"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 июнь, шанба.

МАҲАЛЛАДА МУРОЖААТЛАР БИЛАН ҚАЙ ТАРТИБДА ИШЛАНАДИ?

Йилнома
Tipografiya

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

МАҲАЛЛАДА МУРОЖААТЛАР БИЛАН ҚАЙ ТАРТИБДА ИШЛАНАДИ?

Аксарият кишилар зарурат туғилмаса, мажбур бўлмаса, турли идораларга ҳуда-беҳуда бориб юрмайди, шикоятлар ёзмайди. Ким ҳам бирор амалдор қабулида сарғайиб, умидвор бўлиб ўтиришни истайди? Албатта, ҳеч ким. Шуни унутмаслик керакки, қаерда ноқонуний хатти-ҳаракат, адолатсизлик ва эътиборсизлик бўлса, шу жойда мурожаатлар, "ёз, ҳа ёз" кўпаяди.

Умумий мурожаатлар таҳлили аксарият шикоят ва аризалар қуйи бўғинларда, нари борса маҳалланинг ўзида ҳал бўлишини кўрсатмоқда. Айни шу бўғинда масъулиятсизлик, ўз ишига жиддий ёндашмаслик оқибатида фуқароларимиз оддий маиший масалалар юзасидан ҳатто давлат раҳбарига мурожаат қилишга мажбур бўлишаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонасига мурожаат қилаётган аксарият фуқаролар ҳам мурожаати тегишли қуйи ташкилотларда ҳал бўлмагани учун ариза ёзаётганликларини билдиришган. Шунга мувофиқ Халқ қабулхонаси ходимлари ўз ваколати доирасида давлат идоралари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мурожаатлар билан ишлаш аҳволини ўрганиш, бу борадаги қонунлар бузилишининг олдини олиш чораларини кўриб бормоқда.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз "Ўнбошининг ишини юз боши, юзбошининг ишини мингбоши, мингбоши ишини амир бажармаслиги керак", деган эканлар. Демакки, биркитилган масъулият маҳалла мутасаддилари зиммасидами, буни уларнинг ўзи ҳал қилиши, ечим топиши шарт.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлдаги "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори қабул қилинган. Намунавий низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартибини белгилайди. Низомда ариза, таклиф, шикоят, аноним мурожаат, мурожаатнинг дубликати, такрорий мурожаат ва электрон мурожаат каби тушунчалар қўлланилади. Фуқаролар йиғинларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари томонидан мувофиқлаштирилади.

Фуқароларимиз ҳар қандай масала юзасидан маслаҳат сўраб ёки нажот излаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бориши мумкин. Маҳаллада ишловчи масъул ходимлар фуқарога муаммоси қаерда, ким билан ва қандай ҳал қилиниши борасида тўғри йўл-йўриқ кўрсатиши керак. Ўзлари билан боғлиқ масалаларни жойида ҳал қилиш чорасини кўриши шарт.

Хўш, маҳалла мутасаддилари мурожаатлар билан қай тарзда ишлаши керак? Бу борадаги тартиб-таомиллар нималардан иборат?

Тегишли тартибга кўра, ҳар бир маҳаллада мурожаатларни рўйхатга олиш журнали юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилувчи шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатнинг такрорийлиги, назоратга олинганлиги тўғрисидаги белги, ижрочининг исми ва фамилияси ёзилиши керак. Маҳалла масъул котиби мурожаатни рўйхатга олиш китобига қайд қилиб, ҳисобга олиш карточкасини тўлдиради ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмига рўйхатга олиш штампини қўяди.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади. Рўйхатга олинган мурожаатлар тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай фуқаролар йиғини раисига киритилади. Резолюция қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида масъул котиб мурожаатни ижро этувчи сифатида белгиланган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходимига имзо қўйдирган ҳолда беради.

Маҳалла раиси мурожаат ўзига тегишли бўлмаса беш кун муддат ичида мурожаатни тегишли органга юборади. Бу ҳақда муаллифга маълум қилади. Ариза ёки шикоят албатта мурожаат қилувчи иштирокида кўриб чиқилиши керак. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мурожаатларни кўриб чиқишга тегишли мутахассисларни чақириши мумкин. Мурожаатга жавоб хати мурожаат этилган тилда баён қилиниши мақсадга мувофиқ. Мурожаат қилувчига жавоб берилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади.

Назоратга олинган мурожаат маҳалла раиси ёки унинг ўринбосари томонидан назоратдан чиқарилади. Мурожаатлар ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш талаб қилса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Таклифлар эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши, натижалари ҳақида ўн кун муддатда таклиф киритган шахсга ёзма равишда маълум қилиниши керак. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати маҳалла раиси томонидан қисқартирилиши ҳам мумкин.

Аноним мурожаатлар ва қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар эса кўриб чиқилмайди. Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда масъул котиб томонидан хулоса тузилиб, маҳалла раиси томонидан тасдиқланади.   

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида маҳалла раиси тасдиқлаган жадвал асосида белгиланган кунлар ва соатларда    жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш ташкил этилади. Сайёр шахсий қабуллар маҳалла раиси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Маҳалла масъул котиби мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва таҳлил қилиб боради. Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда қонун талабларини бузган шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.

Кўриб турганингиздек, маҳалла мутасаддиларининг мурожаатлар билан ишлаш тизими аниқ-тиниқ баён этиб қўйилган. Бироқ айрим маҳаллалар масъуллари ана шу талабларга риоя қилмаётгани сабабли маҳалланинг ўзида ҳал қилинадиган масала юзасидан юқори идораларга келиб тушадиган мурожаатлар сони кўп. Аҳолини давлатдан рози қилиш барчамизнинг биргаликдаги бурчимиз экан, бу борадаги ишларни қуйи бўғинлардан яхшилаш чораларини кўришимиз керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Китоб тумани Халқ қабулхонаси мудири