138, Россияда 127, АҚШда 60, Канадада 65, Италияда 39 килограмм картошка тўғри келар экан. Юртимизда эса бир киши йилига ўртача 64 килограмм картошка истеъмол қилади.

Демакки, ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам маҳсулотга бирдек талаб бор ва уни етиштириш ҳар томонлама фойда келтиради. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимизда картошкачилик оммалашиб, маҳсулот етиштириш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Жумладан, 1990 йил юртимизда 300 минг тонна картошка етиштирилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич қарийб 3 миллион тоннага етди.

Бугун деҳқон ва фермер хўжаликлари билан бир қаторда, аҳоли томорқаларида ҳам картошка асосий экин сифатида парваришланмоқда. Тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, айрим ҳудудлар картошкачиликка ихтисослашиб ҳам бўлган. Мисол учун, Шаҳрисабз  ҳақида гапиргудек бўлсак, аввало ҳудуднинг гўзал табиати билан бир қаторда, бутун мамлакатга машҳур Ғилон картошкалари тилга олинади. Шунингдек, Яккабоғ, Қамаши, Китоб туманларининг яна кўплаб тоғ ва тоғ олди маҳаллаларида картошкачилик яхши ўзлаштирилган.

- Маҳалламизда 973 хонадон, 1530 оила, 6 минг 724 киши истиқомат қилади, - дейди Китоб туманидаги Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нозим Қаюмов. – Аҳоли ихтиёрида 7,5 гектар томорқа ерлари бор. Барча оилалар ундан самарали фойдаланиб келаяпти. Ҳудудда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан бир қаторда, мевалардан гилос, узум ва ёнғоқ, сабзавот экинларидан эса картошка етиштириш кенг оммалашган. Қарийб барча хонадонларда бир парча ерда бўлса ҳам картошка экилган. Улар бу билан аввало ўзларининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини қоплайди, қолаверса, истеъмолдан ортиқчасини бозорга чиқариб сотади.

Хонадонларни кўздан кечирар эканмиз, чиндан ҳам маҳалла аҳли картошкачиликни жуда яхши ўзлаштириб олганининг гувоҳи бўлдик.

- Турмуш ўртоғим тадбиркорлик билан шуғулланади, - дейди Очамайли қишлоғида яшовчи Нигора Жўраева. – 12 сотих томорқамиз мавжуд. Уйда бекор ўтирмасдан, болалар билан биргаликда ерда ишлаб, оила даромадига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Томорқага йигирмага яқин олма ва гилос дарахтлари ўтқазилган. Ҳар йили пишиқчилик даврида терилган ҳосилнинг эҳтиёждан ортиқчасини сотиб, уч-тўрт миллион сўм даромад оламиз. Бундан ташқари, бу йил 5 сотих ерга картошка экканмиз. Йил давомида бу маҳсулот билан  ўзимизни ўзимиз таъминлаймиз.

Дарҳақиқат, картошка - истеъмол учун ҳам, даромад учун ҳам умуман ҳар томонлама фойдали экин. Юртимизнинг каттагина ҳудудлари иқлим ва тупроқ шароити картошка етиштириш учун жуда қулай бўлгани ҳолда, ҳар гектар ердан олинаётган ҳосил ўртача 15-20 тоннани ташкил этади. Ваҳоланки, қатор давлатларда илғор тажрибаларга таяниб парваришланган картошкадан ҳар гектар ҳисобига 50 тонна, ундан ҳам ошириб ҳосил олинмоқда. Демак, ушбу фаолиятдан кўрилаётган манфаат ҳам шунга яраша.

Бизда ҳам ана шундай натижага эришиш мумкин, фақат бунинг учун энг аввало соҳадаги уруғчилик муаммосини ечиш лозим. Чунки картошкачиликда уруғ сифати, хусусиятлари муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда картошка уруғчилигини ривожлантириш, олинаётган ҳосил салмоғини тубдан оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, яқинда республикада уруғлик картошка етиштиришни янада ривожлантириш чоралари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Унга асосан манфаатдор ташкилотларнинг Картошка етиштирувчилар ассоциациясини тузиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Ушбу янги тузилманинг асосий вазифаларидан бири республикада хорижий технология асосида маҳаллий картошка уруғчилигини ривожлантириш, ҳосилдорлиги юқори бўлган навларини етиштиришни ташкил этиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, қарор талаблари асосида тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб республика бўйича 8 та туман уруғликка мўлжалланган картошка етиштиришга ихтисослаштирилди. Улар орасида вилоятимизнинг Шаҳрисабз ва Китоб туманлари ҳам бор. Аҳамиятлиси, шу йилданоқ ҳар иккала ҳудудда уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилади.

- Бу йил ҳудуддаги 678 та фермер ва деҳқон хўжаликлари жамоалари уруғлик картошка етиштиришни мақсад қилган, - дейди Шаҳрисабз туман қишлоқ хўжалиги бўлими деҳқончилик тармоғи бошлиғи Нодир Султонов. – Бунинг учун хориждан 1000 тонна юқори ҳосилдорликка эга уруғлик картошка сотиб олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Етказиб берувчи ташкилот - “Imkon agro” МЧЖга ҳозирга қадар етиштирувчилар томонидан жами 4 миллиард 380 миллион сўмлик буюртма қилинди. Улар серҳосил уруғ олиб, бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида картошка парваришлашни мўлжаллашаяпти.

Маълумотларга кўра, дунёда картошканинг 100 дан ортиқ нави экишга тавсия этилади. Улар орасида яхши сақланадиган ва пишадиган, эзилиб кетмайдиган, мазали, шу билан биргаликда, серҳосил бўлган 30 га яқин нав кенг оммалашган. Мамлакатимизга уруғлик картошкани импорт қилишда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий мавсум учун Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Буюк Британия, Грузия каби давлатлардан юқори ҳосилдорликка эга навлар уруғлик учун олиб келинмоқда. Хусусан, Китоб ва шаҳрисабзлик фермерларга ушбу уруғлик килоси 7 минг 500 сўмдан етказиб берилиши бўйича келишув мавжуд.

Агар ҳозирги кунда ички бозорда бир кило маҳаллий уруғлик картошканинг нархи 4–5,5 минг сўм эканлигини инобатга олсак, хориждан келтирилаётган, юқори сифатга эга, тегишли сертификати мавжуд уруғлик учун 7,5 минг сўм мақбул нарх. Зеро, деҳқон учун синалмаган уруғликни экиб, ернинг умрини ўтказиш, ўзининг меҳнатини зое кетказишдан кўра, ишончли уруғни қадаб, мўл ҳосил олиш муҳим. Уста деҳқонларимиз бу жиҳатни аллақачон англаб етишган.

- Узоқ йиллардан буён картошкачилик билан шуғулланаман, - дейди Китоб туманилик тажрибали томорқачи Абдумалик Ирисов. – Бу фаолиятда уруғнинг хусусиятлари жуда кўп нарсани ҳал қилади. Масалан, баъзи йиллари сифатсиз навга дуч келиб, бир кило уруғлик ҳисобига уч-тўрт кило ҳосил олган вақтларимиз ҳам бўлган. Шу боис бу йил 3 сотих ерга хориждан янги келтирилган уруғликдан экдик. Ўсимликнинг ривожланиши жуда яхши. Бир-иккита тўпни очиб кўрдим, хомаки ҳисоб-китоб бўйича эккан 60 кило уруғликдан камида 700 кило ҳосил оламан.

Шу ўринда яна бир ҳисоб-китоб. Тасаввур қилайлик, сиз бир гектар ерга 1 тонна 700 килограмм маҳаллий навга хос картошка экдингиз. Уруғ баҳоси 8 миллион 500 минг сўмни ташкил қилди. Ўртача бир килограмм уруғлик ҳисобига 5 килодан ҳосил олинса, 8,5 тонна бўлади.

Худди шундай, бир гектар учун сифатли хориж уруғини 7 минг 500 сўмдан харид қилсангиз, умумий сумма 12 миллион 750 минг сўм бўлади. Ўртадаги фарқ эса 4 миллион 250 минг сўм. Энди бундан олинадиган ҳосилга келсак, ҳеч иккиланмай 1 кило хориж уруғига 10 кило мўлжаллайверасиз. Демак, бир гектардан камида 17 тонна картошка саранжомлайсиз. Энди ўйлаб кўринг, уруғлик нархидаги 2-2,5 минг сўмлик фарқни деб олиш мумкин бўлган яна 8,5 тонна ҳосилдан кечасизми? Буни пулга чақиб кўринг, қанча ютасизу қанча ютқазишингиз ҳам ойдинлашади.

Хуллас, юртимизда Президентимиз ташаббуси билан деҳқончиликнинг яна бир муҳим йўналиши – картошкачиликни кенг ривожлантириш, хорижий давлатларнинг бу соҳадаги илғор тажрибаларини ўзлаштириш орқали сифат ва ҳосил самарадорлигига эришиш, аҳолининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини ички имкониятлар ҳисобидан тўла қоплаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса аввало “иккинчи нон”имиз бозорларимизда мўл-кўл бўлиши ва нарх барқарорлигига эришиш бўлса, картошка экспортчисига айланиш янада манфаатли.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.