"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ХАЛҚ ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТИБ, УНИНГ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ – ЮКСАК ШАРАФ

Йилнома
Tipografiya

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

ХАЛҚ ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТИБ, УНИНГ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛИШ – ЮКСАК ШАРАФ

Бугун сизу биз билан юртдош-замондош бўлиб, айни дориломон кунларда яшаётган, ўзини Ватан, миллат олдида бурчли санаган инсон борки,  ҳозирги ва келажак авлодлар олдида юксак масъулиятни ҳис этади. Бу халқимиз менталитетига хос, азал-азалдан ота-боболаримиз амал қилиб келган қараш аслида. Буни шунчаки қараш деб таърифласак, камлик қилар балки? Бу ҳақиқий инсоний туйғу, ёрқин истак, юксак қадрият. У билан бугунимиз фаровонлиги юксалиб, эртамизга ишонч ортади, дилда янгидан-янги эзгу орзу-истаклар бўй кўрсатади, кўзланган аниқ манзилга элтувчи нурафшон йўл муқаррарлиги таъминланади.

Шу маънода мушоҳада қилсак, кўз ўнгимизда халқимизни бирлаштириб турган муштарак мақсад намоён бўлади. Ана шунга ҳамоҳанг муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан 2017 йил - "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши ҳамда эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон  давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қуриш борасида қилинган даъват мамлакатимиз жамоатчилиги томонидан кенг қўллаб-қувватлангани, мамнуният билан қарши олингани моҳиятан халқ иродасини ифода этиб, барчани инсон манфаатларига хизмат қилишга ундади. Зеро, бунинг негизида давлатимиз раҳбари қайд этганидек, "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ" деган олижаноб мақсад ва вазифалар ётибди. Яна бизни эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини қуришдек ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият бирлаштиради.

Афсуски, истиқлолга қадар муайян даврда халқимиз на ўзи, на эртаси ҳақида қайғура олди. Бунга йўл берилмаган ҳам. Бу даврда инсон манфаатлари ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча, бефойда эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида қайд этилганидек, "Ўзбек халқининг неча минг йиллик тарихида қандай мураккаб даврлар, оғир синовлар бўлганини барчамиз яхши биламиз".

Ваҳоланки, "Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ва биз эришган оламшумул ютуқлар мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчилик, тўсиқ ва синовларни ўз кучи ва иродаси билан енгиб ўтишга қодир" эканлигини яққол кўрсатди. Биз ана шундай "букилмас ирода, фидойилик ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топишига бағишлаган устоз ва мураббийларимиз, замондошларимиз билан чексиз   фахрланамиз". Шу билан бирга, мамлакатимизнинг бугунги раҳбарияти уларга муносиб издош бўлиб, олижаноб мақсад - изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш сиёсатини амалда давом эттираётганидан мамнунлик туямиз.

Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ўтган йили кутилмаганда юз берган вафоти халқимизни чуқур қайғуга солиши баробарида, "энди мамлакатнинг эртаси нима бўлади?" деган ўйга толдирди. Қайғули йўқотиш сабаб муддатидан олдин ўтказилган Президентлик сайловида мураккаб даврлар, оғир синовларни кўп бора бошидан ўтказган ўзбек халқи дадил туриб, яна бир бор ўз иродасини намойиш этди. Сайловда Улуғ Йўлбошчига муносиб издош бўлган, узоқ йиллар у киши билан елкама-елка туриб ишлаган фидойи инсон Шавкат Мирзиёев кўпчилик овоз билан мамлакат Президентлигига сайланди. Энди одамлар дилидаги қандайдир ҳадик ўрнини ёрқин келажак тасаввурлари банд этдики, халқ ўзига муносиб янги Йўлбошчини танлаган эди. Ўз навбатида, сайланган Президент ҳам "Бугун дунёдаги шиддатли глобаллашув шароитида, халқаро майдонда турли манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган, жаҳон иқтисодий-молиявий инқирози давом этаётган кескин бир вазиятда Ўзбекистонга раҳбарлик қилишдек улкан масъулиятни зиммамга олаётган эканман, мен аввало кўпни кўрган, донишманд халқимизга, сиз, азизларнинг ёрдам ва кўмагингизга таянаман ва ишонаман", дея қайд этди. Бу билан давлат раҳбари ўз халқига, халқ эса Президентга содиқлигини, суянишини намоён қилди. Ана шу ўзаро ишонч турибди бизнинг осмонимиз мусаффолиги, қўлга киритаётган барча ютуқларимиз замирида, десак муболаға эмас.

Яна бир жиҳат борки, қайси юртда адолат ҳукмрон бўлса, ўша замин одамлари ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Ишлайди, интилади, яратади. Ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоясига шай туради. Шу боис буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтадики, "Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!" Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимида бу чуқур маъноли ўгит ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарурлигини уқтирди. Бинобарин, адолат халқ ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўртасидаги ишонч мустаҳкамлигини, инсон манфаатларини таъминлашнинг бош мезонидир.

Бугун Президентимиз барча бўғин раҳбарларини халқ ичига киришга, аҳолининг ўй-ташвишлари, орзу-истаклари билан ўртоқлашиб, муаммоларини жойида ҳал этишда кўмаклашишга чақираяпти. Энди "халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак"лиги айтилди. Бу борада шахсан Шавкат Миромоновичнинг ўзи ўрнак кўрсатиб, виртуал қабулхона орқали юз минглаб одамларнинг мурожаатларини тинглаяпти, уларда келтирилган таклифлар кўриб чиқилиши ва кўтарилган масалаларга ечим топилиши тизимли йўлга қўйилган. Бундан адолат истаган киши адолат топаяпти, оддий одамлар ҳам ўз фикрини айтиб, қарашларини баён этиб, давлат ишларининг фаол иштирокчисига айланди.

Давлат раҳбарининг бевосита жойларда бўлиб халқ билан мулоқотга киришаётгани эса одамларнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартирмоқда. 

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида, 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятида бўлди. Ана шу ташрифлар чоғида кечган мулоқотларда ушбу Оролбўйи минтақаларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида келгусида қилинадиган катта ишлар ҳақида батафсил гапирилди.  Албатта, бундай изчил ислоҳотлар ўзида халқ иродасини ифода этгани билан аҳамиятли ва бунинг замирида халқ фаровонлигини таъминлаш, муносиб турмуш учун мавжуд шарт-шароитларни юксалтириш, энг муҳими, одамларни ҳаётидан рози этиш, инсон манфаатларига хизмат қилиш мақсадлари мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар", деб қатъий белгиланган. Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатда ана шу қоиданинг амалдаги ифодасини кўраяпмиз. Бундан халқ руҳланаяпти, одамлар ҳаётидан мамнун бўлиб, рағбат топаяпти. Катта-катта марраларни кўзлаяпти, яратишга, юрт равнақи учун меҳнат қилишга иштиёқи ошаяпти. Энди қуйи бўғин раҳбарлари ҳам демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқ ичига кираяпти. Зеро, мақсад аниқ - эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини бирга қурамиз!

Камолиддин КАРИМОВ