"Қашқадарё" ва "Новости Кашкадарьи" газеталарининг расмий веб-сайти
Ўқимоқчи бўлган газетангиз номи устига босинг!
(Нажмите на логотип газеты, которую планируете прочитать)

22 август, чоршанба.

РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ: ДАВР БИЛАН ҲАМҚАДАМ

Uncategorised
Tipografiya

21 ноябрь - Бутунжаҳон телевидение куни

РАҚАМЛИ ТЕЛЕВИДЕНИЕ: ДАВР БИЛАН ҲАМҚАДАМ

Инсон зоти шундай яратилганки, у бир зум ҳам изланишдан тўхтамайди, шу боис ҳар дақиқа жаҳоннинг у ёки бу нуқтасида янги кашфиёт қилинади ёки қандайдир оламшумул ҳодиса содир бўлади. Бу эса қисқа фурсатда омма орасида тарқалади. Айниқса, буни кенг томошабинлар доирасига ёйишда бугун телевидениенинг хизмати ҳамда имкониятлари катта. Шунинг учун ҳам у ҳаётимизда муносиб ўрин эгаллаган.

 

Маълумки, 1925 йили дунёдаги илк оқ-қора тасвирли электрон телевидение тизими лойиҳаси айнан Тошкент шаҳрида ишлаб чиқилган ва шу йили жаҳон миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур кашфиёт учун патент олинганди. 1956 йилга келиб эса Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб пойтахтимизда оқ-қора тасвирли телевизион марказ ишга туширилди. Ўз навбатида, бу мамлакатимизнинг телевидение ривожида муҳим ўрин тутди.

Айниқса, истиқлол йилларида юртимизда телевидение техник ва технологик жиҳатдан ҳам, кўрсатувлар тайёрлашдаги сифат жиҳатидан ҳам юксалишга эриша олди. Шунингдек, сўнгги йилларда мазкур соҳада бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинаяпти. Бу телевидение ва радионинг замонавий техник базаси яратилиши, телекўрсатувларни тайёрлаш ва тарқатиш жараёнига замонавий телевизион ускуна ҳамда медиатехнологиялар мунтазам жорий этилишида намоён бўлмоқда.

2007 йилдан эса Ўзбекистонда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидение тизимига ўтиш бошланган эди. Эътиборлиси, бугун рақамли телевидение қамрови 79,5 фоизни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткични жорий йил охирига қадар 88 фоизга етказиш кўзда тутилган. Рақамли телевидениенинг анъанавий телевидениедан асосий фарқи шундаки, унда тасвир ва товуш ғоят тиниқ, ранглар ёрқин ва ҳар бир жараён аниқ акс этади.

- Яқинда Қарши ва Муборак шаҳарларидаги телестанцияларда хориждан келтирилган замонавий рақамли узатиш қурилмалари ўрнатилиб, тест режимида ишга туширилганди, - дейди вилоят радиотелеузатиш маркази директори Акмал Шодмонов. - Айни кунларда эса Китоб туманидаги Тахтақорача станциясига худди шундай узаткични ўрнатиш, созлаш ва монтаж қилиш ишлари давом этаяпти.

Демак, бугун жаҳонда ҳар жиҳатдан ўз ўрнига эга мамлакатимизда телевидение ҳам давр билан ҳамқадам тараққий этиб  бораяпти.

Азизбек НОРОВ