Таълим 10.09.2019 82

11-МАКТАБДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИНИ ПАРТА ВА ДОСКАСИЗ БОШЛАШДИ

Таълим

Шу йилнинг 1 сентябрь куни Қарши шаҳридаги 11-мактабнинг янги ўқув биноси тантанали равишда фойдаланишга топшириларкан, сменалардаги тиғизликлар бартараф этилишига умид боғлангани аниқ. Бугун ушбу таълим масканига қатнаётган 2460 ўқувчи сони ҳар ҳолда кичик рақамлар эмас. 420 ўринли янги корпусда эса бошланғич синф ўқувчилари, хусусан, жорий ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 305 бола таҳсил олиши кўзда тутилган.

Бироқ ўқиш бошланганига бир неча кун ўтган бўлса-да, янги корпусдаги айрим ўқув хоналари бўм-бўш тургани, шу боис айни вақтда қулф экани, айримларида эса зарур жиҳозлар йўқлиги кишини ҳайрон қолдиради.

Мисол учун, 1-"Е" синф хонасида на бирор парта, на бир стулни учратасиз. Эски доска қаққайиб турибди, холос.

1-"Ж" синф ўқувчилари ўқиётган хонада эса доска йўқ, китоблар ерда, бир бурчакда қалашиб ётибди.

Маълумки, тегишли талабларга кўра, бир синфдаги болалар сони 35 нафардан ошмаслиги керак. Бироқ аксар синфларда 36-37 нафардан бола дарсда ўтирибди. Дейлик, 1-"В" синфда 37 бола ўқияпти, бироқ синф хонасида 36 бола учун 18 та эски парта бор, холос. Ҳатто ўқитувчи учун стол-стул йўқлигига нима дейсиз.

Ўқитувчининг айтишича, дарсликларни шанба куни олишган, лекин 37 ўқувчига 33 та дарслик берилган (?).

- "Селхоз" коллеждан 240 та парта олиб келиш айтилганди, шундан 30 тасини олиб келдик, - дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Санжар Бердиев. - Ҳозирча  айрим хоналарда жиҳозлар йўқлиги учун ўқувчилар эски корпусда ўқиб турибди.

Шу ўринда бир савол туғилади: зарур жиҳозлар йўқ, бирорта парта-доска келтирилмаган экан, қандай қилиб уни фойдаланишга топширишди?

- Мактаб атрофида 17 та кўп қаватли уй қурилиши кўзда тутилган, шундан 11 таси қурилди, эҳтиёж кўпайиб бораяпти, шунинг учун яна 450 ўринли бино қурилишини сўраб мурожаат қилишга мажбурмиз, - дейди мактаб директори Анвар Ғаниев. - Янги ўқув корпуси учун эса бир донаям жиҳоз етиб келмаган.

Биламизки, масала юқори ташкилот иштирокисиз ҳал бўлмайди. Хўш, вилоят халқ таълими бошқармасидагилар ушбу ҳолатга қандай изоҳ беришади?

- Жиҳозлар базамизга шанба куни етиб келди, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. - Бугун кечгача (9 сентябрь назарда тутилмоқда - таҳририят) ҳаммасини жойлаштирамиз. Дарсликлар айтилган эҳтиёжга кўра ажратилган, кейин яна бир қанча ўқувчи қабул қилингани учун дарслик етишмаслиги кузатилган. Бу муаммо ҳам тезда ҳал бўлади.

Албатта, муаммога зудликда ечим топилгани яхши, лекин бу янги ўқув йили бошлангунга қадар амалга оширилганда, нур устига аъло нур бўлур эди. Чунки янги ўқув корпуси бир кеча-кундузда қурилиб, мутасаддилар куни кеча уни жиҳозлаш кераклигини билиб қолганлари йўқ. Бино қачон қурилиб, қачон тайёр бўлишию, ўқиш қай вақт бошланиши беш қўлдай аён эди. Хўш, унда "бугун-эрта"ларга на ҳожат? Бунинг устига ўша "эрта"ям қочиб кетмайди...

Бу борада бошқа мактабларда муаммо йўқми, дарсликлар етарлими? Кузатиб борамиз.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.