"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

МАЖБУРИЯТДАН ЭМАС, ФОЙДАНИ КЎЗЛАБ ЭККАН ЮТАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

МАЖБУРИЯТДАН ЭМАС, ФОЙДАНИ КЎЗЛАБ ЭККАН ЮТАДИ

Соя юртимиз қишлоқ хўжалигида юқори самара бериши кутилаётган истиқболли экин турларидан биридир.

Ўсимлик дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулотлар тайёрланиши ва улар халқ хўжалигининг барча соҳаларида ишлатилиши ана шундай хулоса қилишга асос бўлади. Бинобарин, бизда ҳосилининг кимёвий таркибига кўра соядан фойдалироқ экинни учратиш мушкул. Хитой, Япония, Жанубий Корея ва бошқа шу каби кўплаб мамлакатларда аҳолининг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан соя донидан олинган маҳсулот эвазига қондирилиши факти ҳам ушбу фикрга ҳамоҳанглик касб этади.

Бундан ташқари, соядан олинадиган ёғ инсон организмида энг тез ҳазм бўлиши, зарарсизлиги билан пахта ва бошқа ўсимликлар мойидан анча устун туради. Унинг донидан ёғ ажратиб олингандан сўнг қолган шроти таркибида 14 хил аминокислота мавжуд. Ана шу моддалар кичик жўжаларнинг соғлом улғайиши учун муҳим озуқа сифатида тавсия қилинади. Паррандачилик фермаларида эса олинаётган тухум миқдорини ошириш учун товуқлар соя шроти билан озиқлантирилиши керак. Айни вақтда бундай шрот юртимизга бошқа давлатлардан импорт қилинмоқда.

Қолаверса, соя оқсилидан қон плазмалари,  кўзойнаклар учун сифатли линзалар тайёрланади. Ўсимлик поясидан турли хилдаги газлама матолар ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, чорвачиликда ҳам соя маҳсулотлари энг сифатли ва тўйимли озуқа ҳисобланади. 100 килограмм соя дони ўзида 134,8 озуқа бирлиги сақлайди. Бу кўрсаткич бошқа бирорта донли ёки дуккакли экинда учрамайди.

Бугунги кунда хорижий давлатларда соя оқсилидан пиллачиликда ҳам муҳим озуқа сифатида кенг фойдаланилмоқда. Мисол учун, Японияда бир йилда беш мартагача ипак қурти боқилади. Бунда соя оқсилидан суюлтирилган пасталар тайёрланиб, жонзотлар озиқлантирилади. Ваҳоланки, айни вақтда, бизда ҳам ипак қуртидан бир йилда тўрт, беш маротаба ҳосил олиш учун шарт-шароит мавжуд, фақат тут плантацияларининг етишмаслиги сабабли бу иш йирик миқёсда амалга оширилмаяпти. Демакки, соя етиштиришни оммалаштириш орқали пиллачиликнинг кенг ривожланиши учун ҳам замин ҳозирлашимиз мумкин.

Бу ўсимлик тупроқ унумдорлигини ошириш борасида ҳам энг муҳим экинлардан биридир. У дуккакли ўсимлик сифатида ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни бойитади. Соя экилган майдонларда тупроқ структураси яхшиланиб, биологик унумдорлиги ошади.

Хуллас, соянинг фойдали хусусиятларини санайверса, яна топилаверади. Энг муҳими, у бизнинг иқлим шароитимизда баравж униб, яхши ҳосил беради. Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган йили илк бор мамлакатимизда соя етиштириш бўйича амалий ишлар бошлангани эътирофга лойиқ. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги "2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, унга асосан мамлакатимиздаги 2 минг 200 дан зиёд фермер хўжалигининг 21 минг гектар майдонида шартнома асосида соя экиш, натижада 33,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, 6,1 минг тонна ўсимлик ёғи ҳамда 25 минг тоннадан ортиқ соя шроти ишлаб чиқариш мақсад қилинган эди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, айрим раҳбар ва мутахассисларнинг вазифага масъулият билан ёндашмагани, ишларни ўз вақтида ва тўғри амалга оширмагани ҳисобига 2017 йилда соядан кутилган ҳосил олинмади. Асосий майдонларда экилган соянинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 16 центнерни, такрорий майдонларда эса бу кўрсаткич атиги 5,9 центнерни ташкил этган, холос.

Вилоятимизда эса ўтган йили "Қарши ёғ-экстракция"  ҳамда "Косон ёғ-экстракция" акционерлик жамиятлари буюртмачилигида минг гектар майдонда асосий, яна минг гектар майдонда эса такрорий экин сифатида соя етиштириш режалаштирилган эди. Бироқ, белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилмаган. Натижа ҳам шунга яраша: Олинган ҳосилнинг чўғи кутилганининг ярмини ҳам ташкил этмади.

Соя етиштириш борасида 2017 йилда йўл қўйилган хато ва камчиликлар инобатга олинган ҳолда, жорий йилнинг 10 февралида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарор билан 2017 йилда соя етиштиришда камчиликларга йўл қўйган қатор мутасадди ва мутахассис ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, огоҳлантирилди. Шунингдек, бу борада жорий йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

 Қарор асосида белгиланган вазифа ва прогнозлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил вилоятимизда соянинг "Селекта 302", "Нафис", "Ўзбек-6" ҳамда "Барака" навлари экилди. Соя майдонларида дастлабки агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

- Бу йил "Қарши ёғ-экстракция" акционерлик жамияти билан тузилган шартномага асосан 14 гектар майдонга қўшқатор усулида соя экдик, - дейди Яккабоғ туманидаги "Ҳабибуллоҳ Хайрулла ўғли" фермер хўжалиги раҳбари Хайрулла Жовлиев. - 23 апрелда экишни якунлаган бўлсак, ҳозирги кунда уруғ тўлиқ униб чиққан. Ушбу ўсимликни   дастлабки йил экишимиз бўлгани боис, бироз қийинчиликлар ҳам бўлаяпти. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб бораяпмиз. Ҳар гектар ердан 2 тоннадан ошириб ҳосил олишни мақсад қилганмиз.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида "Қарши ёғ-экстракция" ҳамда "Косон ёғ-экстракция" акционерлик жамиятлари буюртмачилигида воҳамизнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб туманларидаги 2200 гектар майдонга сояни асосий экин сифатида экиш режалаштирилган эди. Бироқ, ушбу ҳудудлардаги сув тақчиллиги муаммоси сабаб қўшимча равишда Миришкор, Муборак, Қамаши ҳамда Касби туманларидаги фермер хўжаликлари билан ҳам соя етиштириш бўйича шартномалар тузилган.

Шунга қарамай, жорий йилда ҳам экин белгиланган майдонларга мақбул муддатларда экилгани йўқ. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотга кўра, мавсум бошида "Қарши ёғ-экстракция" акционерлик жамияти томонидан минг гектар майдонда соя экиш бўйича 108 та фермер хўжалиги билан, "Косон ёғ-экстракция" акционерлик жамияти томонидан эса 1 минг 210 гектар майдонда соя етиштириш бўйича 394 та фермер хўжалиги билан шартномалар тузилиб, уруғлик тарқатилган. Лекин амалда-чи?..

Амалда 2018 йилнинг 22 май ҳолатида "Қарши ёғ-экстракция" акционерлик жамияти буюртмачилигида 88 та фермер хўжалигининг 715 гектар майдонига, "Косон ёғ-экстракция" акционерлик жамияти томонидан эса 211 та фермер хўжалигининг 730 гектар майдонига соя экилган. Бу экиш ишларининг бор-йўғи 65,7 фоизга уддаланганини кўрсатади, холос. Мавжуд ҳолат эса яна сув муаммоси билан изоҳланмоқда.

Аён бўлмоқдаки, бу йил ҳам вилоятимизда соя етиштириш борасида кутилган натижага эришиш қийин. Янаям билмадик, жўжани кузда санайди, дейишади-ку.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ