"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ҲОРМАНГ МИРИШКОРЛАР, ЗАФАР МУБОРАК!

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Ғалла - 2018

ҲОРМАНГ МИРИШКОРЛАР, ЗАФАР МУБОРАК!

Жорий мавсумда қиш ва баҳор анча қурғоқчил келгани, юртимизда сезиларли сув тақчиллиги кузатилгани ҳам қишлоқ хўжалигида салмоқли ютуқлар қўлга киритилишига тўсиқ бўла олмаяпти. Аксинча, мавжуд ресурсларнинг оқилона ишга солиниши, оби ҳаётдан тежаб фойдаланилиши эвазига соҳада маҳсулдорлик юқори бўлиши таъминланмоқда. Вилоят ғаллакорлари томонидан давлатга дон сотиш шартнома режаси ортиғи билан бажарилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир.

Айтиш жоизки, бу йил воҳамиздаги 8 минг 969 фермер хўжалиги 143 минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос “Яксарт”,  “Гром”, “Таня”, “Краснодар – 99”, “Бунёдкор”, “Туркистон” сингари ва серҳосил ғалла навларини етиштирди. Лалми ерларда кутилган самара қайд этилмаган бўлса-да, суғориладиган майдонларда бошоқли дон экинлари ҳосили мўл бўлишига эришилди. Бунга оғир мавсумда ғалла парваришига  тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида ёндашилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва бошоқли дон экинлари маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, зарур агротехник талабларга қатъий риоя этилгани бош омил бўлди.

Вилоятда ўрим-йиғим ишлари қисқа фурсатда якунлангани ҳам диққатга сазовор. Бунинг учун аввалдан алоҳида ҳозирлик кўрилди, барча юмушлар уюшқоқлик билан ташкил этилгани аҳамиятлидир. Мавжуд ғалла майдонлари ўримга пухта тайёрланиб, ташкил этилган 480 отрядга юқори унумли комбайнлар бириктирилди. Йирик ҳаракат ва катта меҳнат эвазига етиштирилган донни нест-нобуд қилмай қабул пунктларига ташиш учун 2 минг 300 дан ортиқ техника жалб этилди.

Оғир иқлим ва об-ҳаво шароити, сув етишмаслиги қайд этилганига қарамасдан вилоят миришкорлари зиммасига олган шартнома мажбуриятини муваффақият билан адо этишиб, давлатга 332 минг тоннадан ортиқ сара дон сотишди. Яна улар эл хирмонига қўшимча 30 минг тоннадан зиёд ғалла қўшишни мақсад қилишган.

Ушбу юқори марранинг муваффақият билан забт этилишида Миришкор, Касби, Муборак, Китоб туманлари фермерлари айниқса жонбозлик кўрсатишди. Деҳқонларга етиштирилган ҳосилнинг  1 тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм атрофида ҳақ тўланиши белгилангани ҳам уларни меҳнатга рағбатлантирди.

Эътиборлиси, вазифа шараф билан адо этилди. Бироқ воҳамиз далаларида ҳали саранжомланмаган ҳосил кўп. Шу боис жойларда ўрим-йиғим қизғин давом эттирилмоқда, ғаллазорларда комбайнлар тўла қувват билан ишламоқда. Ҳосилдан бўшаган далалар сомони пешма-пеш йиғиштириб олинмоқда ва сифатли шудгор қилинаётган майдонларнинг бир қисмига мош, ловия ҳамда озуқабоп экинлар экилмоқда. Бу - тўкинчилик, қўшимча даромад  дегани.

Ҳорманг миришкорлар, зафар муборак!

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.