Жараён 31.05.2019 27

1 ИЮНДАН АМАЛДА…

Янги ўзгаришлар

Фуқаролар йиғини ходимларини ишга олиш тартиби ўзгаради

Жорий йилнинг 1 июнь санасидан бошлаб фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги "Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, айни пайтга қадар бу вазифани фуқаролар йиғини ва унинг кенгаши номидан фуқаролар йиғини раиси амалга ошириб келаётган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги фармонига кўра, шу йил 1 июндан бошлаб маҳаллий заргарларга тижорат банкларидан миллий валютада олган банк кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаши учун давлат  томонидан кўмак кўрсатилади.

Маҳаллий заргарлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

Яъни, маҳаллий заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун тижорат банкларидан миллий валютада кредит олганда, кредит фоиз харажатларининг Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ кредитлар бўйича 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали қопланиши мумкин.

Бунинг учун, 2019-2020 йилларда заруратга қараб Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига мазкур бандда кўрсатилган мақсадлар учун Давлат бюджети маблағларидан 40 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган.

Қатор маҳсулотлар экспорти янада соддалашади

2019 йил 1 июндан бошлаб тирик ҳолдаги товуқ, қуён ва балиқ ҳамда уларни сўйиб ишланган маҳсулотлар экспорти учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси рухсати талаб қилинмайди.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги "Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган.

ДХМ энди ҳудуд танламайди

2019 йил 1 июндан бошлаб давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар исталган жойдаги Давлат хизматлари марказларига (прописка ва почта манзилидан қатъи назар) мурожаат қилиши мумкин.

Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги "Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида"ги қарорида белгиланган.

Ижро тизимида ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 мартдаги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 июндан бошлаб ижро иши юритиш тизимида қатор ўзгаришлар бўлади.

Жумладан, эндиликда ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади. Шунингдек, ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилиши мумкин.

Аввал ижро ҳаракатларининг неча марта кечиктирилиши мумкинлиги қонунчиликда кўрсатилмаган эди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.