"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ҲАРАКАТИ БОР ОДАМ САМАРАСИНИ ҲАМ КЎРАЯПТИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа шахсий, манфаати умумий

ҲАРАКАТИ БОР ОДАМ САМАРАСИНИ ҲАМ КЎРАЯПТИ

Статистик маълумотларга кўра, вилоятимизда 462 минг 606 хонадон 55 минг 964 гектардан ортиқ томорқа ерига эгалик қилади. Бу мана шунча оила қўшимча даромад топиш борасида катта имкониятга эга эканлигини англатади. Ана шу имкониятдан унумли фойдаланиш, ердан яхши даромад олиб, ҳам бозорларимиз маъмурчилиги, ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаш томорқа эгаларининг ҳаракатига, меҳнатига боғлиқ.

Бугун буни тўғри англаб меҳнат қилаётган, бир парча ердан катта даромад олиб, оиласи фаровонлигини таъминлаётган юртдошларимиз сони тобора кўпайиб бормоқда. Аҳоли томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларнинг самарасини ўз ҳаётида ҳис этмоқда, боқимандалик кайфиятидан қутулиб, яхши ишлаб, чиройли турмуш кечиришга ҳаракат қилаяпти. Бугун қайси қишлоқ ёки маҳаллага борманг, одамлардаги иштиёқ, интилишни кўриб, бунга амин бўласиз.

- 20 сотих атрофида томорқа еримиз бор, - дейди Косон тумани Қуйи Оброн маҳалласилик Холмурод Эрназаров. – Ўзим ҳудуддаги хусусий ташкилотлардан бирида меҳнат қиламан. Турмуш ўртоғим ҳам туман тиббиёт бирлашмасида ишлайди.  4 нафар фарзандимиз бор. Уларнинг барчаси ўқиш, иш билан банд. Шунга қарамасдан, барчамиз бўш вақт бўлди дегунча томорқа ишига киришамиз. Чунки рўзғорга келаётган даромаднинг катта қисми ана шу томорқадан.  Ҳар йили саримсоқпиёз, пиёз, сабзи, шолғом каби экинларни экиб, аввало ўз эҳтиёжимизни таъминлаймиз, қолганини бозорда сотамиз. Бундан ташқари, мунтазам равишда 5-6 бош  қорамол боқамиз. Шунинг ортидан фарзандларни ўқитаяпмиз, уй-жойли қилаяпмиз, мана, янги машина олдик. Фақат маошга қараб ўтирсак, томорқадан келаётган шунча даромадни ким беради?!

Таъкидлаб ўтиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида одамларнинг томорқа маданиятини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида гапириб, “Дунёда ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ-ку! Биз ҳам фаровонликка фақат ўз меҳнатимиз, ўз ҳаракатимиз билан эришишимиз мумкин” дея таъкидлаб ўтган эди.

Дарҳақиқат, бугун бизга ҳар томонлама яқин бўлган Хитой, Япония каби давлатлар ҳам ўз-ўзидан ривожланиб кетмаган. Оддий одамлардаги меҳнаткашлик, тадбиркорлик руҳи, янгиликка чанқоқлик, изланиш, интилиш бу давлатларнинг тараққиётига бош омил бўлмоқда. Ваҳоланки, биздаги ер ва иқлим шароити тадбиркорлик учун ҳам, деҳқончилик учун ҳам бу давлатлардагидан кам эмас. Серқуёш заминимизда етиштирилган сархил мева-сабзавотлар ўзининг хуш таъми ва табиий дармондориларга бойлиги билан ажралиб туради. Маҳсулот ташқи бозорда ҳам, ички бозорда ҳам бирдек харидоргир. Уни етиштириш ортидан миллионлаб даромад қилиш мумкин. Тажрибали томорқачиларимиз бу ишни аллақачон уддалашмоқда.

Китоб туманининг Очамайли қишлоғида истиқомат қилаётган Алибек Зоидовни ҳам ана шундай томорқачилар сирасига киритиш мумкин. Боиси, у анча ёш бўлишига қарамай, томорқа ишини тўғри йўлга қўйган. Бунинг ортидан келаётган даромад ҳам шунга яраша.

- 12 сотих томорқа еримиз бор, - дейди Алибек. – Ҳар йили ана шу ерда саримсоқпиёз, пиёз, картошка каби озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирамиз. Экиннинг қайси турини етиштириш, унинг қанча муддатда тайёр бўлишига қараб, ердан икки, уч маротабагача ҳосил оламиз. Умумий ҳисобда айтганда, ана шу томорқанинг ўзидан бир йилда камида 15 миллион сўм даромад қиламиз. Бундан ташқари, боғдорчиликда ҳам яхши тажрибам бор. Ҳозирги вақтда 50 сотих токзорни ижара асосида ишлатиб келаяпман. Бундан ҳам анчагина фойда оламан. Бир сўз билан айтганда, шу ерда, деҳқончиликнинг ортидан айримлар хорижда ишлаб топаётган даромаддан икки-уч ҳисса кўпроқ топмоқдаман.

Албатта, томорқачи аввало даромад қилишни ўйлайди. Экин экади, ўзи, оиласи аъзолари фойдали иш билан банд бўлади. Натижада рўзғорга қўшимча даромад келади, унинг фаровонлиги таъминланади. Яна бир муҳим жиҳати эса, бу фаолият ортидан озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги, сероблиги таъминланади. Биргина мисол, 2017 йилда вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 61,2 фоизи айнан шахсий ёрдамчи хўжаликлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса соҳада  томорқачиларнинг улуши ошиб бораётгани, бозорларимизда сархил маҳсулотлар тўкинлигининг асосий таъминотчиси ҳам улар эканлигини англатади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: томорқачилар фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.