Жамият 06.10.2018 273

15 МИЛЛИОН СЎМГА ЕР, 300 МИНГГА КАДАСТР ҲУЖЖАТИ

Қилмиш-қидирмиш

15 МИЛЛИОН СЎМГА ЕР, 300 МИНГГА КАДАСТР ҲУЖЖАТИ

Бировнинг ишончига кириб, хизмат вазифасидан қонунга хилоф равишда ўз манфаати йўлида фойдаланиш жиноят саналади. Афсуски, орамизда бу ҳақиқатни унутиб қўядиган кишилар ҳам борки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар саъй-ҳаракати билан бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Нишон тумани ер тузиш ва кадастр бўлими ходими Бекзод Тўронов 14 миллион сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Б.Тўронов Нишон тумани Нуристон қўрғони Нурчи маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқарога бўш турган 6 сотих ер майдонини расмийлаштириб, унинг номига ўтказиб бериши эвазига 15 миллион сўм пора талаб қилган.

Бундан ташқари, у яна бир фуқарони ҳам алдаб, ишончига кириш йўли билан унинг уйи кадастр ҳужжатини тайёрлаб бериш эвазига 300 минг сўм миқдоридаги пулни олиб, ўз манфаати йўлида ишлатиб юборгани аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ