"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

МУТАСАДДИЛАРНИНГ БЕФАРҚЛИГИ БОИС

Йилнома
Tipografiya

Халқ қабулхонаси – адолат маскани

МУТАСАДДИЛАРНИНГ БЕФАРҚЛИГИ БОИС

кўп йиллик муаммолар ўз ечимини топмай келган

Президентимиз ташаббуси билан жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, сансалорлик, қоғозбозлик каби иллатларни бартараф этиш, йиллар мобайнида аҳолини қийнаб келаётган муаммо ва камчиликларни самарали ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур жараёнда нафақат фуқаролар муаммоларини ҳал этиш, балки  мутасаддилар масъулиятини ошириш имкони ҳам юзага келмоқда. Ўз навбатида, Президентимиз таъкидлаганидек, мурожаатлар билан ишлаш вақтинчалик кампания эмас, халқнинг дарду ташвиши билан яшаш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича доимий давом этадиган ишдир.

Мурожаатлар билан ишлаш жараёнини Нишон тумани мисолида кўрсак, ўрганишлар 15-20 йиллардан бери ечимини топмаётган муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Давлат ташкилотлари масъул шахслари билан бир қаторда аҳолининг ҳам бепарво, лоқайд муносабатда бўлиб келгани бунинг бош омили.

Масалан, тумандаги 2-мактабда ўтказилган сайёр қабулда Нишон ҳамда Гулзор маҳаллалари фуқаролари аҳолини ичимлик, шунингдек, оқова сув билан таъминлашда жиддий муаммолар борлигини билдиришди. Бу борада туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар раҳбарларига  йиллар давомида такрор ва такрор мурожаат қилинган бўлса-да, шу пайтгача ҳеч ким унинг ечими билан жиддий шуғулланмаган.

Маълум бўлишича, ҳақиқатдан ҳам ушбу маҳаллалар аҳолисига ичимлик суви ҳам, оқова сув ҳам етиб бормаган. Томорқалар сув йўқлиги боис бўш ётибди. Боз устига айни шу ҳудудлар аҳолисини зах сувларининг кўтарилиши ташвишга солаяпти. Зах сувларини қочириш учун ер остидан ўтказилган қувурлар айрим фуқаролар томонидан ёпиб қўйилгани боис ер ости суви  сатҳи тобора юзага кўтарилмоқда. Маҳалла раиси ва профилактика инспекторига қонунбузарларни тартибга чақириш юзасидан қилинган мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган. Ер ости сизот сувлари ҳосил бўлиши натижасида уйлар, ҳовли деворлари, молхоналар ўпирилиб тушаяпти. Буларнинг барчаси катта-кичик бўғиндаги раҳбарлар, давлат ва хўжалик органлари ходимлари халқ билан мулоқот қилишни деярли унутиб қўйганини кўрсатади.

Келинг, шу ерда фуқаро Х.Муҳаммадиеванинг мавжуд муаммоларни ҳал этишни сўраб ёзган мурожаати қайси ташкилотларда неча йиллаб “айланиб” юрганига бир назар солсак. Нишон тумани ҳокимлигига 2015 йил 15 июлда йўлланган мурожаат дастлаб “Нишондавсувмахсуспудрат” ДУК директори Ғ.Мирзажоновга, кейин мелиоратив  экспедиция бошлиғи Б.Бўриевга, ундан ўтиб Нишон тумани ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасига, ундан туман ҳокими ўринбосари Ш.Норқобиловга, туман молия бўлимига...

Буларнинг барчасида мурожаатлар назоратга олингани, тегишли ташкилотлар раҳбарларига кўрсатма берилгани ҳақида айтилган. Ваҳоланки, ушбу айни масаладаги кейинги мурожаатлар жорий йил бошларида вилоят ҳокимлигигача етиб келган, бу ердан “Қашқадарёсувлойиҳа” МЧЖ ва вилоят экология ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармасига, улар орқали Нишон тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси ва “Сув махсус пудрат” давлат унитар корхонасига эринмасдан узатилаверган. Лекин ҳалигача бирор бир масъул идора томонидан Нишон ва Гулзор маҳаллалари ҳудудларидаги зах сувларни чиқариш юзасидан аниқ амалий иш амалга оширилмаган.

Мурожаатларга жавоб йўллаётган масъуллар сизот сувларини чиқариш учун катта маблағ эвазига янги лойиҳалар асосида улкан ишлар бошланиши ҳақидаги таги бўш гаплар билан аҳоли қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиргандан кўра, сизот суви йўлини ёпиб олган фуқароларни маҳалла фаоллари билан инсофга чақириб, муаммони жойида ҳал қилишга ҳаракат қилишганда, у бунчалик чувалашмасди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги “Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар масъул шахслари томонидан мутлақо бажарилмаётгани натижасида ноқонуний қурилиш ҳолатлари бўйича эътирозлар битилган мурожаатлар кўп.

Албатта, мазкур масалалар назоратга олиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди.  Аслида уларни озгина эътибор билан ўз вақтида ҳал этиш имкони бор эди. Аммо айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, бепарволиги, сансалорлик бунга йўл бермаган.

Шуни унутмаслик керакки, қаердаки раҳбар масъулиятини сезмаса, ўша жойда мурожаатлар кўпаяверади.

Ф.ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нишон тумани Халқ қабулхонаси мудири