"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

17 август, жума.

ҲАҚИҚИЙ БАҲОНИ ХАЛҚ БЕР(А)ДИ

Йилнома
Tipografiya

Халқ билан мулоқот самаралари

ҲАҚИҚИЙ БАҲОНИ ХАЛҚ БЕР(А)ДИ

У кўприклар аллақачон ёниб кетган...

2017 йил ниҳояланаркан, айрим кишиларда бир фикр: “Мана, галдаги йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди. Нима, энди шу билан халқ билан бошланган мулоқот жараёнлари поёнига ет(а)дими?”

Бу саволга давлат раҳбарининг ўзи Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирда дангал жавобни берди.

- Бугунги кунда фуқароларимиз мансабдорлар олдига эмас, балки мансабдор шахсларнинг ўзи халқимиз олдига бормоқда. Бу – катта ўзгариш, - деди Шавкат Мирзиёев. – Айни вақтда кўп раҳбарлар булар ҳаммаси вақтинча, бир йиллик иш, деган хом хаёл билан юрибди. Аммо улар шуни қулоғига қуйиб олсин, кўприклар аллақачон ёниб кетган. Энди ҳеч қачон орқага қайтмаймиз.

Бу гапнинг яна бир тасдиғини Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрдик. 4 соатлик тадбир ҳаётимизнинг барча тармоқ ва жабҳаларини қамраб оларкан, асосий эътибор бир масалага қаратилди – инсон манфаатларини таъминлаш. Демак, халқ билан мулоқот жараёни келадиган йилда янада такомиллашадики, ўтаётган йилда уйғонган умид қатъий ишончга айланажак.

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ЖАРАЁНЛАРИ НИМА БЕРДИ ЎЗИ?

Дарҳақиқат, бизда йилларга ном бериш амалиёти бор эдию, бироқ бу қадар қамрови кенг тадбир амалга ошмаганди. Бўлмаса денг, фақат номини эшитганимиз, ўзини телевизордан бошқа жойда кўрмаганимиз – вазирлар, депутат ва сенаторлар, судья ва прокурорлар чекка-чекка қишлоқларда бўлиб, одамлардан ҳол-аҳвол сўрашини олдин тасаввур қила олармидик. Лекин энди бу тасаввуримизда собитмиз – буларнинг бари одатий ҳолга айланиб улгурди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар ижроси учун вилоятда 2 триллион 296 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани эса бу борадаги ишлар қуруқ гап, ҳол сўрашдан иборат бўлмай, кишиларнинг бирини икки қилиш, косасини оқартириш, бир сўз билан айтганда, ҳаётдан рози қилишга қаратилганини кўрсатади.

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ – АДОЛАТ МАСКАНИ

Жаҳонда бошқа бирор давлат раҳбарининг жойларда Халқ қабулхоналари борлиги ҳақида эшитмаганмиз. Бу – мутлақо янги амалиёт. Амалиётки, халқ манфаатларига хизмат қилади.

Эътиборлиси, ўтган давр мобайнида миллионлаб кишилар давлатимиз раҳбарининг Халқ қабулхоналаридан нажот топди, оғири енгил, мушкули осон бўлишида ёрдам олди.

Биргина вилоят мисолида оладиган бўлсак, вилоят Халқ қабулхоналарида шу вақтгача 26 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 20533 таси фуқаролар фойдасига ҳал қилинган, энг муҳим муаммоларга вақтида, жойида ечим топилган.

- Айрим тушунмовчиликларга кўра диний экстремистик оқим аъзолари рўйхатига кириб қолгандим, - дейди Қарши шаҳрилик Ф.Розиқов. – Масъул идораларга бориб учрашдим. Лекин ҳеч бир натижа бўлмади. Қарасам, бутун ҳаётим алғов-далғов бўладиган. Шаъним, обрўйим топталадиган. Шу орада Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ташкил этилгани жонимга ора кирди. Бориб, вазиятни тушунтирдим, амалий ёрдам сўрадим. Ўрганишлардан сўнг мени диний   экстремистик оқим аъзолари рўйхатидан чиқаришди. Хурсандман. Ўша кунларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Одамлар манфаатини ўйлаб қилинаётган ишлар мен каби кўплаб кишиларнинг ҳаётини, ёмонотлиқ бўлишдан сақлаб қолишига ишонаман.

Ёки биргина Деҳқонобод туманининг Дўстлик ва Мустақиллик маҳаллалари ўртасидан оқиб ўтувчи Кичик ўра дарёси устидаги кўприкнинг яроқсиз аҳволга келиб қолгани мазкур ҳудудларда яшовчи қарийб 10 минг аҳолини анчадан бери қийнаб келаётганини олинг. Йиллар давомида ҳал этилмай келаётган масала бўйича ҳудуд аҳолисининг Президент Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг мазкур муаммо ўз ечимини топди. Эни 3, узунлиги қарийб 100 метр бўлган кўприк таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бундай мисолларни юзлаб санаш мумкин.

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

Тан олиш керак: бир неча йил илгари давлат раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкони яратилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Ҳатто “Булар – бари номига, вақт ўтиб тўхтаб қолади” дегувчилар ҳам топилганди. Бироқ бугун виртуал қабулхонага бирор масала юзасидан шикоятми, таклифми, фикрми билдирмаган одамни топиш қийин юртимизда. Чунки интернет тармоғидаги мазкур қабулхона мурожаатлар билан ишлашда, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда муҳим воситага айланди. Халқнинг дардини эшитиш ва унга малҳам бўлишда қулайликлар туғдирди.

- Ўғлимнинг кўриш қобилиятида нуқсони бўлиб, уни даволатишга қийналиб, бормаган жойим қолмаганди, - дейди косонлик Моҳигул Шарипова. – Шундай кунларнинг бирида Президентнинг виртуал қабулхонаси орқали фуқароларнинг кўплаб муаммолари қисқа вақт ичида ҳал этилаётгани, барча масалага ечим топилаётганидан хабар топдиму, мурожаат қилдим. Сўнг зарур текширувлар ўтказилди, болам даволанди. Худога шукур, ҳозир соғлиғи яхши. Барчамиз мамнунмиз.

САЙЁР ҚАБУЛ – САМАРАЛИ УСУЛ

Маълумки, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар фуқаролардан тушаётган аризалар билан ишлашни ташкил этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил айни шу жойда намоён бўлмоқда. Вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, бошқа раҳбарлар томонидан йил давомида 600 дан зиёд сайёр қабуллар ўтказилгани, албатта, кичик рақамлар эмас. Булар ҳисоботларда қайд қилингани. Йўл-йўлакай ташкил қилинган қабулларнинг саноғи кўп. Дейлик, уларнинг ҳар бирида 10 кишининг муаммоси ҳал этилган бўлса ҳам бу – минглаб муаммолар ечилди, шунча кишининг давлатга ишончи  мустаҳкамланди, дегани.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ, прокуратура, божхона, солиқ, банк-молия ва бошқа кўплаб идоралар масъул ходимлари иштирокида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қийнаётган масалаларга жойида ечим топилаётгани янги ҳодиса бўлиши баробарида мансабдорларни халқ билан яқинлаштиргани аҳамиятлидир.

Бунда айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати раҳбари бошчилигида мунтазам ташкил қилинаётган сайёр қабуллар қамрови ва самараси билан алоҳида ўрин тутмоқда.

- Тўғрисини айтсам, шунча йилдан бери ҳолинг қандай, нималар билан бандсан, деб бирор киши келмаганди, - дейди Китоб туманининг тоғли қишлоғида яшовчи Мустафо Ниёзов. – Президент девонидан келишиб, яшаш шароитимни ўрганишгани мени қувонтирди. Тан олиш керак, баҳор-ёзда чиройли манзара бўлгани билан қишда тоғда яшаш осон эмас. Ҳаммаси сандалдаги лахчага қараб қолади: чой қайнатиш, овқат пишириш, исиниш дегандай. Беш бола билан қийналиб қолгандик. Бундай пайтда бировнинг ҳа дегани мадор бўлади-да. Шу вақтгача уйимизда газ плитаси йўқ эди, мана энди газли, плитали бўлдик. Бизни ҳам ўйлайдиган кишилар борлигидан хурсандмиз.

ЙЎЛ ХАРИТАЛАРИ

Жорий йилдан эътиборан ҳудудлардаги масалалар секторларга бўлинган ҳолда ўрганиладиган, ҳал этиладиган бўлди. Яъни ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идораси раҳбари бошчилигида аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, раҳбар-ходимлар масъулиятини ошириш, ҳар қандай бюрократия ва сансалорлик ҳолатлари юзага келишига қатъий равишда барҳам бериш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Аслида бу ҳам халқ билан мулоқот жараёнининг узвий қисми экани билан муҳимдир.

ҚОРАМОЛДАН ТИКУВ МАШИНАСИГАЧА

Гапнинг рости шуки, кишиларимиз меҳнаткаш, озгина мададдан катта рағбат олиб, ўзига ва жамиятга наф келтиришни билади. Шуни ҳисобга олган ҳолда вилоятда аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришлаш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 289,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Масалан, Китоб тумани Жовуз қишлоғида яшовчи М.Алиев узоқ йиллардан бери боғ яратишни орзу қилиб юрарди. Бироқ қўли калталик қилиб, бу ишни бошлашга жазми етмаётганди. Унинг орзуси жорий йилда ушалди: тижорат банкининг кредити эвазига у бугун катта боғ яратган, энди пул топиш эмас, уни қайси соҳага йўналтириш устида бош қотираяпти.

Шунингдек, кам таъминланган 300 оилага 311,4 миллион сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, 42 нафар киши Президент совғаси сифатида барча қулайликларга эга замонавий уйга эга бўлди. Шу билан бирга, 90 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва 30 нафар хотин-қизга маиший техника жиҳозлари берилиб, уларнинг манфаатдорлигини оширишга ҳисса қўшилганини ҳам қайд этиш ўринли.

- Уқубат, қийинчилик деган нарсаларни мана биздан сўранг, - дейди Қарши туманилик Шоҳиста Саъдуллаева. – Шундай шароитда одамга орзу-ҳавас қилиш ҳам эриш туюлиб қоларкан. Қарангки, бу йил бошимизга бахт қуши қўнди. Рўзғорни зўрға ўтказиб, амал-тақал қилиб турган жойимизда Президентимиз бизга уй совға қилдилар. Яна жиҳозлаб ҳам беришди. Тикув машинаси эса қувончимизни янада оширди. Биздек ҳимояга, кўмакка муҳтож одамни ташлаб қўймаган Президентимизга раҳмат. Яшашга иштиёқ, янги орзу-ҳавасларимизга умид беришганидан миннатдорман.

- Шу вақтгача бир ҳовлида уч рўзғор қийинчиликда яшаб келаётгандик, - дейди нишонлик Абдинаби Узоқов. – Алоҳида уй қуришнинг эса ўзи бўлмайди. Ногиронлик панд берган пайтлар ҳам бўлиб туради. Айтсам ишонмайсиз, кутилмаганда 3 хонали уйнинг эгаси бўлиб турибмиз-да. Хотиним тикув машинали бўлган. Қийинчилигимизни англаб, аҳволимизни тушунган Президентимиздан миннатдормиз. Меҳнатимиз, намунали ҳаётимиз билан жамият ривожига ҳисса қўшишга ваъда берамиз.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилда 32 массивда намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 523 та якка тартибдаги уй-жой қурилди. Арзонлаштирилган уйларга эса биргина шу йилнинг ўзида 936 оила кўчиб кирди. Буларнинг барчасидан албатта, одамларимиз манфаат кўрмоқда.

Ўтаётган йил том маънода ўзига хос давр бўлди. Даврки, кишиларга қанот бағишлайди. Бу йил давлат идораларининг халқимизга хизмат қилишини таъминлаш, ҳар бир одамнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, ҳаётга ва келажакка мустаҳкам ишонч билан яшашига эришишга ҳаракат қилинди ва бунга маълум маънода эришилди ҳам. Тўғри, олдинда қилинадиган ишлар ҳали кўп. Бироқ тўғрисини тан олайлик, бу йил чин маънода халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлаш йили бўлди. Аслида ҳар бир инсон бу дунёга ҳаётидан рози бўлиб, бахтли яшаш учун келади ва бунга унинг тўла ҳаққи бор. Энг муҳими, бунинг учун юртимизда муҳим, мустаҳкам пойдевор қуриб олинди. Энди қолгани осон кечади...

Н.ХЎЖАЕВ