"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

БИР СЎМ САРФЛАБ, ЎН СЎМ ДАРОМАД КЎРИШ ИМКОНИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya


БИР СЎМ САРФЛАБ, ЎН СЎМ ДАРОМАД КЎРИШ ИМКОНИ

Аччиқ қалампир етиштириш сердаромад фаолият бўлиб, бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15-20 тоннагача етади. Дунё бозорида унинг қуритилганига талаб катта. Мутахассислар маълумот беришларича, 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Унинг 1 тоннаси қиймати дунё бозорида 8 минг АҚШ доллари атрофида баҳоланади. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг, бир гектар ердан қанча фойда кўриш мумкинлигини. Пахта яккаҳокимлиги давридан миясига фақат пахта ва яна пахта деган фикр ўрнашиб қолган, ҳосилдорлик гектаридан 15 центнерни ташкил этса ҳам, "эшагидан тушови қиммат" га тушса ҳам пахта экаверган баъзи деҳқонларнинг тушига кирмаганди шундай сердаромад соҳалар борлиги.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги "Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда Президентимизнинг кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига 60-80 кунда етиладиган аччиқ қалампир экиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар бергани туфайли ҳар бир вилоятда ушбу сердаромад ўсимликни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, бизда ҳам.

Биргина "Agro export sabzavotchilik" масъулияти чекланган жамияти жамоаси Қарши туманида 100 гектар майдонда аччиқ қалампирнинг экспортбоп навини парваришламоқда.

- Қалампирнинг Туркиядан келтирилган "Еlika-256" навини экканмиз, - дейди МЧЖ раҳбари Шуҳрат Нормахматов. - Бу аччиқ қалампир нави биздагига қараганда икки-уч баробар кўп ҳосил беради. Энг муҳими, бу нав жаҳон бозорида жуда харидоргир экани боис, у асосан экспортга йўналтирилади. Ҳозир битта қалампир кўчатида юзтагача ҳосил бор. Парвариши давом этгани сайин улар катталашиб, аччиқлик даражаси ҳам ортиб боради. Унинг аччиқлик даражаси 6-7 баллни ташкил қилади, яъни дунё стандартларига тўлиқ жавоб беради.

Хўш, экспортбоп қалампирлар ўзимизда етиштириладиган одатий қалампирлардан нимаси билан фарқ қилади? Айнан аччиқлик даражаси билан. Тадбиркорнинг айтишича, биз заққумдек аччиқ деб ҳисоблайдиган водийда етиштириладиган қалампирнинг ҳам аччиқлик даражаси 2 балл нари-берисида бўларкан. Бу "Agro export sabzavotchilik" МЧЖ етиштираётган қалампир жайдарисидан кўра камида 3 баробар аччиқроқ дегани.

- Аччиқ қалампир етиштириш биз учун янги соҳа бўлгани сабабли турли гап-сўзлар ҳам бўлиб туриши табиий, - дейди Шуҳрат Нормахматов. - Банкдан 700 миллион сўм кредит олиб, шу ишга тикдим. "Бу ишингни қўй, қалампирдан қанчаям фойда кўрардинг? Бу йил ўзи қурғоқчил келди. Қалампир сувталаб ўсимлик бўлса, сувни қаердан топиб суғорасан?" деганлар ҳам бўлди. Биз шуни ҳисобга олиб, ерни кафтдек қилиб текисладик. Эгатларни жуда кичик олдик. Оз сув билан кўп ерни суғоришни мўлжаллаб шундай иш тутдик. Экаётган нав хусусиятларини яхшилаб ўрганиб чиқдик. Гектаридан 35 тоннагача ҳосил олиш мумкин экан. Ҳозир ҳар гектар майдон ҳисобига камида 20 тонна ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Уни қуритиш учун махсус ускунага ҳам ҳожат йўқ. Очиқ ерда қуритиш имкони бор. Қуёш нурида қуритилса, қалампирнинг аччиқлилик даражаси ҳам ошар экан.

Дарвоқе, қалампир бир қанча шифобахш хусусиятларга эга. У ўзининг куйдирувчи ва ачиштирувчи хусусияти билан организмдаги микробларни йўқ қилади. Айниқса, шамоллашга қарши курашишда қалампирга тенг келадигани йўқ. Яъни қалампир нафақат организмдаги шамоллашни олади, балки томоқ йўлидаги балғамни кўчиради ва яхшигина терлатади. Бу эса нафақат нафас йўлларидаги, балки бутун организмдаги шамоллашни бартараф этади. Шунингдек, қалампир йўғон ичак ичидаги токсинларни ҳам ҳайдайди, организмнинг қаришини секинлаштиради, хавфли ва хавфсиз шишларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, яъни саратон ривожланишининг олдини олади. У ичакларни қурт ва гижжалардан тозалайди. Хуллас, кони-фойда, дори сифатида ҳам, даромад манбаи сифатида ҳам.

"Agro export sabzavotchilik" масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг айтишича, қалампир етиштиришга бир сўм харажат қилсангиз, харажатингизни ўн ҳисса қилиб қайтаради. Бунга унинг шифобахш хусусиятларини ҳам қўшсангиз бу фойда яна ўн чандон ортади.

Толиб ТЕМИРОВ