"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

ЕРНИ БОҚСАНГ, У СЕНИ БОҚАДИ

Қишлоқ хўжалиги
Tipografiya

Томорқа – хазина

ЕРНИ БОҚСАНГ, У СЕНИ БОҚАДИ

Куз деҳқонлар учун муҳим давр. Бу палла кузги донни майсалатиб олиш,  ерни сифатли шудгорлаш, ток кўмиш, янги кўчат, шунингдек, “тўқсонбости” экинлари уруғлари, данакни ерга қадаш каби ишларни бажаришнинг айни фурсатидир. 

Касби туманилик Камол Темиров бу йил ҳам томорқасида етиштирган кечки помидордан яхши ҳосил кўтарди. Рўзғордан ортгани бозорга ҳам чиқди. Даромад чўғи ёмон эмас.

- Бу йил помидор экилган ерга келаси йили бодринг ва эртачи картошка экиш ниятидаман, - дейди у. – Шундай қилинса, алмашлаб экиш орқали ернинг унумдорлиги ортиб, тупроқдаги турли зарарли ҳашаротларни йўқотиш мумкин.

Бир неча йилдан буён деҳқончилик қилиб, тажрибаси ошиб бораётган томорқачининг таъкидлашича, йилига икки-уч бор экин экилиши ернинг “ориқланиши”га олиб келмаслиги учун маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланишар экан.

- Ерни ағдаришдан олдин тупроққа махсус чиритилган қорамол ва парранда гўнги соламиз, - дейди томорқачи. - Шунда ерга чуқур аралашган маҳаллий ўғит қишнинг ёғин-сочин кунларида тупроқни “кўпчитади”. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гектарига ўн тонна қорамол гўнги солинганда, тупроққа 40 килограмм азот, 25 килограмм фосфор ва 50 килограмм калий, 35 килограмм кальций, 15 килограмм магний, 200 килограмм органик моддалар тушади. Бундан кўриниб турибдики,  маҳаллий ўғит, яъни оддий гўнгнинг ер ҳосилдорлигини оширишда аҳамияти катта. Қорамол, от, парранда, қўй гўнги билан бирга ипак қурти ғумбаги, хазон, ем-хашак бўлмайдиган полиз экинлари палагининг қолдиқлари кабилар ҳам экологик жиҳатдан зарарсиз ўғит ҳисобланади.

Боғ ишига ҳавас қўйган косонлик томорқачи Шуҳрат Жўраев эса бугун олти сотихлик томорқасидаги мевали дарахтларни буташ, оқлаш, уларга ихчам шакл бериш билан машғул.

- Бу йил ёш дарахтларимиз тўлиқ мевага кирди, турли навдаги янги токлар эса ўзининг нишона ҳосилини берди, - дейди у. – Ерни боқсанг, ер сени боқади, деганларича бор экан. Ёши улуғларимиз буни бежиз айтишмаган. Шу мўъжазгина боғдан олаётган даромадимиз эвазига рўзғорга қут-барака кирди.

Рўзғорнинг файзу барака манбаига айланаётган томорқа қаровига чин кўнгилдан меҳр билан ёндашилса, меҳнатга яраша ризқу насиба зиёда бўлишини англаган, яхши билган томорқачи айни пайтда дарахтларни кесиш билан банд.

- Маълумки, ток совуққа чидамсиз, уни кўмиб ёки ўраб қишки қаттиқ совуқлардан асраш мумкин, - дейди Шуҳрат Жўраев. – Бунинг учун токларни кесиб, новдаларини бириктириб боғлаймиз ва эски девор кесаклари ёки иссиқ еган тупроқ билан кавланган чуқур бўғзини тўлдириб, кўмилади. Шунда ток баҳорга қадар куч тўплайди.

Ўз томорқасию боғида шу каби юмушларни бажараётганлар учун кузнинг ҳар куни ғанимат. Бу даврда эртанги ҳосил ғамини ўйлаб, пухта иш қилинса, ҳосилдорлик ва томорқа самарадорлиги йилдан- йилга янада ортиб бораверади. 

Дилфуза ЖУМАЕВА