"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

ҲАМ СУВНИ ТЕЖАШ, ҲАМ ҲОСИЛ УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУМКИН... МИ?

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Мутахассис маслаҳати

ҲАМ СУВНИ ТЕЖАШ, ҲАМ ҲОСИЛ УНУМДОРЛИГИНИ ОШИРИШ МУМКИН... МИ?

Бу йил вилоятимизда ғўзани парваришлаш жараёнида юзага келаётган энг асосий муаммолардан бири сув тақчиллигидир. Бундай вазиятда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, шу билан биргаликда, ғўзанинг сувсизланиб, етарли даражада ривожланмай қолишига ҳам йўл қўймаслик лозим.

Бунинг учун аввало, суғориш ишларини ҳудуднинг иқлим шароити, сув билан таъминланганлик кўрсаткичлари, тупроқ таркиби, мелиоратив ҳолати, сизоб сувларнинг минераллашиш даражаси, унинг чуқурлиги ва албатта, ғўза навларининг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Ҳозирги вақтда вилоятимизда асосан ғўзанинг "Бухоро-6", "Бухоро-8" ва "Бухоро-102" навлари парваришланаяпти. Бу навлар қурғоқчиликка, гармселга ва сувсизликка чидамли бўлиб, сувни нисбатан камроқ талаб қилади. Шу боис ушбу навдаги ғўзаларни оби-ҳаёт тақчил пайтларда агар майдондаги ер ости сувлари юза жойлашган бўлса камида икки маротаба, чуқур жойлашган бўлса, уч маротаба суғориш кифоя қилади. Шу билан биргаликда, бу ишни ўз вақтида амалга ошириш жуда муҳим.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланган аксарият давлатларда сув тежамкорлигига қатъий амал қилинади. Ана шу мақсадда қўлланилган технология  ўз навбатида экиннинг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Бизда эса аксинча, ҳали-ҳамон кўпчилик анъанавий суғориш усулидан фойдаланади. Бу усул нафақат сув исрофгарчилигига, балки тупроқдаги минерал моддаларнинг ювилиб кетишига, ернинг ҳолати ёмонлашишига ҳам сабаб бўлади. Илмий тадқиқотлардан аниқланишича, ғўза экилган майдонлар анъанавий усулда суғорилганда 1,5 - 2 минг куб метр сув ортиқча сарф бўлар экан. Ваҳоланки, илғор технология қўлланса, бунча сув катта-катта экин далаларини сувлашга кифоя қилади.

Тўғри, бизда ҳам сўнгги йилларда сув тежамкорлигига асосланган технологиялар босқичма-босқич жорий эътилмоқда. Бирданига катта майдонларга уни жорий этиш кўп маблағ ва вақт талаб этади. Бироқ бир нечта оддий услублардан фойдаланиб ҳам суғоришда тежамкорликка эришиш мумкин.

Мисол учун, шарбат усулида суғориш орқали. Бу усул ҳеч қандай ортиқча сарф-харажат талаб этмайди.

Бунинг учун ғўза экилган майдондаги ҳар бир контурнинг сув кирадиган жойидан хандак (ўра) қазилиб, 1х1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиши орқали шарбат тайёрланади. Сув аввал ўрага, шарбат билан аралашганидан сўнг эса ғўза қатор ораларига бошқарилади.

Бундай суғориш усули қўлланилганда гўнг экинга озуқа бўлиши билан бирга жўякларда ҳосил бўлган чўкинди намлик узоқ вақт сақланишини таъминлайди. Сувнинг буғланиши камайиб, тупроққа сингиши яхшиланади.

Тежамкорликка асосланган усуллардан яна бири ғўза қатор ораларига плёнка тўшаб суғоришдир.

Бу усулни амалга ошириш учун биринчи сувга қадар қатор ораларига икки маротаба ишлов берилиб, экин маъданли ўғитларнинг йиллик меъёри билан озиқлантирилади. Майдон бегона ўтлардан тозаланади. Суғориш олдидан қатор ораларига қора полиэтилен плёнка қопланади ва ҳар бир ғўза бевосита сув ичиши учун зарур тирқишлар ҳосил қилинади.

Ғўза бу усулда суғорилганда эгатлардаги тупроқнинг бир текис намланиши таъминланиб, намликнинг буғланиши сезиларли даражада камаяди. Маъданли ўғитлар ювилиб кетмайди. Плёнка остига қуёш нури тушмаслиги натижасида бегона ўтлар нобуд бўлади. Бунда сув кўлламаслиги сабаб ер қотиб қолмайди. Натижада экинга чопиқ тракторлари ёрдамида суғоришдан кейинги ишлов беришга ҳожат қолмайди. Бу эса тупроқнинг зичланмаслиги, экин илдизлари механик шикастланмаслигини таъминлайди.  Натижада ўз-ўзидан ҳосилдорлик ортади.

Кейинги йилларда бу тажриба Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот  институти Қашқадарё илмий тажриба станцияси олимлари томонидан институтнинг Ботир Тўрақулов тажриба даласида, шунингдек Касби туманидаги "Шодиев Суннат" ва "Чориев Рўзимурот  Шерқулович" фермер хўжаликлари пахта далаларида бир неча маротаба синовдан ўтказилди.

Маълум бўлдики, ғўзани суғориш ишлари ушбу усулда амалга оширилганда сувнинг тежалиши 38-41 фоизни ташкил этади. Ҳосилдорлик эса анъанавий усулда суғорилган майдонларга қараганда 32 фоизга қадар юқори бўлади. Қолаверса, мавсум давомида ғўза қатор ораларига 3 марта кам ишлов берилади ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалади. Ишчи кучига бўлган эҳтиёж камаяди. Яъни, плёнкага кетган пулдан бир неча баробар ортиқ маблағ тежаб қолинади.

Кўринадики, турли хил ноанъанавий суғориш усулларидан фойдаланиб, ҳам сув тежамкорлигига, ҳам ҳосил унумдорлигига эришиш мумкин. Айниқса, бу йилги каби об-ҳаво ноқулай келган пайтларда деҳқон ва фермерларимиз сув тежамкорлигига асосланган ноанъанавий суғориш усулларидан кенг фойдаланиши айни муддао.

 

Тилак РАЖАБОВ, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди