"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 сентябрь, душанба.

АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР ТЕРИЛАЯПТИ,

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР ТЕРИЛАЯПТИ,

бироз вақт ўтиб навбат руккола ва розмарин экспортига келади

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона манбаи ер бўлса, экин майдонларидан  унумли фойдаланиш муаммонинг бирламчи ечимидир. Шунга монанд, юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида кундалик эҳтиёж учун зарур ҳамда экспорт учун талаб юқори бўлган полиз, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу борада тадбиркорларга, деҳқон ва фермер хўжаликларига қатор имтиёзлар, шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Албатта, фурсатни бой бермай, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётган, изланиш, интилиш натижасида янги ташаббусларга қўл ураётган, нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириб, яхши даромад топаётган, ўз имкониятларини янада ошириб бораётган деҳқону тадбиркорларимиз, ер эгалари  бисёр.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган Нишон туманидаги “Нуристон диёри” масъулияти чекланган жамияти ҳам ички бозорда муваффақият қозониб, қадамба-қадам жаҳон бозорига кириб бораётган ана шундай субъектлар сирасига киради.

- Бугун жаҳон бозорига чиқмасдан туриб катта ютуқларга эришиш қийин, - дейди жамият раҳбари Тўлқин Расулов.   – Буни Президентимиз ҳам жуда кўп маротаба таъкидламоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга эътибор қаратаяпмиз. Турли давлатлар бозорларини ўрганиб, ҳам ўзимизнинг шароитда яхши ҳосил берадиган, ҳам жаҳон бозорида талаб юқори бўлган экинлар рўйхатини тузиб чиққан эдик. Розмарин ва руккола экинлари етиштириш лойиҳамиз ана шу ўрганишларимиз натижаси.

Тадбиркорнинг айтишича, розмарин совуққа чидамли, 5 даража иссиқликда ҳам яхши ўсади, кўп сув талаб қилмайди. Руккола эса уруғидан кўпайтирилади, иссиққа чидамсиз, унинг майсаси майин, барглари  шифобахш ва иштаҳа очувчи хусусиятга эга. Европа ошхоналарида ҳар иккала ўсимлик кўкатидан кенг фойдланилади. Шунингдек, фармацевтика соҳаси ва озиқ-овқат саноати учун ҳам улар муҳим хомашё ҳисобланади. Энг асосийси, ушбу кўкатларни юртимиз иқлим шароитида бемалол етиштириш мумкин.

Ҳозирда субъект томонидан тажриба тариқасида розмарин ниҳоллари кўпайтирилмоқда. Уларнинг асосийси буюртмачиларга тарқатилади. Ҳали аҳоли орасида ушбу экин парвариши оммалашмаган бўлса-да, даромадбоплигини ҳисобга олиб, бунга ҳавасманд бўлаётганлар кўп. Шундан келиб чиқиб, ҳозир 3 мингдан ортиқ кўчат тайёрланмоқда. Йил охиригача буюртмачиларга 50 мингдан ортиқ ўсимлик кўчати етказиб берилиши режалаштирилган.

- Ҳозирланган ерда 15 минг туп розмарин ниҳоли ўтқаздик, - дейди Тўлқин Расулов. – Янги кўчат ерга мослашиб, тутиб кетиши учун уни кунда парвариш қилиб туриш керак. Бу жараён бир ой давом этади. Агар кўчатлар тўлиқ униши таъминланса, ҳар бир туп    соғлом кўчатдан 3 йил давомида барра майса олинади.

Айтишларича, нимжон бўлган кўчат осонгина касалликка  чалиниши мумкин. Шу боис уларни турли хил зараркунандалардан асраш, ўргимчак кана ва занг касаллигидан ҳимоялаш парваришнинг энг муҳим шартларидан ҳисобланади. Аҳамиятли жиҳати, ҳозирда иссиқхона шароитида парваришланаётган розмарин ва руккола маҳсулотини сотиб олиш учун россиялик ишбилармонлар олдиндан  бўнак тўлашган.

- Саккиз йил аввал қурган 1,5 гектарлик иссиқхонамизга одатда  маҳаллий полиз ва сабзавот экинларини парваришлаб келар эдик, - дейди табдиркор. -  Эндиликда бу ерда аччиқ қалампир етиштиришни йўлга қўйдик. Илк бор  ўтган йилнинг ноябрь ойида 40 мингдан зиёд “Қоратол” навли кўчат тайёрлаб, иссиқхонага ўтқазган эдик. Айни вақтга келиб ҳосил теришни бошладик. Олинган маҳсулотни ички бозор билан бир қаторда, россиялик ҳамкорларимизга пешма-пеш етказиб бераяпмиз.

Бундан ташқари, жамиятда  иссиқхона шароитида дашт анжири, лимон, кабачки ва хориждан келтирилган қимматбаҳо атиргул турларини кўпайтириш ҳам йўлга қўйилган. Бу ишлар ортидан эса ҳудуддаги 35 нафардан ортиқ фуқароларнинг мавсумий бандлиги таъминлангани айни муддао.

Дилфуза ЖУМАЕВА