"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

ТАКРОРИЙ ЭКИНЛАР МАЙДОНИ ҚИСҚАРДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

 ТАКРОРИЙ ЭКИНЛАР МАЙДОНИ ҚИСҚАРДИ

Мамлакатимиз табиий-иқлим шароити ердан бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имконини беради. Айтайлик, кузги ғалла саранжомланиб олингандан кейин ҳам қарийб тўрт ой иссиқ ва ҳароратли кунлар бўлади. Бу эса имкониятдан унумли фойдаланиб, такрорий экин сифатида сабзавот ва полиз экинлари етиштириб олишнинг айни муддаосидир.

Шунга мувофиқ, юртимизда такрорий экинлар экиш йилдан-йилга     оммалашиб бормоқда. Бу йил ҳам барча ҳудудларда ғалладан бўшаган ерларга пешма-пеш такрорий экинлар экилаяпти.

Таъкидлаб ўтиш жоиз,  жорий йилда об-ҳаво шароити деҳқончилик учун анча ноқулай келди. Сув тақчиллиги экинларни ўз вақтида экиш ва парваришлаш имконини бермаяпти. Буни Президентимиз ҳам 2018 йил 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида қайд этиб,  вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳудудларда такрорий экин майдонларини белгиланган тарзда қисқартириш бўйича кўрсатма берган эди.

Шунга кўра, бу йил вилоятимизда ҳам режалаштирилган 35 минг 300 гектар ўрнига 5 минг гектар майдонга такрорий экин экиш белгиланди. Бу кўрсаткич 2017 йил билан қиёслаганда 20 баробар, йил бошида қилинган режадан эса 7 маротаба камроқдир.

Президентимизнинг ушбу видеоселектор йиғилишида берган кўрсатма ва топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 7 июнда вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, такрорий экинларни жойлаштириш ҳудудлар кесимида тақсимланди. Талаб этиладиган уруғлик, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа харажатларнинг аниқ қиймати ҳисобланиб, молиялаштириш манбалари белгиланди. Ҳар бир ҳудудга масъул раҳбарлар бириктирилиб, уларнинг зиммасига ишларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Қарорга мувофиқ, такрорий экинлар ҳудудларнинг сув таъминоти имкониятидан келиб чиққан ҳолда Қарши, Миришкор, Касби (700 гектардан), Косон, Нишон (650 гектардан), Яккабоғ, Китоб (400 гектардан), Шаҳрисабз (375 гектар), Чироқчи (275 гектар) туманларида экилади. Шунингдек, Ғузор туманида 100, Қамаши туманида 50 гектар ғалладан бўшаган ер майдонида деҳқончилик қилинса, Деҳонобод ва Муборак туманларида бу йил такрорий экинлар экилмайди.

- Экинларни экишда ҳам уларнинг сувсизликка чидамлилик даражасига эътибор қаратилган, - дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси Абдуқодир Ҳалилов. - Мисол учун, бу йил вилоятимизда такрорий экинларнинг 2350 гектарини мош ташкил этади. Чунки у сувсизликка чидамли.  Энг мақбул экин турларидан биридир. Такрорий экин сифатида экилган мошнинг ҳар гектаридан 20 центнерга қадар ҳосил олиш мумкин.

Қолаверса, бу йил вилоятимизда картошкани такрорий экин сифатида етиштиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши ва Чироқчи туманлари ҳудудидан 750 гектар ерга такрорий экин сифатида картошка экилади. Уларнинг аксариятини хориждан келтирилган уруғлик картошка ташкил этади. Яна 1 минг 900 гектар майдонга эса сабзавот, аниқроғи сабзи ва карам экиш режалаштирилган.

Айни дамда, вилоятимизда ғалла ўрим-йиғими якуний паллага кириб, такрорий экин экиладиган майдонларда ерни тайёрлаш ва экиш ишлари бошланган. Бу ишни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш эса деҳқон ва фермерларимиз зиммасига янада катта масъулият юклайди. Зеро, бу йил такрорий экин экиладиган майдонлар ҳажми кўп эмас. Боридан унумли фойдаланиб, такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш эса деҳқонларимиз олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ