"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

24 апрель, сешанба.

БУНЁДКОРЛИК ҒОЯСИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Йилнома
Tipografiya

2016 йил – Соғлом она ва бола йили

БУНЁДКОРЛИК ҒОЯСИНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Ўз поёнига етаётган 2016 йил – Соғлом она ва бола йили мобайнида соғлом болаларни тарбиялаш, оналарнинг сиҳат-саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, хотин-қизларга муносиб ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиш, аёлни эъзозлаш ва улуғлаш, унинг жамиятдаги ўрни ва мақомини юксалтириш борасида аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди ва мазкур кенг кўламли жараён фаол давом этмоқда. Зеро, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади, деган пурмаъно нақл замирида узоқни кўзлаган аниқ стратегия мужассам.

 

БУ ЮРТДА БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

Бугун юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёди ёшлардан иборат. Шу маънода вояга етаётган авлод билан ишлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етишига қаратилган 22 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори ва 30 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этиб борилаётгани соҳага бўлган эътиборни кўрсатади.

Мустақил Ватанимизнинг илк ордени ҳам “Соғлом авлод учун” деб номланади. Бунда чуқур рамзий маъно бор, албатта. Мазкур орден билан ёш авлоднинг соғлиғини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ва фарзандлар саломатлигини асраб-авайлаш, маънавий-интеллектуал етук қилиб ўстиришга катта ҳисса қўшаётган ва муваффақиятларга эришаётган юртдошларимиз тақдирланиши белгиланди. 1993-2016 йилларда 887 нафар фуқаро биринчи ва иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби бўлди.

Тараққий этган энг илғор давлатларни қўя турайлик, ҳатто дунёнинг ижтимоий деб тан олинган мамлакатларида ҳам мактаб таълимини пуллик асосга ўтказиш, бюджетдан тизимни молиялаштиришни қисқартиришга зўр берилаётгани сир эмас. Юртимизда эса таълим-тарбия масаласига устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Энг муҳими, таълим тизими маънан ва жисмонан баркамол шахсни камол топтириш ғоясига ҳамоҳанг кечмоқда. Энг чекка, олис ҳудудларда ҳам замонавий спорт мажмуалари барпо этилмоқда. Наинки болалар ва ёшлар, балки аҳоли кенг қатлами мунтазам спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилаяпти. Шу орқали оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш мақсади кўзлангани эътиборга молик.

Сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида эса 24 фоиздан 47 фоизга кўтарилди. 2005 йилда фарзандларимиз спортнинг 43 та тури билан шуғулланган бўлса, бугунги кунда бу рақам 59 тани ташкил этмоқда. Биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, таэквондо, муайтай, сузиш, синхрон сузиш, теннис, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда юксак шоҳсупаларга кўтарилмоқда.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ёшларни уй у ёқда турсин, иш билан таъминлаш ҳам мушкул муаммо бўлиб турган бир пайтда юртимизда 2014 йилдан “Камолот” уйлари барпо этила бошланди. Бир-биридан кўркам, қулай ва замонавий бундай хонадонлар юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашиб келаётган ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредитлари эвазига берилаяпти. Бугунгача “Камолот” уйларига 2,5 мингга яқин ёш оила кўчиб кирди.

ОНА ВА БОЛА СОFЛОМ БЎЛСА – ОИЛА БАХТЛИ БЎЛАДИ

25-30 йил аввал она ва боланинг бир хонада бўлишига рухсат этилмас, аёллар туғруқхонада ҳафта мобайнида қолиб кетар, бу пайтда чақалоқ болалар бўлимида сақланиб, уларга турли аралашмалар бериларди. Бугун туғруқхоналардаги шароитлар халқаро меъёрлар даражасига кўтарилди. Фарзанд дунёга келиши ҳамоноқ онаси қўлига берилмоқда, бола кўкрак сути билан озиқлантирилмоқда.

2015 йилдан эътиборан миллий эмлаш календари асосида 12 хил юқумли касалликка қарши эмлаш ишлари олиб борилмоқда. Вакциналар давлат бюджети ҳисобидан ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти орқали харид қилинмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оналар ва болаларга зарур даволаш хизматларини кўрсатиш учун ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар тиббиёт ходими тўғри келиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нафақат шаҳарлар, балки чекка қишлоқларда ҳам мавжуд. Болалар саломатлигига эътибор жиҳатидан ўнта ривожланган давлат сафидамиз. “Соғлом она – соғлом бола” миллий модели минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида эътироф этилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимида тиббий-генетик ташхис қўйиш хизмати муҳим ўрин тутади. Энг илғор ускуналар билан жиҳозланган скрининг марказлари тармоғи ривожланиши билан тиббиёт генетикаси соғлиқни сақлаш тизимида мутлақо янги йўналиш бўлди. У бугунги кунда соғлиғи заиф болалар туғилишининг олдини олишга ёрдам бермоқда. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида соғлиғи заиф аёлларнинг туғишига ёрдам берадиган ривожланган перинатал марказлар тармоғи вужудга келди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида эса оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш тизими моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадлари учун барча манбалар ҳисобидан 7,5 триллион сўм ва 190 миллион АҚШ доллари йўналтирилди. Дастур доирасида ўтказилган тадбирларда миллионга яқин туғиш ёшидаги аёллар, 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.

ЎЗБЕКИСТОН – АЁЛЛАР ОРЗУСИ УШАЛАЁТГАН, ИНТИЛИШЛАРИ РАFБАТЛАНТИРИЛАЁТГАН МАМЛАКАТ

Ўзбекистонда хотин-қизлар умумий аҳолининг 51,5 фоизини ташкил этади. Демак, уларнинг ўрни ва мавқеини ошириш, касбий ва интеллектуал салоҳиятидан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларни ривожлантиришда муносиб фойдаланиш ички сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолаверади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1995 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аёлларни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига, давлат ва жамоат бошқарувидаги иштирокини оширишга беқиёс имкониятларни очиб берди. Улар жараёнларга шунчаки иштирокчи эмас, балки уларни амалга оширишда масъулиятли қарорлар қабул қилувчи позицияга ўтди.

Мазкур фармонга биноан Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Унинг зиммасига хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини янада ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар юкланди. Мазкур фармон билан вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳоким ўринбосари лавозимини эгаллади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари лавозими жорий этилди.

Бугун таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг 73 фоизини, соғлиқни сақлаш тизимида 75, ишлаб чиқариш тармоқлари меҳнаткашларининг 42, қишлоқ хўжалигида 43 фоизини айнан аёллар ташкил этади.

Аёллар ўз тадбиркорлиги билан умумий фаровонлик юксалишига ҳам ҳисса қўшишмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар самарали бошқариб келмоқда.

Элга мададкор бундай омилкор хотин-қизларни молиявий қўллаб-қувватлаш яхши самара беришини англаган ҳолда уларга кредит маблағлари ажратишга урғу берилмоқда. 2015 йили тадбиркор аёллар учун ажратилган кредитлар 1 триллион 255 миллиард сўмни ташкил этиб, 2014 йилга нисбатан 130 фоизга ўсган.

Бу, ўз навбатида, опа-сингилларимизни руҳлантириб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда, яратувчанлик бобидаги имкониятларини муносиб рағбатламоқда.

Маълумки, сайлов тўғрисидаги қонунчиликда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги норма белгиланган. Бу меъёр жуда халқчил ва амалий аҳамиятли бўлдики, натижада депутатлик ўринларида нозик жинс вакилларининг иштироки сезиларли ўсди. Чунончи, 2014 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловларда 24 нафар аёл сайланди. Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи аёллардан иборат.

Республикамизда Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” уюшмаси, “Етакчи аёллар маркази”, “Аёллар ресурслари маркази” каби ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.

Биргина “Олима” уюшмаси ўз таркибига олти нафар академик, 514 нафар фан доктори, 4780 нафар фан номзодини жамлаган. Ёзувчилар уюшмасида 117 нафар, Бастакорлар уюшмасида эса 32 нафар ижодкор хотин-қизлар бор.

Истиқлол йилларида 29 минг 128 нафар ватандошимиз турли давлат мукофотлари билан тақдирланган бўлса, уларнинг 6818 нафари хотин-қизлар эканини таъкидлаш жоиз.

Умуман олганда, Соғлом она ва бола йилида кўзда тутилган мақсадлар доирасида жуда катта ишлар амалга оширилдики, буларнинг барчаси юртимизда ҳар томонлама баркамол, ақлан етук, жисмонан бақувват авлод камолга етишига хизмат қилмоқда.

Абдулазиз РАҲМАТОВ, журналист