"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 июль, сешанба.

УРУҒЧИЛИК – ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Кўргазмали семинар

УРУҒЧИЛИК – ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ  ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Қарши туманидаги “Жўраева Гулшода Жумаевна” фермер хўжалиги лабораториясида вилоятдаги элита уруғчилик хўжаликларида дон, дуккакли дон, сабзавот, полиз, мойли ва озуқа экинларининг бирламчи уруғларини етиштириш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси ташаббуси билан ташкил этилган семинарда уруғчилик соҳасида фаолият олиб бораётган таниқли олимлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, уруғ етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг раҳбарлари ҳамда лаборатория мудирлари иштирок этди.

- Қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан, биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири саналади, - дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти Қашқадарё илмий-тажриба станцияси директор ўринбосари Абдуқодир Халилов. - Шундан келиб чиққан ҳолда семинарда юртимизда уруғчилик тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, сўнгги йилларда олимларимиз томонидан яратилган янги  навлар, уларнинг биологик хусусиятлари, ҳосилдорлик, чидамлилик кўрсаткичлари ҳақида маълумотлар берилди. Мутахассислар томонидан уруғларни экишда амал қилиш лозим бўлган агротехник талаблар амалий кўрсатиб берилди.

Шунингдек, семинарда сўзга чиққанлар томонидан сабзавот ва полиз экинлари уруғчилигининг бугунги кундаги ҳолати, мавжуд муаммолар, жумладан, уруғларнинг сифати пастлиги, соҳада малакали мутахассислар етишмаслиги, мамлакатда етиштирилаётган уруғларнинг экин турлари, навлари ва миқдори бўйича маълумотларнинг ягона базаси йўқлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Иштирокчилар томонидан республикада сабзавот ва полиз экинлари уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қадоқлаш, сотиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, уруғчилик бўйича халқаро ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш каби таклифлар ўртага ташланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ