Сўнгги янгиликлар 11.04.2019 254

15 ТА МАДАНИЯТ МАРКАЗИ ТУГАТИЛДИ

Вилоятимиздаги самарасиз фаолият юритиб келаётган 15 та маданият маркази Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги тегишли қарорига асосан тугатилди.

Хусусан, Ғузор туманидаги “Батош”, “Гулшан”, Косон туманидаги “Пўлати”, Қамаши туманидаги “Қоратепа”, “Қорабоғ”, “Қамай”, “Чим”, Чироқчи туманидаги “Дам”, “Чияли”, Китоб туманидаги “Қаторбоғ”, “Бектемир”, “Қайнарбулоқ”, “Паландара”, Қарши туманидаги “Қовчин”, Яккабоғ туманидаги “Маърифат гулшани” маданият марказлари ана шу рўйхатдан ўрин олган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган эди.

Унга асосан, икки йил ичида вилоятимизда маданият соҳасида 5 та йўналиш бўйича 37 та банддан иборат тизимли чора-тадбирлар дастури амалга оширилади.

Жумладан, ҳудуддаги тарихий, илмий ва бадиий қимматга эга бўлган 952 та объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, 1311 та объект бўйича муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасини тузиш ҳамда уларга жамоатчи инспекторларни бириктириш, 964 та объектга муҳофаза белгисини ўрнатиш, шунингдек, санъат ва бадиий ижод соҳасида турли фестиваллар, кўрик-танловларни ташкил этиш, вилоятнинг урф-одатлари, анъаналари, тарихий обидалари тўғрисида ҳужжатли фильмларни суратга олиш ва бошқа кўплаб тадбирлар ушбу дастурдан ўрин олган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ