Жараён 30.11.2018 94

"-10 МИНГ, +40 МИНГ СЎМ" ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

"Qashqadaryo"га жавоб берадилар

"-10 МИНГ, +40 МИНГ СЎМ" ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Ёхуд ўзича нарх белгиловчи киракашлар ҳамда бунга индамай жим қаровчи масъуллар хусусида"

Хабарингиз бор, газетамизнинг 22 ноябрь сонида "-10 минг сўм, +40 минг сўм" формуласи қандай ишлайди? Ёхуд ўзича нарх белгиловчи киракашлар ҳамда бунга индамай жим қаровчи масъуллар хусусида" сарлавҳали мақола чоп этилганди. Мақолада вилоятимизнинг деярли барча ҳудудида йўловчи ташувчи "Дамас"лар ҳайдовчилари томонидан йўлкира асоссиз ошириб юборилгани, бунга газ нархи қимматлашгани баҳона қилингани, аслида эса бу хатти-ҳаракатлар мавжуд қонунчиликка бутунлай зид экани, амалдаги тарифларга риоя қилинишига жавобгар ташкилотлар, жумладан, Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси эса бир четда қўл қовуштириб туриб, ҳеч бир чора кўрмаётгани, ўз навбатида ушбу муаммоли ҳолат йўловчилар манфаатига путур етказаётгани ҳақида айтилган.

Айни мақола юзасидан Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Шерзод  Норбобоев имзоси билан таҳририятимизга хат келди. Унда   қуйидаги фикрлар билдирилган:

"Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2018 йил 21 майдаги "Қарши шаҳрида йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида"ги № Х-494/05-сонли қарорига асосан Қарши шаҳри ҳудудида тегишли субъектлар томонидан кўрсатилаётган йўловчи  ташиш хизматининг чекланган тарифи бир йўловчига: йўналишли таксилар учун 1500 (бир ярим минг) сўм, автобуслар учун 1000 (минг) сўм этиб белгиланган. Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари ва Қарши шаҳар ҳокими зиммаларига юклатилган бўлиб, унинг ижросини таъминловчи ва барча автотранспорт корхоналарининг белгиланган йўловчи ташиш тарифларига риоя этишларини назорат қилувчи маъсул орган сифатида "Ўзавтотранс" агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси кўрсатилган.

Бошқарма томонидан ушбу йўналишда вилоят ИИБ ЙҲХБ, ДСБ билан тасдиқланган ҳамкорликдаги режага асосан мунтазам қўшма рейд тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Рейд тадбирлари давомида 2018 йилнинг бошидан ҳозирга қадар белгиланган тарифларга риоя этмаслик, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил  14 июлдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган "Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида"ги низомнинг 9-қисми "ж" бандида кўрсатилган (ваколатли органлар билан тузилган шартнома асосида транспортда юриш тарифларига риоя этмаслик) талаблар ва шартлар бўйича ҳақиқатан ҳам бор-йўғи 2 та ҳолат аниқланган бўлса-да, умуман пулли автотранспорт хизмати кўрсатиш учун махсус рухсатнома - лицензия олмасдан, ўзбошимчалик билан йўл ҳақи нархини қўйиб, ноқонуний фаолият кўрсатиб келган жами 3725 нафар қоидабузар ҳайдовчи аниқланган. Ушбу лицензиясиз ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган материаллар тегишли туман (шаҳар) Маъмурий судларида кўриб чиқилган ва 1368 та иш ҳайдовчи томонидан лицензия олинганлиги билан тугатилган. Қолган 2357 нафар ҳайдовчига нисбатан қонунда белгиланган миқдорда жарима жазолари тайинланган.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан юқорида кўрсатилган мақолада қайд этилган айрим камчиликларни бартараф қилиш, келажакда уларнинг олдини олиш ҳамда шу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, 2018 йил 24 ноябрь куни бошқарма фаоллар залида, Қарши шаҳри ва вилоят туманларида фаолият кўрсатувчи автотранспорт корхоналари раҳбарлари билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш давомида тегишли мақола батафсил муҳокама қилинди. Мақолада келтириб ўтилган вилоят марказидаги 3-, 6-, 12-, 16-, 33- ва 37-йўналишларда фаолият кўрсатувчи автотранспорт корхоналари яна бир маротаба огоҳлантирилиб, корхона ҳайдовчиларининг ҳар биридан белгиланган йўл ҳақи нархи талабларига қатъий риоя қилиниши юзасидан ёзма огоҳлантириш тилхатлари олиниши бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, кўрсатилган йўналишларда фаолият кўрсатувчи "Умаров Илҳом Ихтиёр", "Дилноза", "Махмуд автотранс", "Насаф аудио видео" ва "Блек авто" МЧЖларга берилган бош лицензиялар 10 кун муддатга тўхтатилди.

Жорий йилнинг 16 ноябрь кунидан бензин, дизель ёнилғиси, электр энергияси, табиий газ, суюлтирилган газ учун нархлар ошиши ҳақидаги янгиликдан хабардор бўлган айрим ҳайдовчилар ўртасида тушунмовчилик келиб чиқиб, йўлкирани ўзбошимчалик билан нотўғри кўтариш ҳолатлари кузатилган. Ўз навбатида Молия вазирлиги автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари орқали сотиладиган табиий газ нархини ошириш учун асос йўқлигини маълум қилди.

Юқоридагиларга асосан 2018 йилнинг 16 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан автотранспорт воситаларида белгиланган йўловчи ташиш тарифларини асоссиз кўтарган автотранспорт корхоналари ҳайдовчиларини аниқлаш юзасидан мақсадли қўшма мониторинг ва рейд тадбирлари ўтказилди. Ушбу жараёнда жами 29 нафар ҳайдовчининг йўловчи ташиш тарифларини асоссиз кўтарганлик ҳолати аниқланиб, ҳар бир ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилди. Ҳайдовчилардан уларга ўз автотранспорт корхоналари орқали  берилган лицензия варақаси, кейинчалик ҳайдовчи ҳамда тегишли автотранспорт корхоналарига нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида олиб қўйилди. Натижада барча лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги тўғрисидаги далолатномалар бошқармада мавжуд махсус комиссия томонидан кўриб чиқилди. Мазкур комиссиянинг 2018 йил 27 ноябрдаги №36-сонли баённомасига асосан қоидабузар ҳайдовчи ва автотранспорт корхоналарининг бош лицензияси ва лицензия варақалари белгиланган тартибга кўра дастлабки чора сифатида 10 иш кунига тўхтатилди.

Мақолада кўрсатилган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам назорат тадбирлари мунтазам давом эттирилиб, мазкур жараёнда асосий эътибор, айниқса, йўлкира нархларининг ҳайдовчилар томонидан ўзбошимчалик билан кўтарилиши олдини олишга қаратилмоқда".

ЛИЦЕНЗИЯНИНГ 10 КУНГА ТЎХТАТИЛГАНИ ЧОРАСИ ТАЪСИРИ ҚАНИ?!

Бир қарашда ҳаммаси ўз жойига тушгандек. Аслида-чи? Фақат қоғозда бундай қилинди, ундай чора кўрилди, дейиш билан амалда нима ўзгарди ўзи? Йўловчи ташиш ҳуқуқига эга автокорхона ва ҳайдовчиларнинг мавжуд тарифларга тўлиқ амал қилиши қай даражада таъминланди? Ахир ҳақиқий аҳвол тескарисини айтиб турибди-ку?! Ўрганишлардан маълум бўлдики, белгиланган тарифга амал қилинмаяпти. Ҳайдовчилар йўқ жойдан 500 сўм ўниб турганига мазахўрак бўлиб улгурдики, белгиланган тартибга хилоф иш тутаётганини англаса-да,      нархни шунчаки туширгиси йўқ.

Бошқарма бошлиғининг жавоб хатида дастлабки урғу вилоят ҳокими қарорига қаратилганидан англаш мумкинки, мутасадди қарорга кўра тарифларга риоя қилиниши фақат бошқарма эмас, вилоят ҳокими ўринбосари ва Қарши шаҳри ҳокимининг ҳам иши эканини, бунга улар ҳам бефарқ қараётганини уқтиради гўё. Хўш, айбдор кўпайтиришдан нима фойда? Ҳар ким ўз вазифаси учун жавоб бергани маъқул эмасми?

Боз устига ўзича нарх белгилаб, одам ташиб юрган, йўл ҳақи ошишига сабаб бўлган лицензиясиз киракашлар эмиш.

Биринчидан, аҳоли ўртасида ўтказилган ўрганиш натижалари "топганим кам, расход кўп" дея дод-вой қилганлар асосан тегишли рухсатномага эга ҳайдовчилар эканини кўрсатди. Қопламаса, эплолмаса, йўналишни бўшатсин, йўқми унинг ўрнида кира қилишга жон-жон дейдиган. Иккинчидан, йўлкира 2000 сўмми ё 1000 сўм, ноқонуний таксичига нима фарқи бор? Унинг бир ўзи нархга таъсир қилолмаслиги ойдай равшанку. Боз устига, уюшмага кунлик тўлов қилмаса, унга барибир-ку. У ўзига хон, ўзига бек, билганича қатнайверади. Агар бирортаси жавобгарликка тортилган бўлса ҳам лицензия олмай йўловчи ташигани учун тортилган. Хўш, йўлкира ошганида лицензиясиз таксичининг ҳиссаси бор дейиш учун қани бу ерда мантиқ?

Лицензиясиз киракашлар қаердан пайдо бўлаяпти ўзи? Мавжуд йўналишлардаги қатнов қуввати етмаётгани боисидан эмасми бу? Биргина мисол. Маълум бўлишича, Қарши шаҳри ва Қарши тумани Чўлиота қишлоғи йўналиши бўйича йўловчи ташишга рухсат берилган транспорт воситалари сони 20 тага ҳам бормайди. Лекин бу йўналишда ҳар куни 100 га яқин ҳайдовчи одам ташийди. Ҳеч бири ишсиз қолмаяпти. Буни Қарши-Бешкент йўланиши мисолида ҳам кўриш мумкин. Шундай экан, ҳайдовчи лицензия билан фаолият кўрсатаяптими ё йўқ, йўловчи қайдан фарқласин? Ҳамма машинанинг ҳам махсус таниш белгиси бўлмаса?

Қизиғи, бошқарма раҳбарияти йўл ҳақини кўтармаслик борасида мақолада санаб ўтилган йўналиш эгаларинигина жиддий огоҳлантирибди. Биз эса уларни мисол тариқасида санаб ўтгандик, холос. Аксига олиб, бу огоҳлантириш ҳам бирор натижа бермаганини йиғилишда "хўп" деб, кўчага чиққач, ўз билганидан қолмаётган ташувчилар мисолида пайқаш қийин эмас.

Бир қанча автокорхоналар бош лицензияси 10 кунга тўхтатилгани яхши, бироқ мақолада келтирилган, тап тортмай қонунни бузаётганини ўзи ҳам тан олиб турган, Қарши тумани Лаганди қишлоғи ва вилоят маркази орасида йўловчи ташувчи "Ўғилой" МЧЖга нега чора кўрилмагани бўйича савол очиқ қолаяпти. Ушбу уюшма ҳайдовчиларининг тасдиқланган йўналиш схемаси бўйича қатнамаётганига нега муносабат билдирилмади? Лицензиясиз таксичилар бош оғриғи бўлаётган экан, нима учун бу борада бошқарма йўналиш эгасига ёрдам бермаяпти? Афтидан, бошқаларда ҳам аҳвол шундай бўлса борки, бундан асло яхши эмас.

Яна бир масала, ўша автокорхоналар лицензияси муайян муддатга жазо тариқасида тўхтатилгани билан улар фаолияти тўхтагани йўқ. Йўналишларда яна ўша "Дамас"лар, яна ўша ўзбошимчалик билан  оширилган нарх ҳукмрон. Қани кўрилган чоранинг таъсири?

Қолаверса, мақолада шаҳар атрофида қатновни амалга ошириши мўлжалланган Бешкент-Қарши, Шаҳрисабз-Яккабоғ, Чўлиота-Қарши, Шаҳрисабз-Мираки йўналишларида ҳам асоссиз нарх оширилишига йўл қўйилгани ҳолати қайд этилган. Масъул ташкилот бу масалани қандай қилиб (балки атай) эътибордан четда қолдирди? Ё Қарши шаҳридан у ёғига етмайдими бу идорадагилар назари?

Мақолада шундай савол қўйилганди: "поймол этилаётган йўловчи ҳуқуқини таъминлай олмаса, белгиланган тарифларни писанд қилмаётган йўналишлар эгалари фаолияти ва "Дамас"чиларни тартибга сололмаса, бундай мутасадди ташкилотнинг қандай ўрни бор?!"

Юқоридагиларга асослансак, ҳеч қандай. Унда эплагани - фақат лицензиялашми? (бу ишни бошқа ташкилотга юклаб қўйса ҳам, бемалол удда қилса керак). Автомобиль транспортида йўловчи ташиш соҳасидаги (жумладан, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ушбу бозорда ҳалол рақобат муҳитини таъминлаш сингари) бошқа вазифалар-чи? Уларни ким бажаради? Ёки фақат "лицензиясизлар ови"дан нарига ўтмай" юраверамизми?

ТАҲРИРИЯТ