"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

МУРОЖААТ МАДАНИЯТИ

Йилнома
Tipografiya

Барчага дахлдор масала

МУРОЖААТ МАДАНИЯТИ

масаланинг тез ва тўлақонли ечим топишида нечоғлик аҳамиятга эга?

МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШНИНГ ЗАМОНАВИЙ КЎРИНИШИ

Ҳар бир мурожаат – бир тақдир. Унинг ортида кишиларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар турибди. Кимнингдир дарду ташвиши, орзу-ўйлари мужассам уларда. Хўш, мурожаат қачон қаноатлантирилган ҳисобланади? Албатта, белгиланган муддатда кўриб чиқилса ва унда келтирилган ҳар бир важ асосли ечимини топса. Бироқ бунинг учун ҳар икки томон ўз ўрнини, масъулиятини билиши, англаши керак. Масъулиятки, хат йўллаган фуқародан ҳам, уни кўриб чиқаётган мансабдор шахсдан ҳам ўзига хос маданиятни талаб қилади.

Маълумки, сўнгги ярим йилда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Тўғри, Бош қомусимизда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида жавобгар эканлиги, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бироқ бу борада шу пайтгача сансалорлик, қоғозбозлик ва эътиборсизликка йўл қўйиб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Буни биргина Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, сўнгра Президентнинг виртуал қабулхонасига қисқа муддатда бир неча юз минглаб ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушганидан ҳам билиш қийин эмас.

Ана шуларни ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бир вақтнинг ўзида 3 та янги тузилма ташкил этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармаси ҳузуридаги фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда республикамиздаги ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманида Президентнинг халқ қабулхоналари очилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Мақсад нима? Албатта, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, пировардида аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш. Бу борада давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар томонидан ташкил қилинаётган сайёр қабуллар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, мазкур қабуллар қўл учида, номига ўтказилмаяпти. Муаммоларга жойида ечим топилаяпти, аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Мурожаатларнинг кўриб чиқилишига масъулиятсизлик билан қараган ёки қонунчилик ижросини таъминлашга бефарқ бўлган ҳар бир масъул шахсга нисбатан эса қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.

Эътибор бераётган бўлсангиз, мурожаатни кўриб чиқувчи шахс зиммасига жуда катта масъулият, ўз навбатида жавобгарлик юкланаяпти. Хўш, мурожаат қилувчи гарданида ҳам бирор масъулият ёки вазифа борми-йўқми? Бор. Энг аввал, мурожаатда масаланинг моҳияти аниқ баён этилиши ҳамда у туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, ваколати бўйича тегишли идорага йўлланиши зарур. Бор-йўғи шу. Қийин эмас, тўғрими?

УЙДАГИ ГАП НЕГА КЎЧАДА ҲАЛ ҚИЛИНИШИ КЕРАК?

Халқимизда одоб-ахлоқ юксак қадрланади. Ҳар нарсага шу нуқтаи назардан ёндашилади, ёндашишга ҳаракат қилинади. Оддийгина салом бериш, овқатланиш, кийиниш, юриш-туриш каби кундалик юмушларни олайлик. Уларни ҳам одоб билан бажаришга интиламиз. Шундай экан, нега мурожаат қилишда ўзига хос одоб, маданият бўлмаслиги керак? Энди бир ўйлаб кўрайлик. Биз ўзимизни мурожаат этиш борасида маданиятли санай оламизми? Дарду ташвишларимизга ечим топишда, оғиримизни енгил қилишда яратилган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдалана олаяпмизми?

- Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қўйилаётган масала қаерда, қайси давлат ёки хўжалик бошқаруви идораси, қайси мансабдор шахс билан ва қачон ҳал қилиниши борасида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар кўп, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири Абдишукур Омонов. - Масалан, бир фуқаро ўз мурожаатида битта ҳовлида кўпчилик яшаши туфайли ер участкаси олиб берилишини сўраяпти. Ваҳоланки, уй-жой қуриш учун ер участкаси фақат ким ошди савдоси орқали берилади. Ёки фуқароларимиз оилавий шароити қийинлигини айтиб, кўплаб юқори идораларга чиқишади. Аслида бунга ҳожат йўқ. Чунки моддий ёрдам масаласи фақат маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги комиссияда ҳал қилинади. Шунинг учун дастлаб ана шу идораларга мурожаат қилиш, агар улардан ҳеч қандай жавоб ёки самара бўлмаса, кейин юқори идораларга хат йўлланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Чиндан ҳам масала аниқ қўйилган ва тўғри йўлланган бўлса, муаммо тезда бартараф этилади. Айрим фуқаролар томонидан ариза ва шикоятлар бирданига бир неча давлат ва нодавлат идораларга юборилаётгани, қайта-қайта мурожаат қилинаётгани эса хат ва шикоятларнинг асоссиз кўпайишига олиб келади. Мурожаатда кўтарилаётган масала билан бевосита шуғулланмайдиган ташкилотларга ҳам хатлар йўлланиши, қайси масалани ким кўришини ўйлаб ўтирмай, тўғри келган идорага мурожаат қилиш оқибатида қанча киши овораю сарсон, аслида битта ташкилот қаноатлантирадиган масала ортидан ўнлаб идоралар жавоб хатлари ёзишга мажбур бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши дардини элга дастурхон қилишдан аввал обдан ўйлаб, яқин кишиларига маслаҳат солиб, муаммони даставвал маҳалла-кўй иштирокида ҳал қилиш чораларини изласа, ҳар томонлама яхши бўлмайдими? Қолаверса, ота-боболаримиз “Уйдаги гапни кўчага чиқарма”, “Кенгашли тўй тарқамас” дея бежиз айтишмаган.

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, айнан қуйи бўғинларда бу хусусда тушунтириш берилмагани ва муқаддам қилинган мурожаат эътиборсиз қолдирилгани туфайли ҳам уйдаги гап кўчага, ташқарига олиб чиқилишига сабаб бўлаяпти...

ТОМНИ КИМ ЁПИБ БЕРАДИ?

- Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир фуқаронинг давлат раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкони яратилгани ниҳоятда катта ҳодиса, - дейди исломшунос Нурали Мавлонов. – Кимдир бундан унумли фойдаланиб, ўзига ва жамиятга наф келтираётган бўлса, бошқалар фақат шахсий манфаатлари, ҳатто ғараз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ачинарлидир. Биргина виртуал қабулхонани олиб кўрайлик. Уни жорий этишдан асосий мақсад халқнинг дардини эшитиш, уларга кўмаклашиш, тадбирли режаларида ёрдамлашиш, уларнинг бахти, камоли, эртанги кунига қаратилган эди. Бироқ мазкур манзилга келиб тушаётган айрим мурожаатларни ўқиган, эшитган ёки ўрганган онинг ҳайрон қоласан киши.

Нотўғри йўл тутган ўғлининг тақдиридан хавфсираб, унга берган машинасини олиб қўйган отага аччиқ қилиб автомашина олиш мақсадида пул сўраб мурожаат қилган ёш йигитнинг мурожаатига нима дейиш мумкин?! Ота-онасининг дунё ўз бағрига сиғдиролмас орзулари оламида тарбияланган яккаю ягона фарзанд бугун катта бўлиб, қўллари қаварган меҳрибонларининг ёнида бўлиш, уларнинг хизматини қилиб, дуоларини олиш ўрнига ота-онасидан аразлаб, улар билан бирга яшашдан ор қилиб, танҳо яшаш мақсадида порталдан чора излаганига-чи?! Ўзига тўқ, билагида кучи бор одам  “Томимнинг шифери учиб кетди, қайта ёпишда ёрдам берсангиз”, дея мурожаат қилганида қандай мантиқ бор?

Яна кимнингдир бошқа бировга аччиқ қилиб: “Бир кўрсатиб қўяй!”, яна бирининг: “Бир ёзай-чи, нима бўлар экан? Ростдан ҳам ўрганишарканми?” қабилида мурожаат қилаётгани ҳам тушунарсиз. Яна уларнинг “Ёздим. Ўрганишди. Барибир натижа бўлмади. Қоп-қоп ваъдалар ҳаммаси қоғозда экан-да...”, деган хулосага келиши ажабланарли. Бу мурожаатлар давлатимиз раҳбари кутган – халқ дарди эмас, иллат-ку!..

Дейлик, кимдир тадбиркорлик қилиш ниятида. Бунинг учун унда салоҳият ва иқтидор бор, бироқ молиявий имконият йўқ. Марҳамат, тегишли   идораларга мурожаат қилиб, ёрдам олсин, тадбиркор бўлсин, иш ўринлари яратсин. Мавжуд имкониятлардан шу тариқа ҳам фойдаланса бўлади-ку. Қачонгача шахсий манфаат, фақат манфаат изидан қувамиз? Жамият, одамлар учун фойда келтирадиган таклиф-мулоҳазаларни қачон билдирамиз?

МУРОЖААТДА ҲАМ МАНТИҚ БЎЛСИН

Шундай ҳолатлар ҳам борки, айрим мурожаатлар 50-60 варақдан иборат бўлади. Анча вақт сарфлаб, хатни охиригача ўқийсизу унда айнан нима мақсад кўзда тутилган, фуқаро қандай масалада кўмак кутаяпти, деган саволга жавоб топиш мушкул. Демакки, бу мурожаат билан қай тартибда ишлаш ҳам мураккаб бўлиб қолади. Яъни унда келтирилган мавҳум масалалар билан қайси идора шуғулланади, ундан кўзланган мақсад-муддао нима ўзи, билиб бўлмайди. Аёнки, мурожаат қанча мухтасар ва аниқ бўлса, у билан ишлаш шунча осонлашади.

Шу билан бирга, баъзи кишилар томонидан хатнинг таъсирини кучайтириш учун битта масала юзасидан ўнлаб ташкилотларга хат йўлланади. Масалан, “Нусхаси...” дея Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага каби. Аслида бу масалани маҳалла фуқаролар йиғини кўриб чиқади. Дейлик, ўша хатда келтирилган рўйхатда маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам номи келтирилган бўлса, бошқа идоралар хатни қай тартибда кўриб чиқиши керак? Ёки агар нусхаси тегишли идорага юборилган бўлса, бошқа жойда уни маълумот сифатида қабул қилиш керакми?

Умуман олганда, бундай хатлар замирида қуйи ташкилотларга ўзини кўрсатиб қўйиш истаги бордай туюлади. Яъни маҳаллага Олий Мажлис орқали хат келса, масала тезроқ ечимини топади. Аммо юқорида айтганимиздек, “Нусхаси...” кўринишида юборилган хатлар ваколати доирасига кирмагани учун кўплаб идораларда қоғозбозлик, вақт сарфига олиб келади.

Айрим ҳолларда уюштирилган мурожаатларга, яъни “заказ” билан ёзиб берилган хатларга ҳам дуч келамиз. Дейлик, хатда келтирилган фуқаро бир жойдан, уни ёзаётган киши бошқа ҳудуддан. Аввалдан ўзаро таниш ҳам бўлишмаган. Улар бунга сабаб қилиб бир кишининг манфаатини юзага чиқариб беришаётганини айтишади. Аммо бунда қандайдир манфаат борлиги сезилиб туради.

Аслида тушунарли ёзилган ва тегишли жойга юборилган хат ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилади. Бунга шубҳа йўқ. Кимлардир буни билмай, фалончи ариза ёзиб берар экан, деб турли “ёзғувчи”ларга нималарнидир тиқиштириб, охир-оқибатда ўзлари сарсон бўлгани қолади. Ана шундай “манфаатли ариза”ларнинг олдини олиш мақсадида барча туман (шаҳар)ларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилдики, энди аҳоли вакиллари тўғридан-тўғри бу масканларга бориб, бор дарду ташвишларини баён қилишлари мумкин.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ БАРЧА БЎҒИНДА БИР ХИЛ ВАКОЛАТ ВА КУЧГА ЭГА

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунинг учун вилоят, туман, шаҳар Халқ қабулхоналарида барча шароит ва имкониятлар яратилди. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш зали замонавий жиҳозланган. Шароитларки, ҳар қандай диди нозик кишининг ҳам эътиборини тортади. Ушбу муассасаларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича тажрибага эга, амалдаги қонунчиликдан яхши хабардор мутахассислар  фаолият кўрсатмоқда. Бироқ бу борада ҳам фуқароларимиз эътибор қаратиши зарур жиҳатлар кўзга ташланиб қолмоқда.

- Биринчи навбатда, мурожаат қилувчилар қабулхоналарга паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан келиши лозим, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов. - Иккинчидан, барча даражадаги Халқ қабулхоналари, у Нишон туманида бўладими ёки Чироқчи, мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқишда бир хил ҳуқуқ ва ваколатга эга. Барча қабулхоналар ходимлари Ўзбекистон Президенти девони ходими ҳисобланади. Шунинг учун фуқаролар аввало ўзлари яшаб турган туман, шаҳардаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилса, ўртага қўйилаётган масалага ўша ҳудуднинг ўзида тезкор ечим топиш имконияти ошади. Туман, шаҳар Халқ қабулхонаси мудири ҳам келиб тушган мурожаат ечими юзасидан нафақат ўша ҳудуд, балки вилоят   миқёсидаги ташкилотларга ҳам чиқиши мумкин. Яна бир муҳим масала – қабулхоналарга мурожаат қилиш, мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсия олишда ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.

***

Бир ўйлаб кўринг. Мулоҳазасиз, ўйланмасдан қилинган мурожаатлар қанчадан-қанча сарсонлик, оворагарчиликларни юзага келтиради. Сарф этилган ортга қайтмас вақт, кўз нурлари, электр қуввати, қоғозлар... Буларнинг ҳам ҳисоби бор, исрофи бор. Бу исрофга мурожаат маданиятига риоя қилмаётганимиз сабаб бўлмаяптимикан?!

Б.ЎКТАМ