"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

ИШТАҲА ОЧАДИ, ДОРИ БЎЛАДИ, КАТТА ДАРОМАД ҲАМ КЕЛТИРАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ИШТАҲА ОЧАДИ, ДОРИ БЎЛАДИ, КАТТА ДАРОМАД ҲАМ КЕЛТИРАДИ

Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида аччиқ қалампир етиштириш кенг оммалашган. Маълумотларга кўра, сайёрамизда йилига 4,4 миллион гектар майдонга аччиқ қалампир экилиб, 68,3 миллион тонна ҳосил олинади. Индонезия, Хитой ва Мексика каби давлатлар аччиқ қалампир етиштириш орқали жуда катта даромад кўрмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аччиқ қалампир нафақат таомга таъм берувчи ва иштаҳа очувчи зиравор, балки фойдали витаминларга бой, иммунитетни оширувчи маҳсулот, шу билан биргаликда, фармацевтика саноатида муҳим хомашё сифатида ҳам қадрланади. Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Индонезия, Туркия, Польша, Грузия, Молдова каби давлатлар ҳар йили катта миқдорда аччиқ қалампир импорт қилишмоқда. 

Бизда эса жаҳон бозорида талабгир бўлган ушбу маҳсулотни етиштириш имкони мавжуд. Юртимиз иқлим шароитида     1 гектар ердан ўртача 20 тонна, қуритилган ҳолатда эса 5 тонна аччиқ қалампир ҳосили олиш мумкин. Бир тонна маҳсулотнинг нархи айни пайтда дунё бозорида 8 минг АҚШ долларидан юқори. Бу 1 гектар ерда етиштирилган ҳосилни камида 40 минг долларга сотиш мумкин деганидир. Етиштириш ва экспортга тайёрлаш учун сарфланган барча харажатларни чиқариб ташлаганда ҳам фойданинг салмоғи яхшигина бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда аччиқ қалампир ҳосили етиштиришни оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.  Шунга монанд, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилда мамлакатимизнинг  6 та ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ҳамда Бухоро, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятларидаги катта майдонларда аччиқ қалампир парваришланаяпти. Хусусан, бугунги кунда вилоятимизнинг ўзида фермер ва деҳқон хўжаликлари, экспортчи корхоналар томонидан 5 минг гектардан ортиқ ҳудудда аччиқ қалампир экилган.

Биргина “Brand Investment Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан Миришкор туманининг ўзида 2 минг гектар, Қарши туманида эса 100 гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирилмоқда.

– Ушбу ўсимликни парваришлаш агротехникасини сифатли амалга ошириш учун Ҳиндистон ва Индонезия давлатларидан тажрибали   мутахассисларни жалб этдик, - дейди жамият агрономи Аҳрор Жўраев. - Уруғларни ҳам Ҳиндистондан олиб келганмиз. Чунки импортчи давлатлар маҳсулотни сотиб олишда унинг аччиқлик даражасига эътибор қаратишади. Ушбу қалампир навларининг аччиқлиги эса дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради.

Жамият томонидан март ойининг илк кунларида 80 гектар майдонга иссиқхона шароитида қалампир уруғлари экилиб, ниҳол тайёрланган эди. Айни пайтда кўчатлар очиқ майдонга экилиб, дастлабки ишлов бошлаб юборилган. Шу билан биргаликда, вилоятдаги кўплаб фермер хўжаликлари билан агрокласстер усулида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кўчат етказиб берилмоқда. Келгусида лойиҳани янада ривожлантириш, фаолиятга инновацион технологияларни  жорий этиш чоралари кўрилаяпти.

- Аччиқ қалампир етиштиришнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, - дейди жамият иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов. – Масалан, ушбу экин ўсиш жараёнида 12-14 маротабагача сув ичади. Ерда доимо намлик етарли миқдорда сақланиб туриши лозим. Бизнинг шароитда эса бу ишни уддалаш осон эмас. Шу боис, келгусида намликни сақловчи ва сув тежамкорлигига асосланган технологиялардан фойдаланишни режалаштирганмиз. Бу борада хорижлик ҳамкорлар билан келишувга эришиб, зарур жиҳозларни олиб келаяпмиз. Бундан ташқари, экин майдонларини янада кенгайтириш ҳам асосий режаларимиздан бири. Айни пайтда Миришкор ва Қарши туманларидан ташқари, Косон, Яккабоғ, Китоб туманларида ҳам экспортбоп полиз, мева-сабзавот ва зираворларни етиштириш бўйича иш олиб бораяпмиз.

Албатта, бундай лойиҳалар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўламини кўпайтириш, даромад миқдорини ошириш  билан бир қаторда, ҳудуд аҳолисининг фойдали иш билан банд бўлишини таъминлайди. Миришкор тумани мисолида оладиган бўлсак, ушбу лойиҳанинг йўлга қўйилиши асосида юздан ортиқ киши муқим иш ўрнига эга бўлган. Қолаверса, заруратга қараб юзлаб мавсумий ишчи кучидан фойдаланилаяпти. Бу доимий иш билан банд бўлмаган кишиларга қўшимча даромад топиш имконини бермоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ