Жараён 01.11.2018 108

1 НОЯБРДАН АМАЛДА

1 НОЯБРДАН АМАЛДА

Халқ таълими вазирлиги тизимида таркибий ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан вазирлик вазифалари қайта кўриб чиқилиб, унга бир қатор янги  функциялар юклатилди, тизимда кўплаб таркибий ислоҳотлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Жумладан, қарор билан олий таълим муассасалари ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси 2018 йилнинг 1 ноябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

Айтиш жоизки, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар эндиликда педагог ходимларнинг малакасини ошириш учун шарт-шароитлар яратиладиган мустақил муассасалар сифатида фаолият юритади. Шунингдек, Республика мақсадли китоб жамғармасининг Халқ таълими вазирлиги тизимига ўтказилиши ҳам бундан буёғига мактабларни ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашга доир барча масалаларни вазирликнинг ўзи мустақил ҳал этишини англатади.

Иш ҳақи, стипендия ва нафақалар миқдори оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонига биноан, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

Шу асосда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи - ойига 202 730 сўм; ёшга доир пенсиялар - ойига 396 500 сўм; болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа - ойига 396 500 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 243 300 сўм миқдорида белгиланди.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, бунгача мамлакатимизда энг кам иш ҳақи миқдори сўнгги бор 2018 йил 15 июлида, ўртача 7 фоизга оширилган эди.

Агротехника тадбирлари GPS навигация орқали назорат қилинади

1 ноябрдан бошлаб субъектларга етказиб бериладиган ўзиюрар қишлоқ хўжалиги техникаларини замонавий автоматлаштирилган навигация ва мониторинг (GPS навигация) тизими билан жиҳозлаш талаб этилади.

Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Қишлоқ хўжалигини ўз вақтида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Мазкур амалиётнинг жорий этилишидан мақсад шуки, ушбу техника воситаларига ўрнатилган GPS навигациялар ёрдамида ҳудудларда амалга оширилаётган агротехника тадбирларини реал вақт режимида назорат қилиш имкони пайдо бўлади.

26 та МТП хусусий тадбиркорларга сотилади

Эксперимент тарзида машина-трактор паркларини тадбиркорларга бериш амалиёти бошланди. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 майдаги тегишли қарори билан белгилаб берилган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо бу борада ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммолар ҳам йўқ эмас. Улардан бири тадбиркорлик субъектларининг машина-трактор парклари фаолиятига жалб этилмаганлиги, бу турдаги субъетлар ўртасида изчил рақобатнинг таъминланмаганидир.

Қарорда бу жиҳатга эътибор қаратилгани ҳолда, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб   эксперимент тарзида “Ўзагросервис” АЖнинг 26 та машина-трактор паркини тадбиркорлик субъектларига сотиш, 3 та машина-трактор паркини давлат унитар корхоналарига айлантириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, хусусий тадбиркорларга сотилиши белгиланган машина-трактор парклари рўйхатидан вилоятимиздаги иккита - Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз агросервис МТП” ҳамда Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ агросервис МТП”лар ҳам ўрин олган.

Тезюрар поездларга чипта нархи оширилади

2018 йил 1 ноябрдан “Afrosiyob” тезюрар поездларига чипталар нархи оширилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати расман маълум қилди.

  Қайд этилишича, бу электр энергияси, хом ашё, эҳтиёт қисмлар учун барча харажатларни қоплаш ва ходимларга муносиб иш ҳақи тўлаш учун зарур чора ҳисобланади.

Нархларни тартибга солиш поезд йўналишлари сони кўпайишига олиб келиши ва ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларни доимий равишда таъминлаб туриш имконини бериши билдирилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирги кунда Тошкент-Бухоро-Тошкент, Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналишларида 4 та “Afrosiyob”  тезюрар поезди ҳаракатланмоқда.

Тақиқланган ташкилотларга қўшилиб қолганлар комиссия хулосаси асосида  жавобгарликдан озод этилади

Давлат раҳбарининг 2018 йил 19 сентябрдаги тегишли фармони билан террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган мамлакатимиз фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича тузилган Республика идоралараро комиссияси хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади.

Комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда эса барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади. 

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳолларда, ушбу фармонга мувофиқ, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин:

- айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса; 

- жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса;

- тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса;

- тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса; 

- жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса;

- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса;

- террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса;

- халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса;

- террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса. 

ЖАҲОНГИР тайёрлади.