"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

21 сентябрь, жума.

15 МИНГ ТОННАГА ЯҚИН МЕВА-САБЗАВОТ 15 ДАН ЗИЁД МАМЛАКАТГА ЖЎНАТИЛДИ

Сўнгги янгиликлар
Tipografiya

Қашқадарё ва дунё

15 МИНГ ТОННАГА ЯҚИН МЕВА-САБЗАВОТ 15 ДАН ЗИЁД МАМЛАКАТГА ЖЎНАТИЛДИ

Маълумки, юртимизда ташқи иқтисодий фаолият, аниқроқ айтганда, хорижга товар сотиш билан шуғулланаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт божхона божларини тўламайди. Президентимизнинг 2017 йил 15 декабрдаги "Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ жорий этилган бу каби имтиёз ва қулайликлар амалда албатта ўз самарасини бермоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан вазни 14 минг 575 тоннага тенг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Хорижий ҳамкорларга асосан олма, гилос, помидор, пиёз, карам ва кўкат сингари сархил ноз-неъматлар етказиб берилган. Асосий харидорлар сифатида Россия Федерацияси, Корея, Латвия, Қозоғистон каби ўн бешдан ортиқ мамлакатни санаш мумкин.

Айни кунларда ҳам воҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти авжида. Вилоятнинг Косон, Чироқчи, Миришкор ва Ғузор туманларида етиштирилган хуштаъм қовунлар "Oltin voha agro invest" ва "Gold fruit exim" масъулияти чекланган жамиятлари томонидан Россия Федерацияси, Латвия ва Қозоғистон республикаларига пешма-пеш жўнатилмоқда. Рақамларга эътибор қаратсак, 17 июнь ҳолатида 149 тонна қовун экспортга чиқарилганига гувоҳ бўламиз.

- Зиммамиздаги вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ҳар куни 24 соат давомида божхона расмийлаштирувини амалга оширмоқдамиз, - дейди вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги "Насаф" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Ғани Бозоров. - Бундан ташқари, экспортёрлар вақтини ва маблағини тежаш учун божхона расмийлаштирувлари интернет тармоғи орқали масофадан туриб, онлайн тарзда тезкорлик билан бажариб берилмоқда. Олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатиб, июнь ойининг ўтган даврида қарийб тўрт минг тонна мева-чева, сабзавот ва полиз маҳсулоти экспорт қилинишига эришилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз серқуёш заминида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мазали, тотли, экологик тоза ва витаминларга бой экани билан дунёга танилган. Бугун ушбу мева-сабзавотларнинг хориж бозорларида харидоргир бўлиб бораётганини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Азиза ХУШВАҚТОВА,

вилоят божхона бошқармаси инспектори