"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 июль, якшанба.

ЕР БЎШ ҚОЛМАСА, ЧЎНТАК ҲАМ БЎШАМАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқачилик

ЕР БЎШ ҚОЛМАСА, ЧЎНТАК ҲАМ БЎШАМАЙДИ

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш орқали оилалар иқтисодини кўтариш, бандлик масаласини ҳал этиш, эл дастурхони тўкинлигини таъминлаш, экспорт имкониятларини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада бу борада ташаббус кўрсатаётган, томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, ҳам оиласи фаровонлигини таъминлаётган, ҳам бошқаларга ибрат бўлаётган тажрибали томорқачилар сони кескин ортмоқда.

Нишон тумани Пахтазор маҳалласида истиқомат қилаётган Ғани Диловни ҳам ана шундай фаол томорқачилар сирасига киритиш мумкин. Айни пайтда унга тегишли 10 сотих ерда бир неча хил турдаги ноз-неъматлар ғарқ пишган. Хусусан, томорқачи картошка, саримсоқпиёз ва бодрингни биринчилардан бўлиб бозорга чиқаришни бошлабди.

- Уч йил олдин 2,5 сотих ерда лимонария ташкил қилган эдик, - дейди у. - Ўтган йили кеч кузда лимон дарахтлари остига эртачи картошка  экиб, ундан 500 килограммдан ортиқ маҳсулот йиғиштириб олдик. Бундан ташқари тўқсонбости усулида эккан 3 сотих майдондаги саримсоқпиёз ҳам етилди. Қаранг, бу гаштли жараён  бир-бирига уланиб кетади. Йил бўйи томорқа ерини бўш қолдирмаймиз. Насиба ҳам шунга яраша. Ахир айтишадику, меҳнат қилиб топганинг қанду асал тотганинг. Нимаики қилсак ҳаммаси турмушимиз ободлиги учун-да.

Ҳа, қилинган ҳаракат ортидан бугун хонадон аҳли дастурхони тўкин. Томорқачи жорий мавсумда кўчатчилик фаолиятини ҳам йўлга қўйибди.

- Анчадан буён фақат ўзимиз учун турли экин кўчатлари етиштирар эдик, - дейди Ғани Дилов. - Шу йил аччиқ қалампирга бўлган талабни инобатга олиб, икки миллион сўмлик сара уруғ харид қилдик, иссиқхона шароитида кўчат ўстирдик. Натижа ёмон бўлмади. 150 минг дона кўчат сотдик.   

Томорқачининг таъкидича, у ободонлаштириш мақсадида маҳалладаги қаровсиз бир гектар ерни олиб унга аччиқ қалампир экибди. Келгусида бу ердан ҳам кўнгилдагидек ҳосил кўтармоқчи. Бу ҳам оила иқтисоди учун қўшимча даромад манбаи дегани. Демак, излаган имкон топаяпти.

Дилфуза ЖУМАЕВА