Жамият 22.01.2019 71

"-10 МИНГ СЎM, +40 МИНГ СЎМ" ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

"Qashqadaryo"га жавоб берадилар

"-10 МИНГ СЎМ, +40 МИНГ СЎМ" ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

Ёхуд ўзича нарх белгиловчи киракашлар ҳамда бунга индамай

жим қаровчи масъуллар хусусида"

Хабарингиз бор, газетамизнинг 2018 йил 22 ноябрь сонида ана шу сарлавҳа билан таҳлилий-танқидий мақола чоп этилганди. Унда вилоятимиздаги аксарият такси йўналишлари ҳайдовчилари йўлкирани асоссиз кўтариб олгани, газ нархи ошгани эса бунга баҳона қилиб кўрсатилгани, бу эса аслида ҳуқуқбузарлик саналиб, амалдаги тарифларга зид экани, натижада йўловчилар манфаатига зарар етаётгани, масъул ташкилотлар мутасаддилари ушбу ҳолатга индамай жим қараб тургани ҳақида айтилган.

Айни мақола юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сирожиддин  Эшматов ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Адҳам Орипов имзоси билан таҳририятимизга хатлар келди.

Жумладан, биринчи хатда шундай фикрлар билдирилган:

"Qashqadaryo" газетасининг 2018 йил 22 ноябрь сонида чоп этилган "-10 минг сўм, +40 минг сўм" формуласи қандай ишлайди?" сарлавҳали мақола вилоят ДСБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан транспорт воситаларида ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахслар фаолияти олдини олиш юзасидан вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтган йилнинг 1 декабрь ҳолатида 384 марта назорат рейд тадбирлари ўтказилиб, 236 та ҳолатда тегишли ҳужжатларсиз аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатлари аниқланди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан айбдорларга чора кўриш учун Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи уюшмаларга нақд пул маблағларини банк кассаларига тўлиқ кирим қилиниши юзасидан 75 маротаба хронометраж тадбирлари ўтказилди. Тадбир натижасида банк кассаларига 182,7 миллион сўм нақд пул қўшимча топширилди.

Йўлкира ҳақининг асоссиз оширилиши юзасидан ваколатли мутасадди ташкилот вилоят рақобат бошқармасига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ бўларди".

Таҳририятдан. Муаммо юзасидан солиқ органи муносабати нега керак, ахир бу ташкилот йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солмайди-ку, дерсиз. Мақолада ҳам алоҳида таъкидлаганмиз, йўлкиранинг асоссиз оширилиши ҳайдовчи чўнтагига қонунга хилоф равишда ортиқча пул киришига шароит яратиб берган, яъни ҳар бир йўловчидан ортиқча ҳақ ундирилиши натижасида салмоқли маблағ ноқонуний айланишига йўл қўйилган. Ҳар ҳолда бу пуллар тегишли тартибда кирим қилинмагани аниқ. Мана, нима учун керак солиқ идораси муносабати. Зеро, кимга, қандай масалада мурожаат қилишга уқувимиз етади, бу борада тавсияга муҳтож эмасмиз.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси хатида эса мақолага қуйидаги муносабатни кўриш мумкин:

"Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида вилоят ҳудудида йўл кира ҳақи 1 йўловчи/километрга шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларда қатнайдиган автобуслар учун 70 сўм, ташишга рухсат берилган ҳар бир юк ўрни (багаж) учун 800 сўм, йўналишли таксилар учун 80 сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг 2018 йил 21 майдаги "Қарши шаҳрида йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида"ги Х-494/05-сонли қарорига асосан, Қарши шаҳри ҳудудида йўловчи ташиш транспортида 1 йўловчига хизмат кўрсатишнинг чекланган тарифи таксилар учун 1500 сўм, автобуслар учун 1000 сўм этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 июндаги "Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортини бошқариш тизимини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги 434-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги тўғрисида"ги низомга асосан "Ўзавтотранс" агентлиги таркибий ва институционал ўзгартиришлар, хизматлар бозорини шакллантириш ва ривожлантириш ҳамда автомобилда ташишлар соҳасидаги хавфсизлик масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш учун махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади".

Таҳририятдан. Қизиқ, бу хатда ҳам бизни мурожаат манзилини  танлаш бобида нўноққа чиқариб қўяёзишибди.

Хўш, аслида-чи? Ростдан ҳам, мақолада кўтарилган масаланинг бу ташкилотга дахли йўқми?      Уларча бориб, биз ҳам мавжуд қонунчиликка юзландик. Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида"ги фармони (жавоб хати келган пайтда ушбу ҳужжат ўз кучида бўлган - таҳр). да ушбу идоранинг асосий функция ва вазифалари санаб ўтилган. Истеъмолчилар ҳуқуқини муҳофаза қилиш шулардан биридир.

Ўз навбатида йўловчи ҳам истеъмолчидир. У транспорт хизматидан фойдаланаяпти. Агар ундан ҳеч бир асоссиз ортиқча ҳақ талаб қилинса, демак, шу жойда унинг манфаатига путур етади. Қани бу ерда вилоят рақобат бошқармасининг ўрни? Бу менинг вазифамга кирмайди, дегувчи ташкилотдан йўловчи ҳуқуқини тиклашни сўраш бефойда, албатта. Кўпроқ ўз мажбуриятини эплашдан кўра бошқаларнинг функцияларини пеш қилишгани, шу йўсинда муаммо (уни ечиш ўрнига) ўзидан осонгина соқит бўлишни маъқул топишгани афсусланарли ҳол.

Майли, истеъмолчи ҳуқуқи муҳофазаси улар учун арзимас нарса туюларкан, хўп, унда йўловчи ташиш соҳаси иштирокчилари учун ҳалол рақобатни (номига мос) таъминлаб беролаяптими бу бошқарма? Бошқарма бу жараёнда қандай иштирок этади, дейсизми? Мана бундай.

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 июлдаги тегишли қарорида ҳам белгилаб қўйилган, рақобат қўмитаси, унинг ҳудудий бошқармаси "Шаҳар атрофи ва шаҳарлараро-вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси" доимий аъзоси саналади. Ташкилотнинг ушбу тузилмага киритилгани бекорга эмас. Мазкур қарорнинг шундай жойи бор, ташувчилар (яъни муайян йўналишда йўловчи ташишга даъвогар уюшмалар) тендер ҳужжатларида қайд этилган ягона талаблар ва йўловчилар ташиш қоидалари асосида рақобатлашиши керак.  Рақобат ҳаққоний бўлишини эса вилоят рақобат бошқармаси баҳолаши керак.

Айтайлик, йўналиш эгаси бўлган автокорхона ҳайдовчилари йўловчилардан белгиланганидан ортиқча йўлкира олаяпти. У тендерда қатнашган чоғда, шу тарифга амал қиламан, йўл ҳақини оширмайман, деб ваъдалашган ва шунинг учун унга ғолиблик берилган. Бугун эса мавжуд талабга риоя қилмаяпти. Шартнома шартини бузаяпти. Аҳамиятлиси, ушбу қоидалардан оғишмай ишлашга рози бошқа ташувчи ҳам бор. Ўз-ўзидан рақобат юзага келяпти. Бироқ барчага тенг шароит тақдим этилмаяпти. Қоидабузар ўз билганича иш тутмоқда, бунга масъул, етарлича ваколатга эга вилоят рақобат бошқармаси эса жараёнда қўл қовуштириб ўтиришдан бошқасига ярамаяпти.

Назорат учун масъул идоралар шу тарзда "онангга бор, отангга бор", қабилида муносабат билдириб, масала меники эмас деб турса, унда муаммолар янада илдиз отиб кетмайдими?

Балки шунинг учун ҳам мақола чоп этилгач, 1500 сўмга туширилган йўл ҳақи яна 2 минг сўмга  кўтариб олинаётгандир? Назорат бўлмагач, ҳар ким ўз билганича хўжасизлик қилаверади-да.

ТАҲРИРИЯТ