"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ҚАТОР ОРАСИГА САРИМСОҚПИЁЗДАН СЎНГ КАРТОШКА ЭКИЛАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ҚАТОР ОРАСИГА САРИМСОҚПИЁЗДАН СЎНГ КАРТОШКА ЭКИЛАДИ

Янги тартибга кўра, вилоятимизнинг Китоб тумани картошка етиштиришга ихтисослаштирилди. Мақсад эса аҳолининг бу маҳсулотга бўлган талабини ички имкониятлар ҳисобидан самарали қондириш, четдан картошка импортини камайтиришдан иборат. Ушбу экинни етиштириш учун эса алоҳида катта майдон ажратиш ҳам шарт эмас. Бунда боғ қатор ораларидан оқилона фойдаланишга асосий урғу берилади.

Мазкур амалиётни кенг қўллаш бўйича Китоб туманида ҳам ишлар бошлаб юборилган. Ҳудудда мевали боғлар, анорзорларнинг кўплиги бунга имконият ҳозирламоқда. Тумандаги “Мустақиллик боғи” фермер хўжалиги миришкорлари ҳам шу йилдан картошка етиштиришга киришади. 1,5 гектар майдонга эга хўжаликда уруғ қадаш учун 40 сотих жойни тайёрлаш кўзда тутилган.

- Асосан анорчилик билан шуғулланамиз, табиийки, дарахтлар орасида анчагина бўш ер мавжуд, - дейди хўжалик раҳбари Нуриддин Раҳмонов. – Тажриба тариқасида ўтган йил кузда саримсоқпиёз эккандик. Тез орада пишиб етилган ҳосилни йиғиштириб олишга тараддудланиб турибмиз. Маҳсулотни ички бозорга етказиб берамиз. Яқинда шартнома қилдик, хориждан сифатли картошка уруғи олиб келинадиган бўлди. Уни парваришлаш агротехникаси бизга яхши таниш. Қолаверса, еримиз ҳам картошка етиштириш учун анча қулай.

Маълумот ўрнида айтиш керак, фермер ҳар йили ўз тасарруфидаги 1200 туп анор дарахтидан мўл ҳосил териб олмоқда. Бултур ҳар бир туп бутанинг ҳосилдорлиги 35-40 килограммга етган. Боғбон ушбу сархил меваларни асл ҳолича сақлаб, ҳозиргача бозорга чиқариб турибди. Бу йил экспортга ҳам маҳсулот бериш режа қилинган. Чет эллик харидорлар келиб маҳсулот сифатини юқори баҳолагани шундай дейишимизга асос бўлади. Фермер бугунги кунда фақат анор етиштириш билан шуғулланиб қолмай, кўчатчиликни ҳам ривожлантирган. У ҳар йили тумандаги бошқа фермер ва аҳоли вакилларини бир неча минг туп анор бутаси ниҳоли билан таъминлайди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратда: Нуриддин Раҳмонов.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.