"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июнь, шанба.

МАСЪУЛИЯТ КАМАЙСА, МУРОЖААТ КЎПАЯДИ

Йилнома
Tipografiya

Халқ қабулхонаси – адолат маскани

МАСЪУЛИЯТ КАМАЙСА, МУРОЖААТ КЎПАЯДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил қилинган Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизимини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.

Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Касби туманидаги Халқ қабулхонаси мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, ўрганишлар ҳудудда аҳолини қийнаб келаётган муаммо ва камчиликлар мавжудлигини, бунга айрим раҳбар ва мутасаддилар панжа орасидан қараб келишганини кўрсатмоқда.

Маълумки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ёки текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкинлиги, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилиниши лозимлиги қайд этилган.

Бироқ туман ҳокимлиги, бандликка кўмаклашиш маркази, молия бўлими ва пенсия жамғармаларида ўтказилган текширишларда мазкур қонун нормалари бузилиши ҳамда ушбу қонун талабларига тўлиқ риоя этилмагани аниқланган. Шунга асосан тегишли қонун талабларини бузган 40 нафардан ошиқ мансабдор шахс маъмурий ва 5 нафар мансабдор шахс интизомий жазога тортилиши  таъминланди.

Мисол учун, АТ “Халқ банки” туман филиали томонидан Касби қишлоғида яшовчи Акмалжон  Бозоровнинг чорва моллари сотиб олиш учун кредит бериш тўғрисидаги мурожаати уч ойдан ошиқ муддат ичида ҳал қилинмасдан, фуқаронинг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Касби туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан туман ҳокимлиги архитектура ва қурилиш бўлимига юборилган фуқароларнинг мурожаатлари ифодаланган хатлар белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган, қонунда белгиланган муддатлар асоссиз равишда ўтказиб юборилиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига сабабчи бўлинган.

Бундай қонунбузилишга йўл қуйган АТ “Халқ банки” Касби туман филиали бошқарувчисининг ўринбосари Ж.Жўраев, туман ҳокимлиги архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Б.Ражабов Халқ қабулхонасининг таклифи асосида маъмурий ишлар бўйича туман суди томонидан тегишли маъмурий жарима жазосига тортилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом талабига хилоф равишда Хўжаки маҳалла фуқаролар йиғини томонидан В.Зариповага 2 ёшга тўлмаган фарзандини тарбиялаши учун тайинланган нафақа тўлови ведомостларига бошқа шахслар номини  киритиш йўли билан 1 миллион 601 минг 950 сўм тўланмаган.

Бундай қонунбузилиш ҳолатига Талишбе маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам йўл қўйилган бўлиб, айбдор шахслар интизомий жазога тортилиб, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, Д.Авазованинг 2 ёшли боласи учун нафақа тайинлаш тўғрисидаги мурожаати Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғини томонидан қонунга хилоф равишда узоқ муддат давомида кўриб чиқилмаган.

Касби қишлоғида яшовчи Р.Абдиеванинг пенсияга чиқиши учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни беришни сўраб қилган мурожаатлари бўйича АТ “Халқ банки” Миришкор ва Касби туман филиаллари томонидан ҳеч қандай  муносабат билдирилмаган. Оқибатда Р.Абдиева тўлиқ иш стажига эга бўлмаган ҳолда пенсияга чиққан. Халқ қабулхонасининг аралашуви билан унинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар 2017 йил июнь ойида олиниб, пенсия миқдори оширилган.

Касби туман молия бўлимида ўтказилган текширишда аниқланишича, 41-мактаб ўқитувчиси Д.Шераловага 2016 йил август ойидан буён ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси берилмаган. Бундай қонунбузилишларга йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чоралар кўриш, қонунбузилишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаш ҳақида тегишли давлат органларига  таклифлар киритилди.

Шу билан бирга, Хўжахайрон қишлоғида яшовчи З.Асадова, Дўстлик маҳалласида яшовчи Р.Исмоилов, Н.Ражабова, Қамаши қишлоғилик О.Хўжаев, муғлонлик З.Тоштемирова, Д.Бозорова, Қорахўжа қишлоғида яшовчи Э.Сувонов, деновлик Р.Ботированинг мурожаатлари асосида мазкур фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва шифохонада даволанишлари таъминланди.

Қўриқ қишлоғида яшовчи А.Салоҳиддинов, Янги қишлоқ маҳалласилик Т.Муродовнинг мурожаатлари бўйича эса уларнинг яшаш уйларига электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Месит қишлоғида яшовчи Т.Жўраевнинг яшаб турган ҳовлисидаги трансформатор, 10 кВли ҳаво линияси ва устунларни кўчириш, Қодиробод қишлоғида яшовчи М.Эргашева, Пандирон қишлоғида яшовчи И.Шомиевнинг электр энергиясидан асоссиз қарздорлик ҳисоблангани тўғрисидаги мурожаатлари истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинди.

Хўжа Касби маҳалласида яшовчи А.Азизовнинг болалар спорт мактаби ёнидан ўтадиган қишлоқларни бирлаштирадиган йўлнинг асфальт қилинмагани ҳақидаги мурожаати мутахассислар жалб қилинган ҳолда текширилиб, 2017 йил манзилий дастурига 400 метр йўлни асфальт қилиш лойиҳаси киритилди ва таъмирлаш режасининг иккинчи босқичи билан бажариш мўлжалланди.

Қайд этиш лозимки, мурожаатларда айрим мансабдорлар томонидан йўл қўйилган масъулиятсизликдан норозилик ҳолатлари кўп бор тилга олинмоқда. Шунга асосан И.Чориева, Қ.Мирзаев, О.Хайитов, Б.Каримов, Р.Хайитоваларнинг “Касби пахта тозалаш” акциядорлик жамиятидаги дивиденд пуллари, “Тиловов Эшонқул бобо” фермер хўжалиги раиси Н.Эшонқуловнинг 2016 йилдаги пахта ҳосили пуллари, О.Қобиловнинг пилла уруғини боқиб топширгани учун тўланиши лозим бўлган маблағ берилмагани бўйича мурожаатлар ижобий ҳал қилинди.

Қўриқ қишлоғида яшовчи Г.Шарипова мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб, ҳомиладорлик ва туғруқ таътилига чиққан. Таътилдан қайтганидан сўнг ўз лавозимида ишини давом эттириш ўрнига унга 0,25 меъёрда тўгарак раҳбари иши берилган. 2015 йил 1 апрелда эса у яна ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан. Оилавий шароити оғирлиги туфайли мактаб директорига бир неча марта ишга чиқишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилган, лекин унга ўз фаолиятини давом эттиришга рухсат берилмаган.

Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2009 йил 15 январдаги қўшма қарори талаблари бузилгани аниқланиб, Г.Шариповани ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш, уни ишга тиклаш тўғрисида протест киритилиб, қонун талабларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.

Майманоқ қишлоғида яшовчи К.Ҳасанов эса 1955-1958 йилларда Венгрия республикасида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган, 1956 йил 23 октябрдан 10 ноябрь кунига қадар Венгрияда қўзғолонни бартараф этишдаги урушда қатнашган. Шу сабаб уруш қатнашчисига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги ҳақида билишни истаб ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаат атрофлича ўрганилиб, фуқарога Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори 1-иловасига асосан уруш қатнашчиларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида ёзма тушунтириш берилди.

Қайд этиш жоизки, амалиётда фуқароларнинг тергов ва суд ишларидан норози бўлиб Халқ қабулхонасига мурожаат этиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасига кўра, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга ушбу қонуннинг амал қилиши татбиқ этилмайди.

Яъни фуқаролар хўжалик, маъмурий, фуқаролик ва жиноий ишлар юзасидан чиқарилган қарорлар, тергов ва суриштирув ҳаракатлари устидан қонун нормаларида белгиланган тартибда юқори турувчи судга, прокурорга шикоят қилишлари  мумкин.

Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасига кўра, фуқаролар мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ҳаракатлари бўйича судга мурожаат этишлари мумкинлиги белгиланган. Халқ қабулхонасига бу ҳақда мурожаат этган фуқароларга қонун талаблари бўйича тушунчалар бериб борилмоқда.

Умуман олганда, ҳар бир мансабдор шахс    мурожаатлар ортида кимнидир қийнаётган муаммо, камчилик, ташвишли ҳолат, керак бўлса, инсон ҳаёти, тақдири турганини чуқур ҳис қилиши, ижро интизомига қатъий риоя қилиши даркор. Зеро, мурожаатларнинг кўпайишига қайсидир мансабдорнинг масъулиятни сусайтиргани ҳам сабаб эканини эсдан чиқармаслик керак.

Абдуали ХОЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Касби туманидаги Халқ қабулхонаси мудири