"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ЭКИШНИ БИЛГАН – УНДИРИШНИ ҲАМ ЭПЛАЙДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа – шахсий, манфаати умумий

ЭКИШНИ БИЛГАН – УНДИРИШНИ ҲАМ ЭПЛАЙДИ

Бирор ҳудуднинг табиий-географик жойлашуви у ерни макон тутган аҳоли ҳаёти, турмуш тарзига таъсир этмай қолмайди. Масалан, Деҳқонободни олайлик, туман ҳудуди қир-адирлардан иборат бўлиб, пурвиқор тоғларга туташиб кетган. Шундан бўлса керак, аҳолининг катта қисми чорвачилик билан шуғулланишга одатланган. Ҳақиқатда бундай жойлар ушбу фаолият тури учун жуда қулай саналади. Бироқ, бу дегани туманда бошқа ишлар, хусусан, деҳқончилик қилиб яхшигина даромад олиш мумкин эмаслигини англатмайди. Буни бугун деҳқонободликларнинг ўзлари ҳам исботлаб беришаяпти.

- Туманимиз аҳолиси ихтиёрида 4200 гектар ҳовли ерлари бўлиб, шунинг 3200 гектардан ортиғи экин майдони, - дейди Деҳқонобод тумани ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Улуғбек Ҳамроев. – Аҳоли асосан чорвадор бўлгани боис томорқачилик борасида ҳали унчалик катта, бой тажрибага эга эмас. Шундай бўлса-да, ердан унумли фойдаланиб, ён-атрофдагиларга намуна бўлаётган соҳибкорларимиз кўпайиб бораяпти.

Тумандаги  Бўстон маҳалласида яшовчи Улдон Янгиева улардан бири. Ҳовлисида ўтган йили 2,5 сотих ерда  иссиқхона ташкил этган бека айни пайтда ҳосил териб, меҳнатининг самарасини кўряпти. Мўъжаз иссиқхонада эрта баҳор экилган бодринг баравж.

- Биз томонлардаги аксарият хонадонларда чорва моллари боқилади, шунинг ортидан рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришади, - дейди у.  – Иккинчи гуруҳ ногирони бўлсам-да, бекор ўтиришни ўзимга эп кўрмайман. Биз ҳам мол боқамиз, шундан даромад оламиз. Ўйлаб қарасам фақат шу билан чекланиб қолиш ярамайди. Ахир бизда фойдали иш қилиш учун ҳовли ери ҳам бор-ку. Шу ўй билан деҳқончилик қилишга киришдик. Иссиқхонамизга синов тариқасида 1300 дона серҳосил навли бодринг кўчати ўтқазиб, уни астойдил парваришладик. Натижа биз ўйлагандан ҳам зиёда бўлди.

Ушбу хонадон эгаларининг    деҳқончилик борасидаги ютуқлари қўни-қўшниларда ҳам ҳавас уйғотди. Улар ҳам энди томорқадан даромад олишга жиддий қарашаяпти. Маҳаллада иссиқхоналар кўпаяётгани буни тасдиқлаб турибди.

- Қолган бўш ерда ҳам худди шундай яна бир иссиқхона қурдирмоқчиман, - дейди Улдон Янгиева. – Бу ерда эса асосан витаминга бой бўлган турфа кўкатлар  ўстириб, иликузилди паллаларда бозорга чиқармоқчиман. 

Дарҳақиқат, туманда яшовчи илғор фикрловчи, меҳнатдан қочмайдиган, интилувчан кишилар даромад манбаи сифатида чорва ёнига деҳқончиликни ҳам қўшишнинг уддасидан чиқаяпти. Зеро, излаган имкон топадиган бир даврда яшаяпмиз. Ҳаммаси аввало истак, шижоат ва ҳаракатдан бошланишини ёдда тутсак бас.

Дилфуза ЖУМАЕВА