"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

23 январь, чоршанба.
As soon as you open an account Bet365 will send you a 10 digit Offer Code via email. Receive Your £200 bet365 Welcome Promo Bonus plus £50 Mobile Promo

ФАНДАГИ ЖАСОРАТ

Йилнома
Tipografiya

Қашқадарё олимлари

ФАНДАГИ ЖАСОРАТ

Америка Қўшма Штатларида дунёда ноёб биография институти фаолият кўрсатади. Институт томонидан журнал ҳам нашр этилади. Халқаро фахрий китоб мақомидаги журнал саҳифаларида жаҳон фани ривожига ҳисса қўшган олимлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Унга машҳур ўзбек олими, академик Асқар Ғаниевич Холмуродов номи ҳам киритилган.

ИЛМДА ИЛК ОДИМЛАР

Мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ Асқарнинг биологияга айрича меҳри бор эди. Шунинг учун ўрта мактабни битириб, Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) биология-тупроқшунослик факультетига ўқишга кирди. Беш йил давомида Теша Зоҳидов, Ёлқин Тўрақулов, Аҳрор Тўлаганов каби таниқли педагог-олимлардан таълим олди. Факультет раҳбарияти университетни муваффақиятли тугатган қобилиятли бу талабани аспирантурада ўқишга тавсия қилди. 1961 йилда Украина Фанлар академиясининг биокимё институтига қарашли академик Ростислав Чаговец раҳбарлик қилаётган витаминлар биокимёси лабораторияси аспирантлигига қабул қилинди.

Биологиянинг ажралмас қисми ҳисобланган микробиология оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган микроорганизмлар хусусиятларини ўрганади. Микроорганизмлар, яъни бактерия, вирус ва замбуруғлар ҳисобига табиатда кўпгина моддалар алмашинуви рўй беради, органик моддалар чирийди, ноорганик маҳсулотлар ҳосил бўлади. Айрим микроорганизмлар эса одамлар ва ҳайвонлар учун хавфли бўлиб, турли касалликларни келтириб чиқаради.

Асқар Холмуродов ўша даврдан бошлаб, микроорганизмларни миллион марта катталаштириб кўрсата оладиган микроскоп билан ҳамроҳ бўлди, шу кўринмас олам сирларини ўрганишга жиддий киришди. Рус ва инглиз тилларини яхши билгани учун ўқишда қийналмади. Кўп ўтмай, “биология фанлари номзоди” илмий даражасига эришиш учун илмий-тадқиқот ишларига киришди. Лабораторияда улкан микроскоп олдида ўтириб, сабр-тоқат билан тинимсиз микроорганизмлар устида кузатув ва изланишлар олиб борди. 25 ёшида илмий ишини якунлаб, фан номзоди бўлди ва Ўзбекистонга қайтди. Икки йил Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли механика, биокимё ҳамда зоология ва паразитология институтларида дастлаб кичик, кейин катта илмий ходим бўлиб ишлади.

ФАН ОСМОНИДАГИ ЁРУҒ ЮЛДУЗ

1966 йилги Тошкент зилзиласидан кейин оилавий шароитидан келиб чиқиб (у украин қизи Людмила Швачкога уйланган, Алишер исмли ўғли бор эди), ўша йилнинг кузида Киевга қайтиб кетишга мажбур бўлди. Уни олимлик йўлига бошлаган қадрдон илм даргоҳи – Украина Фанлар академиясининг Александр Палладин номидаги биокимё институтига катта илмий ходим вазифасига қабул қилинган Асқар Холмуродов яна илмий ишга шўнғиб кетди. Устози академик Чаговец раҳбарлигида докторлик диссертацияси устида илмий иш олиб бориб, 1974 йил 24 ноябрда уни муваффақиятли ёқлади. Олимнинг номзодлик ва докторлик илмий ишларининг  натижалари нафақат функционал ва молекуляр витаминология ҳақида замонавий қарашларни ривожлантиришга ёрдам берди, балки янги препаратлар ишланмаларини яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳам асос бўлиб хизмат қилди. Бета-пиколин моддасидан мураккаб кимёвий технология асосида синтез қилиб олинадиган ва тиббиётда, чорвачиликда кенг қўлланиладиган никотин кислотаси чет элдан валютага сотиб олинарди. Асқар Холмуродов никотин кислотаси ўрнини босадиган корник препаратини яратишга муваффақ бўлди. Бу кашфиёти учун собиқ иттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасининг иккита медали ва Украина Фанлар академиясининг Александр Палладин номидаги мукофотига сазовор бўлди.

Витаминли премикс Асқар Холмуродов томонидан яратилиб, балиқ етиштириладиган сув ҳавзаларини бойитувчи ва тўйинтирувчи восита сифатида кўпдан буён қўлланилиб келинмоқда. Муҳим физиологик фаол бирикмалар – витаминлар, коферментларнинг микроб ҳужайраларидаги биосинтез усуллари ҳам бевосита унинг кашфиётидир.

Академик Чаговец истеъдодли ва изланувчи шогирди билан фахрланар, унинг биокимё соҳасида эришаётган ютуқларидан мамнун бўлар, ворисликка лойиқ деб биларди. Шунинг учун кексайиб қолган машҳур олим 1976 йил февраль ойида ўзи раҳбарлик қилаётган институтнинг витаминлар биокимёси бўлимини бошқаришни Асқарга топширди. У мазкур бўлимда ўн йил мудир бўлиб ишлаб, устозининг функционал микробиология ва витаминология бўйича тадқиқотларини давом эттирди ва ривожлантирди, шу билан бирга, бу соҳанинг янги йўналишларини асослаб берди. Бу даврда олим биокимё фанининг кўплаб мутахассисларини тарбиялади, уларнинг номзодлик ва докторлик илмий ишларига раҳбарлик қилди. Ўша йилларда нуфузли илмий журналларда эълон қилинган 200 дан ортиқ мақола ва нашр қилинган асарлари биокимё адабиёти олтин хазинасидан жой олди. Олим, шунингдек, витаминологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган икки йирик монографиянинг ҳаммуаллифидирки, улар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмай, витаминшунос олимларнинг энг зарур қўлланмалари ҳисобланади.

Инглиз, рус, украин, поляк тилларини яхши билган Асқар Холмуродов Стокгольм, Копенгаген, Москва, Рим, Будапешт, Дрезден, Загреб, Вильнюс, Ереван каби дунёнинг кўпгина шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий анжуманларда қатнашиб, маърузалар қилди. Дунёдаги йирик илм даргоҳларидан бири, биотехнология факультети ҳам мавжуд бўлган Исроилдаги Хайфа технология институтининг таклифига мувофиқ Асқар Холмуродов икки марта бу мамлакатга сафар қилиб, институт олимлари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди. Ўзбек олимининг микробиология ва биотехнология соҳасидаги фаолиятига қизиқиб қолган исроиллик ҳамкасблари унга ҳамкорлик таклиф этишди.

Жаҳондаги йирик биотехнология марказлари рўйхатида турадиган Буюк Британиядаги Брайтон университети микроблар таъсирини юзага чиқаришда ирсият масалаларини татбиқ қилиш юзасидан йирик халқаро дастурни амалга оширишга киришган эди. Бу соҳадаги тадқиқотни ўтказишга жалб этилган дунёдаги таниқли олимлар қаторида Асқар Холмуродов ҳам борлиги унинг илмий салоҳияти бутун дунёда тан олинганининг исботидир.

Биология фанлари доктори, профессор Асқар Холмуродовнинг Украинада кечган чорак асрдан кўпроқ фаолияти фақат бир илмий даргоҳда – Украина Фанлар академияси биокимё институтининг витаминлар биокимёси бўлимида, унинг лабораторияларида, микроорганизмлар дунёсини намоён этадиган микроскоплар олдида ўтди. Тинимсиз изланиш ва тадқиқотлар, ўқиш-ўрганиши туфайли кўплаб кашфиётлар яратиб, украин микробиология фанининг витаминология бўлимига асос солди. Функционал биокимё ва витаминология соҳасида дунёга танилган олим даражасига етди. Ҳамкасб олимлар уни “фан осмонидаги ёруғ юлдуз” дея тан олди.

ВАТАН ФАНИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Асқар Холмуродов Украинада узоқ йиллар яшаб, қадрдон институти, аҳил олимлар жамоаси билан бир оила фарзандидек бўлиб қолганига қарамай, ўз юртига қайтиб, Ўзбекистон фанини ривожлантиришга хизмат қилишни орзу қиларди. Ниҳоят, унга Тошкентдан Ўзбекистонда ишлаш таклифи келди. Бу таклифни хурсандчилик билан қабул қилган олим 1985 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти директори этиб тайинланди. Мазкур илмий-тадқиқот институти унинг раҳбарлиги даврида илмий жиҳатдан бутунлай  янгиланиб, тез орада илмий ишлар ва биокимё соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича собиқ иттифоқда олдинги ўринга чиқиб олди.

Деҳқонларга яхши маълумки, экилган чигит, агар ёғингарчилик кўп бўлса, тез униб чиқмайди, тупроқ остида чириб кетиши ҳам мумкин. Бунинг олдини олиш учун чигит экилишидан олдин махсус препарат билан ювилади, аммо у одамга ва атроф-муҳитга зарар келтириш хусусиятига эга эди. Асқар Холмуродов бошлиқ институт жамоасининг изланишлари натижасида экологик жиҳатдан тоза янги препарат яратилиб, пахтакорларга етказиб берилди. Олимларнинг яна бир кашфиёти ҳам пахтачиликда кенг қўлланмоқда. “Биопалан” деб аталадиган бу препарат ғўзанинг касалликларга чидамлилигини ошириб, юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим омил бўлмоқда. Омборларда донни узоқ муддат сақлаш имкониятини берувчи янги препарат ҳам шу институт лабораторияларида яратилди. Шунингдек, бу ерда оқова сувлар таркибини тозалаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, халқ хўжалигига татбиқ этилди. Умуман, Асқар Холмуродов бошқарган институтнинг 20 дан ортиқ илмий ишланмалари юксак иқтисодий ва ижтимоий самара бериб, республика озиқ-овқат саноати, пахтачилик, ем-хашак ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш соҳаларига татбиқ этилди. Изланувчан олимнинг халқ хўжалиги билан боғлиқ тадқиқот ишлари, шулар асосида рўёбга чиқарилган кашфиёт ва ишланмалари илмий доираларда юксак баҳоланди. 1987 йилда Асқар Холмуродов Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1988 йил  октябрида Фанлар академиясининг Бош илмий котиби этиб сайланди. Бир йил ўтиб, академиянинг ҳақиқий аъзолигига сайланган олим “академик” илмий даражасига сазовор бўлди. Истиқлол йилларида илм-фан ривожига сезиларли улуш қўшди.

МАНГУ БАРҲАЁТ НОМ

Унинг илм-фан ва парламент соҳасидаги жўшқин фаолияти кутилмаганда тўхтаб қолди. 1997 йил 17 январда  бутун умрини фанга бахшида этган, матонат ва жасорат кўрсатиб, унинг чўққиларини қадам-бақадам забт этишга муяссар бўлган, дунёга танилган олим даражасига етган академик Асқар Холмуродов 58 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Эски Яккабоғ шаҳарчасининг Мучингузар маҳалласида туғилган аллома ота-онаси мангу қўним топган Кўктош ота қабристонига дафн этилди.

Олим хотираси унинг яқинлари, шогирдлари қалбида мангу қолди. Яккабоғлик журналист ва ёзувчи Ҳаким Сатторий Украина ва Ўзбекистонда  Асқар Холмуродов билан бирга ўқиган, ишлаган ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, таълим берган устозлари, яккабоғлик қариндош-уруғларининг олим ҳақидаги хотираларини жамлади. 2009 йилда бу хотиралар “Яккабоғда тоғлар ҳам бор. Академик Асқар Холмуродов қиссаси” номли китоб бўлиб, нашрдан чиқди. 18 бетлик китобда академик ва профессорлардан тортиб, уни билган ва таниган оддий инсонларнинг ҳам самимий хотиралари жой олган.

Академик “Агар яқинларим орасидан менинг ишимни давом эттирувчи инсон чиқса, ҳам хурсанд бўлардим, ҳам фахрланардим”, деганди. Бугунги кунда унинг ишларини жияни – синглиси Саида опанинг қизи Адолат Ўринова давом эттирмоқда. Тоғаси билан бирга Микробиология институтида фаолият кўрсатган Адолат 2007 йилда “биология фанлари номзоди” илмий даражаси учун диссертацияни муваффақиятли  ёқлади. Ҳозир шу институтнинг Сув ва маъданлар микробиологияси лабораториясида катта илмий ходим бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Бу эса истеъдодли олим, заҳматкаш инсон бошлаган йўлдан унинг издошлари дадил бораётганидан далолатдир.

Мўмин АЗИЗОВ, журналист