Тиббиёт 23.04.2019 132

17 НАФАР БОЛА ГЕРМАНИЯДА ДАВОЛАНДИ

23 апрель - "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси ташкил топган кун

Имконияти чекланган ва кам таъминланган оилаларда туғилган тиббий ёрдамга муҳтож болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш, таянч-ҳаракат тизими ва бўйин умуртқа поғонаси шикастланган болаларга "Чиройли оёқчалар" лойиҳаси доирасида мамлакат ва чет эл клиникаларида жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш, танаси куйган, юрагида туғма нуқсони бўлган болаларни даволаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда нафақат давлат, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Улардан бири  Президентнинг 1993 йил 23 апрелдаги фармонига биноан ташкил этилган "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фондидир.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Германиянинг "Friedensdorf International" халқаро ташкилоти ўртасида имзоланган уч томонлама ҳамкорлик битими асосида 2003-2018 йиллар давомида 12 ёшгача бўлган 17 нафар қашқадарёлик бола терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари хасталиги ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди. Юқори лаб ва танглай нуқсони бўлган 18 бола Тошкент тиббиёт академиясида бепул операция йўли билан муолажа қилинди.

- 10-11 апрель кунлари вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида германиялик мутахассислар томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан куйишдан кейинги асоратлари бўлган 140 нафарга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилди, -  дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди вилоят филиали  директори Гулнора Шарипова. - Тиббий кўрик натижаларига кўра ҳолати энг оғир беморлар жорий йилнинг август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларида даволаниш учун 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга жўнатилади. Ўтган йилги текширув натижаларига кўра, Ғузор туманининг Чуқур қишлоғилик Адҳам Салимов Германияда мураккаб жарроҳлик операциясини ўтказди. Ҳозир уни соғломлаштириш ишлари давом этаяпти.

Тиббий-ижтимоий патронаж тизими жамғарма фаолиятининг асосини ташкил этади. Махсус дастурга кўра, оилаларнинг ижтимоий шароити, психологик муҳити, оила аъзоларининг соғлиғи ва, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар, болалар, ўсмирлар ва қарияларнинг саломатлигини ўрганиш, тиббий ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий муҳофазага муҳтож инсонларни ўз вақтида аниқлаш, ҳар бир хонадонда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилади.

-  Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи тўрт мингга яқин кишининг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилиб, керакли ёрдамлар кўрсатилди, - дейди Г.Шарипова. - Бунда кўпроқ туғиш ёшидаги аёллар саломатлигига жиддий эътибор қаратилди. Қолаверса, текширувлар асосида касаллиги аниқланган аёллар, болалар ва ўсмирларга дори-дармонлар, витаминлар, санитария-гигиена воситалари, тиббий анжомлар, ногиронлик аравачалари, ҳаракати чекланган беморларга юриш мосламаларидан иборат мурувват ёрдамлари кўрсатилди.

Қайд этиш лозим, хотин-қизлар ва болаларни жисмоний тарбия ва спортга  жалб этиш фонд фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бу борада спортнинг теннис, бадиий гимнастика, синхрон сузиш, бадминтон, волейбол каби кўплаб турлари бўйича турли мусобақалар ташкил этилмоқда.

Асосий мақсад соғлом, бахтли ва баркамол авлодни вояга етказиш экан, бу борада фаолият қамровини янада кенгайтириш, фондни одамлар танийдиган тузилмага айлантириш даркор. Бу борада бевосита фонд ташаббуси кўринадиган тадбирлар уюштириш натижа беради. Ижро учун, яна дабдабали қўшма лойиҳалар доирасидаги қисқа ҳаракатлар билан бунга эришиб бўлмаслиги тайин.

Шоҳиста БОЗОРОВА