"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

26 сентябрь, чоршанба.

ЯНГИ МАРКАЗ ФЕРМЕРГА ҲИСОБ-КИТОБ ИШИДА КЎМАКЛАШАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қишлоқ хўжалиги

ЯНГИ МАРКАЗ ФЕРМЕРГА ҲИСОБ-КИТОБ ИШИДА КЎМАКЛАШАДИ

Юртимизда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари раҳбарларининг ҳаммаси ҳам ҳисоб-китоб ишларига уқувли эмас. Бунинг учун алоҳида бухгалтерга эҳтиёж сезади ёки шу йўналишда фаолият кўрсатувчи ташкилот хизматидан фойдаланишга зарурат бор. Шундан келиб чиқиб, соҳа вакилларига янада енгиллик яратиш мақсадида муҳим янгилик жорий қилинмоқда. Аниқроқ айтганда, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари ташкил этилмоқда.

Ушбу тизим Президентимизнинг жорий йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга киритилмоқда.

Хўш, бу марказлар қандай ишлайди, улар томонидан қайси хизматлар таклиф этилмоқда? Тегишли ҳужжат билан танишиб, бу саволларга ҳам тўлиқ жавоб олиш мумкин.

Қайд этилишича, марказлар юридик шахс мақомига эга бўлади. Улар кўрсатадиган хизматлар қамрови ҳам кенг. Жумладан, фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисобини юритади, хўжалик ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмаларни ҳисоблайди. Мавсум якунига етгач, фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказади.

Шунингдек, солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш ҳам марказ вазифасига киради. Қолаверса, ушбу тузилма молиявий ва статистика ҳисоботлари тузиб, уларни тегишли органларга тақдим этади, фермер хўжалигининг йил якунига кўра даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш ва кейинги йил учун бизнес-режа тузишда амалий ёрдам беради.

Айтиш жоизки, марказлар фаолияти Давлат бюджети маблағлари, фермер хўжаликлари томонидан тўланадиган аъзолик бадаллари ва пуллик хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар ҳисобига молиялаштирилади.

Қарорда марказлар бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш бўйича бепул асосда хизматлар кўрсатадиган тоифа ҳам белгиланган. Унга кўра, Кенгашга аъзо бўлган ва ўрнатилган тартибда аъзолик бадалларини тўлаган, давлат харидлари учун пахта ва ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари бу турдаги хизматлардан бепул фойдаланади. Бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларга эса бу имтиёз қўлланилмайди.

Аммо пахта хом ашёси ва бошоқли дондан бошқа маҳсулот етиштирувчи ҳамда аъзолик бадалини ўз вақтида тўлаб келаётган, ер, сув ва бошқа ресурслардан унумли фойдаланаётган ҳамда молиявий имконияти чекланган фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш издан чиққан айрим хўжаликларда ҳисоботни тиклаш мақсадида марказлар маълум муддат хизмат кўрсатишни бепул амалга ошириши мумкин. Бунинг учун Кенгаш тавсияси кифоя қилади.

Қарорда фермер хўжаликларига бириктирилган ер майдонларини хўжаликларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, экин турлари ва контурлари кесимида икки ой муддатда хатловдан ўтказиш ва фермер хўжаликларининг ер майдонлари бўйича ягона электрон базани шакллантириш вазифаси белгиланган.

Мазкур чора-тадбир фермернинг фақат ҳисоб-китоб ишлари билан овора бўлиб қолмай, асосий эътиборини ўз фаолиятини янада ривожлантиришга қаратишига шароит ҳозирлаши билан муҳимдир.

М.ШУҲРАТОВ