"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ДЕҲҚОНДА УҚУВ БЎЛСА, ПАРВАРИШЛАБ БЎЛМАЙДИГАН ЭКИННИНГ ЎЗИ ЙЎҚ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Ҳаракатда-баракат

ДЕҲҚОНДА УҚУВ БЎЛСА, ПАРВАРИШЛАБ БЎЛМАЙДИГАН ЭКИННИНГ ЎЗИ ЙЎҚ

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, ҳалол меҳнати ортидан нафақат оила фаровонлигини таъминлайди, балки муайян соҳа ривожига ҳисса қўшади, эл орасида ҳурмат топади, обрў-эътибор қозонади. Миришкорлик Даврон бобо Очилов ҳам ана шундай инсонлардан. Уни туман аҳли деҳқончилик, боғдорчилик илмининг устаси сифатида билишади.

 

У киши ўзининг бутун ҳаётини шу фаолиятга бағишлаган. Қаровсиз ерларни ўзлаштириб, боғу роғга айлантириш, янги экин турларини ҳудуд иқлимига мослаштириб, ҳосил олиш борасидаги ишлари уни элга танитган. Бир пайтлар ташландиқ ерни ўзлаштириб, у ерга бодом кўчатларини ўтқазган эди. Қарийб 5 гектар ҳудудни эгаллаган бу боғ ҳозир “Мустақиллик боғи” деб аталади. Бугун бу ерда Даврон бобонинг фарзандлари, маҳалладошлари меҳнат қилишмоқда. Бир неча оила доимий иш билан банд. Ҳар йили боғдан тонналаб бодом меваси олинади. 

Даврон бобонинг ўзи эса ёши саксондан ошганига қарамай, ҳамон экиш, яратиш, яшнатиш юмушлари билан банд. 16 сотих томорқасидан бир йилда 40 миллион сўмдан ошиқ даромад олиб, бу борада кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

-  Бозордан картошка-пиёз, мева-чева ташиш менга бегона юмуш, - дейди у. – Озиқ-овқат экинларининг ҳамма турини рўзғор учун ўзимиз етиштирамиз. Сут-қатиқ, сариёғ, тухум дегандек маҳсулотларни сотиб олмаймиз. Сигир, товуқ ўзимизда бор. Рўзғорнинг фаровонлиги ана шуларнинг ортидан. Қолаверса, ҳар йили томорқада пиёз, саримсоқпиёз, сабзи етиштириб сотаман. Бундан яхшигина даромад оламиз.

Даврон бобонинг томорқаси ҳар қандай кишининг кўзини яшнатади. Ўтган йилнинг сентябрь ойида уруғлик олиш учун экилган пиёзлар айни вақтда қийғос гулга кирган.

- Пиёздан уруғ олиш анча кўп меҳнат талаб қиладиган ва майда иш, - дейди деҳқон. – Лекин бунинг даромади катта. Сифатли пиёз уруғига ҳар доим ва ҳамма жойда талаб бор. Мен етиштирган уруғлик қўни-қўшнидан  ортмайди. Уйимдан келиб олиб кетишади.

Деҳқон август ойларига бориб, 200 килограммдан ошиқ сара пиёз уруғини тайёрлашни мўлжаллаб турибди. Бугунги кунда унинг нархи бозорда ҳам яхшигина пул туришини ҳисобга олсак, олинажак даромаднинг салмоғини ўзингиз чамалаб кўраверинг.

Бундан ташқари, ана шу томорқанинг ўзида ҳам 50 тупдан ошиқ бодом дарахти экилган. Улардан бир мавсумда 600-700 кило мева олинар экан. Қолаверса, узум, картошка, сабзи, шолғом каби экинлар ҳам рўзғорнинг ушбу маҳсулотларга бўлган талабини қондиради.

- Ўтган йили томорқанинг фойдасидан ҳовлининг бир четида кичик иссиқхона барпо этдик, - дейди Даврон бобо. – Бу ерда 10 туп лимон парваришлаяпман. Дастлабки йил буталарнинг ривожланиши яхши. Кейинги йил иссиқхонани кенгайтириб, яна бошқа    тропик меваларни кўпайтирмоқчиман.

Айтиш жоизки, киши ишласа, меҳнат қилса, ер барака узатишдан тинмайди. Даврон бобо Очилов  ана шу қоидага мудом амал қилади. Қўни-қўшни, маҳалладошларини ҳам шунга ундайди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.