Иқтисодиёт 01.11.2018 79

1 ТА ҚУЁН 8 ТА, 8 ТАСИ ЭСА 64 ТА БЎЛАДИ

Фаол тадбиркорлик

1 ТА ҚУЁН 8 ТА, 8 ТАСИ ЭСА 64 ТА БЎЛАДИ

Қамаши туманида бир йил аввал барпо этилган замонавий мажмуа фаолияти саноат усулида зотдор қуён боқиб, ички бозорни гўшт ва мўйна билан таъминлашга қаратилган. “Қамаши момиқ қуёнлари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ушбу мажмуа йирик инвестиция лойиҳаси маҳсулидир.

Илғор технологияларга эга мазкур қувватни самарали ишга тушириш учун 7 миллиард сўм атрофида маблағ сарф этилган. Кўпайтириш мақсадида эса бултур бу ерга Италия мамлакатидан “Янги Зеландия” зотига мансуб 1500 бош наслли, тез етилувчи қуёнлар келтирилганди. Хўш, шу ўтган даврда тадбиркор илгари сурган лойиҳа иқтисодий жиҳатдан қай даражада ўзини оқлади, кутилган самарани бердими?

Мажмуа таркибидан 4 та бир хил блок ўрин олган, уларнинг ҳар бирида 2 мингтадан, жами 8 мингта қуён парваришлаш имкони мавжуд. Шалпанг қулоқлар тез кўпайишини ҳисобга олсак, бугун мажмуа тўла қувват билан ишлаши учун муаммо йўқ. Тегишли цикл асосида бир йилда 60 минг бош қуён боқилиши, 120 тонна атрофида гўшт етиштирилиши жуда яхши кўрсаткич бўлади. Аммо айни пайтга келиб бу жониворлар сони атиги 4 минг бошга етказилган, холос. Маълум қисми гўштга сўйиб юборилгандир, дейишингиз мумкин. Бироқ корхона бу борада ҳам у қадар юқори маҳсулдорлик қайд этмаган.

- Гўшт ишлаб чиқаришни асосий йўналиш этиб белгилаганмиз, - дейди тадбиркорлик субъекти раҳбари Бахтиёр Ғофуров. – Бу ўйламай тайёрлайвериш керак, дегани ҳам эмас. Ҳали бизда харидорлар қуён гўштига ўрганишмаган. Умуман эҳтиёж йўқ экан, деб тушунмаслик ҳам керак. Бозорга аста-секин мослашаяпмиз. Мамлакатимизда ушбу тармоқ энди ривожланиб келаяпти. Буюртмалар бор, лекин унчалик катта эмас. Ҳамкорлар излаяпмиз. 2019 йил учун жиддий режалар қилганмиз. Улар муваффақиятли амалга ошса, катта ҳажмда гўшт ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Ҳозир ҳам буткул ҳаракатсиз қолганимиз йўқ. Наслчилик ишларини кенг йўлга қўйганмиз. Маҳаллий шароитимизга анча чидамли қуёнларни кўпайтирмоқдамиз. Негаки, аҳолидан талаб тушаяпти. Кўпчилик наслдор қуённи уй шароитида боқиш истагини билдирган. Шу сабабли тижорат банки билан келишиб, имтиёзли кредит асосида хонадонларга 50 тадан 100 тагача қуён тарқатишни ташкил этдик.

Ишбилармоннинг айтишича, одамларни тадбиркорликнинг бу тури билан фаол шуғулланишга ундаётган нарса қуёнларнинг ниҳоятда маҳсулдор эканидир. Она қуёнлар ҳар 30-40 кун деганда, бир йилда 4 мартагача кўпаяди. Бир мартасига 8 тагача бола туғади. Болалари 20 кунгача онаси ёнида бўлади. Мажмуада саноат усулида боқилаётган қуёнлар    махсус қафасларда сақланса-да, уй шароитида ишни одатий кўринишда ҳам ташкил этиш мумкин. Бир йилда 50 та қуён боқиб, улар сонини уч-тўрт баробар кўпайтириш, 200 килодан ортиқ гўшт етиштириш мумкин. Бунинг учун махсус озуқа ҳам талаб этилмайди.

Демак, келгусида корхона ички бозорда ўз маҳсулоти билан мустаҳкам ўрин эгалласа, аҳолида гўштни сотиш борасида ҳам муаммо бўлмайди. Тадбиркор улардан қуёнларни қайта сотиб олиб, гўшт ишлаб чиқаришни ташкил этади. Бунинг учун мажмуа ҳудудида зарур шароит яратилган - ихчам кушхона қурилган. Кушхонада гўшт тозалангач, зарур тартибда қадоқланади ва маҳсулот харидорларга етказиб берилади. Узоқ муддат гўштни яхши сақлаш чораси ҳам кўрилган. Мажмуадаги замонавий совуткичли омборхонага 20 тоннагача гўшт жойлаштириш мумкин.

М.ЖЎРАЕВ

Суратларда: мажмуа фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.