Сўнгги янгиликлар 18.04.2019 258

110 НАФАР АЁЛГА ИШГА ЖОЙЛАШИШ УЧУН ЙЎЛЛАНМАЛАР БЕРИЛДИ

Деҳқонобод туманида “Хотин-қизлар учун муносиб ва барқарор иш ўринлари яратиш – устувор вазифа” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Марказий банк ва бандлик Бош бошқармалари, Республика “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган очиқ мулоқотга 300 нафардан ортиқ хотин-қизлар таклиф этилди. Тадбирда хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича таклифлар берилиб, иштирокчиларнинг муаммолари тингланди.

Тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 64 та ташкилот қатнашиб, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларга 180 та бўш иш ўринлари таклиф этилди. Қатнашчиларнинг 110 нафарига иқтисодиётнинг турли соҳаларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Яна 45 нафари жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, 12 нафари касбга қайта тайёрлаш учун юборилди.  

Шунингдек, касаначилик меҳнати, оилавий ва якка тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда ўз бизнесини бошлаш истагидагиларга тегишли ташкилот масъуллари томонидан маслаҳат ва кўрсатмалар берилди.

Музаффар ТУРОПОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.