"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – АДОЛАТ МАСКАНИ

Йилнома
Tipografiya

2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – АДОЛАТ МАСКАНИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир" дея таъкидланган. Зеро, озод элу халққина мустақил давлат ташкил қилади ҳамда орзу-умидларини шу давлат орқали амалга оширишга интилади. Халқ ва давлат манфаатлари муштарак, орзу-интилишлари ҳамоҳанг бўлган тақдирдагина буюк ишлар рўёбга чиқади. Шунга мувофиқ халқнинг фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда дарду ташвишини енгиллаштириш давлат хизматчиларининг бурчидир.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, бугунги кунда фаолият юритмоқда. Халқ қабулхоналарининг асосий вазифаси халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга доир қонуний ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши, мурожаатларнинг ўз вақтида тўлиқ, холис ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш, аҳолининг давлат органларига мурожаат этишдаги ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборатдир.

Ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 6 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида"ги қарори ва жорий йил 10 мартдаги фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати таркибига киритилди.

Ўтган бир ойдан ошиқ муддат давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонасига 330 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, бу мурожаатларнинг 58 таси ёзма, 272 таси оғзаки мурожаатдир. Алоҳида таснифлаганда эса 47 таси уй-жой ва ер, 40 таси иш билан таъминлаш, 26 таси соғлиқни сақлаш, 30 таси моддий ёрдам олиш, 19 таси суд-ҳуқуқ, 20 таси кредит олиш, 20 таси пенсия ва қолганлари бошқа масалаларга тааллуқлидир. Муҳими, уларнинг аксарият қисми, яъни тўқсон фоизга яқини  туман миқёсида ҳал қилинадиган мурожаатлардир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Китоб тумани Халқ қабулхонасида қабулхона ходимларининг беш кунлик қабулидан ташқари туман ҳокими ва ўринбосарлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари раҳбарларининг қабул қилиш куни, вақти белгиланиб, аҳолига етказилди.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қўйилаётган масала қаерда, қайси давлат ёки хўжалик бошқаруви идораси, қайси мансабдор шахс билан ва қачон ҳал қилиниши борасида аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини кўпайтиришимиз керак.

Масалан, бир фуқаро ўз мурожаатида ер участкаси олиб берилишини сўраган. Ваҳоланки, уй-жой қуриш учун ер участкаси фақат ким ошди савдоси орқали берилади. Нафақа ва моддий ёрдам бериш масаласи эса фақат маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш комиссиясида ҳал қилинади. Шунинг учун дастлаб ана шу идораларга мурожаат қилиш, агар улардан ҳеч қандай жавоб ёки самара бўлмаса, кейин юқори идораларга хат йўлланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Қолаверса, ота-боболаримиз уйдаги гапни кўчага чиқаришни, хонадонидаги ҳолатни ошкор қилишни, бошқалардан бирор бир моддий нарса сўрашни ор билишган. Бугунги кунда оила сирларини кўчага достон, эр-хотин ва қайнона-келин можаролари ҳақида дунёга жар солишни одат қилганлар кўплиги ачинарлидир. Бундай масалаларни азалий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ нормалари билан ҳал қилишга эришмоғимиз керак.

Албатта, асоссиз ва ноқонуний талаб билан мурожаат қилаётган барча фуқарони ҳаёту давлатдан рози қилиш қийин. Аммо уни ҳам ноҳақлигига ишонтириш ва тўғри йўлни кўрсатиш бизнинг бурчимиздир. "Ёзувчилик"ни одат қилиб олган, содда одамларга асоссиз шикоятлар ёзиб бериб, "ҳожатбарорлик"ни касб қилиб олганлар борлиги ҳам сир эмас. Туҳмат ва иғводан иборат мурожаат муаллифларининг жавобгарлик масаласини қатъий кўриб чиқмоқ керак.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, айрим давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг мурожаатларни кўриб чиқишга масъулиятсизлик билан қараётгани, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати бузилаётгани, айрим раҳбарлар фуқароларни қабул қилиш вақтида муомала маданиятига риоя қилмаслиги ҳам фуқароларнинг юқори турувчи идораларга шикоят билан чиқишларига сабаб бўлмоқда. Мазкур муаммоларни бартараф қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Халқ қабулхоналари мудирларига тегишли топшириқлар  берилган.

Фуқаролар билан очиқ ва ошкора мулоқот қилиш, ҳокимият ва бошқа давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг сайёр қабуллари аҳолини ўйлантириб келаётган ҳолатлар кўплигини кўрсатмоқда.

Хўш, аҳолини ташвишга солаётган асосий муаммолар нималардан иборат? Улар қайси масалалар бўйича кўп мурожаат қилаяпти? Таҳлилларга назар ташласак, халқимизнинг умумий бойлиги бўлган ерларнинг қонунсиз равишда талон-торож қилинаётгани, хусусан, ноқонуний қурилишлар, захирадаги ва дарёларнинг ҳимоя зоналаридаги ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, шунингдек, фермер хўжаликлари ва турли хусусий корхоналарда ишлаётган ишчиларга меҳнат дафтарчалари юритилмаётгани, уларга иш ҳақлари ўз вақтида берилмаслиги каби муаммолардир.

Шу билан бирга, бандликка кўмаклашиш маркази томонидан иш билан таъминлаш талаб даражасида эмаслиги, корхона ва ташкилотларда квота асосида иш жойлари ажратилмаётгани, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашдаги айрим сохтакорликлар, фермер хўжалиги раҳбарлари аҳолига ер сотиб "тирикчилик" қилишни одат қилишгани, коммунал корхоналар ходимлари электр ва газ тўловларини амалга оширишда фирибгарликка йўл қўяётгани каби муаммолар билдирилмоқда. Айни пайтда соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасаларида содир бўлаётган қилмишлар, таълим-тарбия ва маънавий-маърифий соҳадаги ишларни яхшилаш борасида зудлик билан чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар айтилган.

Фуқароларимиз қўяётган ҳар бир масала ва муаммога жиддий эътибор қаратиш, уларнинг ечимини топиш, нотўғри, норози кайфиятда юрган фуқароларни жамият ва давлатдан рози қила олиш давлат хизматида турганларнинг биргаликдаги бурчидир. Айни дамда аҳолининг айрим қатламларини боқимандалик кайфиятидан қайтариш, ҳаёт, яхши яшаш тинимсиз ва самарали меҳнат эвазига келишини тарғиб қилмоғимиз ҳамда уларга меҳнат қилиш ва шунга яраша иш ҳақи олиши учун имконият яратиб бермоғимиз керак.

Асосийси, давлат хизматида бўлган ҳар бир раҳбар ва  ходим ўзига юклатилган вазифага масъулият билан ёндашиши зарур. Қонунларимизда фуқаролар мурожаатига эътиборсизлик, масъулиятсизлик билан қараган раҳбар ва ходимларнинг жавобгарлик масаласи аниқ белгилаб қўйилган. Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир" дея   бежиз таъкидламаган. Зеро, давлат хизматида бўлиш элу халққа ҳалол ва виждонан хизмат қилиш учун берилган имкониятдир.

Абдишукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири