"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

КОРЕЯ ФЕРМЕРЛАРИ ВОҲАМИЗДА БЎЛДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

КОРЕЯ ФЕРМЕРЛАРИ ВОҲАМИЗДА БЎЛДИ

Маълумки, ҳеч бир соҳада энг сўнгги технологияларни, инновация ва илғор тажрибаларни қўлламай туриб, муваффақиятли фаолият юритиб бўлмайди. Муҳими ана шундай қараш қишлоқ хўжалигида ҳам мавжуд бўлиб, инновацион асосда соҳада ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини оширишга, ресурс тежамкорлигини таъминлашга эришишга замин ҳозирланаяпти. Хусусан, аграр жабҳада юқори натижалар кўрсаётган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг бой тажрибасини ўрганиб, ўзимизда ҳам кенгроқ татбиқ этишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада вилоятимизда қилинаётган ишларни ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалий самараси дейиш мумкин.

Гап шундаки, воҳамизда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун чет эллик мутахассисларни жалб қилиш бўйича галдаги муҳим қадам ташланди. Яқинда вилоятимизда Корея фермерлари федерациясининг 17 кишидан иборат делегацияси бўлиб қайтди. Ушбу ташриф вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилганини алоҳида қайд этиш лозим. Хорижлик меҳмонлар ҳудуд аграр имкониятлари билан яқиндан таништирилди. Уларга тармоқнинг сармоявий жозибадорлиги юқори экани, воҳамиз заминида сархил мева-сабзавот етиштириш учун кенг имконият мавжудлиги ҳақида аниқ мисоллар ёрдамида маълумот берилди.

Ташриф натижалари икки томон учун ҳам манфаатли бўлгани аҳамиятлидир. Бунинг исботи ўлароқ вилоят ҳокимлиги ва Корея фермерлар федерацияси ўртасида келишув имзоланди. Ушбу ҳужжатда мазкур юрт  мутахассисларига вилоятимизда самарали фаолият олиб бориши учун бир қатор қулайликлар яратиб берилиши кўзда тутилди.

Жумладан, вилоятимизда Корея фермерларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалиги инновация парки, бошқача айтганда, ўзига хос кластер барпо этиш белгиланди.

Тегишли лойиҳага кўра, мазкур инновация мажмуаси қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, селекция, уруғ билан таъминлаш, экологик тоза ўғитлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, иссиқхона қуриш ва шундай технологияларни юртимизга олиб кириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, кореялик мутахассислар мева-сабзавотни сақлаш, музлаткич қурилмаларини қуриш, маҳсулотни қадоқлаш, стандартдан ўтказиш, сифат сертификациясини қўллаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, “ақлли ферма” барпо этиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашади.

Корея фермерлари федерацияси  “K-Farm” дея номланажак ушбу кластерни ишга тушириш учун инвестиция киритади, объектларни қуриш ва техник қўллаб-қувватлашни амалга оширади.

Лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқариш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ҳам бир қанча муҳим чоралар кўрилиши назарда тутилган. Хусусан, кореялик ҳамкорлар билан доимий мулоқот қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилади. Шунингдек, ер ажратиш, электр энергияси, сув билан таъминлаш, турли рухсат этувчи ҳужжатларни олишда кўмак кўрсатилади. “K-Farm” учун зарур барча инфратузилма яратиб берилади.

Маълумотга кўра, кластер учун ажратилаётган ер майдони 300 гектарга яқин бўлади.

МИРЖАҲОН