"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 июнь, пайшанба.

ТОМОРҚАЧИ ТАДБИРЛИ БЎЛСА, ДАРОМАД ҲАМ ОШАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Ҳаракатда – баракат

ТОМОРҚАЧИ ТАДБИРЛИ БЎЛСА,  ДАРОМАД ҲАМ ОШАДИ

Бугун кафтдек ер ҳам киши учун катта имкониятлар манбаига айланиб бормоқда. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Кичикгина томорқасида ёки иссиқхонада маҳсулот етиштириб, мўл даромад олаётган, оиласи фаровонлигини таъминлаётган юртдошларимиз фаолияти бунга мисол.

Деҳқонобод тумани Нодира маҳалласида яшовчи Фазлиддин Бозоров ёш бўлишига қарамай, бу ҳақиқатни англаб етди. У 12 сотих томорқа еридан унумли фойдаланиб, мўл даромад олаяпти.

- Ҳар йили бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирамиз, - дейди у. - Бу билан аввало оиламизнинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи қопланади. Шу билан биргаликда, ўзимиздан ортганини бозорга чиқарамиз.

Томорқачининг таъкидлашича, Президентимиз томонидан оилаларнинг тадбиркорлик кўникмасини оширишга, томорқа ерларидан самарали фойдаланишга қаратилаётган эътибор уни ҳам янги марралар сари илҳомлантирмоқда. Даромаднинг салмоғини ошириш мақсадида бу йил томорқасига ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда бирдек харидоргир бўлган аччиққалампир экинини экибди.

Бундан ташқари, ўтган йили томорқанинг 1,5 сотих майдонида қурилган иссиқхона ҳам айни вақтда оиланинг асосий даромад манбаларидан бирига айланган.

- Бизнинг туманимизда иссиқхона хўжалиги ҳали у қадар оммалашгани йўқ, - дейди Фазлиддин Бозоров. - Шу боис ишни бошлашдан аввал бу қандай самара бериши мумкин, деган хавотир ҳам йўқ эмас эди. Бироқ иссиқхонада маҳсулот етиштириб, яхши даромад топаётган оилалар фаолияти билан танишиб, ишни бошладим. Таниш-билишлардан сўраб-суриштириб, серҳосил навли помидор кўчати ҳамда бодринг уруғини олиб келиб экдим. Натижа ёмон бўлмади. Хусусан, февраль ойида экилган 300 туп помидор кўчатидан 500 килограммдан ошиқ ҳосил кўтардик. 200 туп бодринг экини эса ҳали-ҳамон ҳосил бермоқда.

Дастлабки йил иссиқхонадан олинган даромад ёш томорқачини яна янги марралар сари илҳомлантирди. У энди банкдан кредит олиб, иссиқхонани янада кенгайтириш ниятида.

Ҳа, бугун ҳаракат қилган, излаган киши, албатта имкон топаяпти. Ёшларимиз орасида ҳам томорқачилик ишларига бош бўлиб, ўзини ҳам яқинларини ҳам шу фойдали ишга жалб қилаётган, шунинг эвазига иш ўрнини яратаётганлар ҳеч кимдан кам бўлмаяпти.

 

Дилфуза ЖУМАЕВА