Сўнгги янгиликлар 13.03.2019 234

17 НАФАР ТАЛАБАНИНГ ТЎЛОВ-ШАРТНОМА ПУЛЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИ…МИ?

Ёшлар ва давр

17 НАФАР ТАЛАБАНИНГ ТЎЛОВ-ШАРТНОМА ПУЛЛАРИ ТЎЛАБ БЕРИЛАДИМИ?

Вилоят “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда комиссия аъзолари томонидан олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган 19 нафар чин етим ногиронлиги бўлган ҳамда Меҳрибонлик уйида тарбияланган, боқувчисини йўқотган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш, яъни  тўлов-шартнома маблағларининг 50 фоизигача бўлган миқдорини тўлаб бериш бўйича хужжатлари ўрганилди.

- “Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси кўнгли ярим, ўқиш иштиёқи  юқори, турмуш ташвиши эрта елкасига тушган талабалар учун катта рағбат бўлмоқда, - дейди Ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши раиси, комиссия раиси Шомурод Сатторов. – Номзодларни тегишли Низом  асосида, адолатли ва шаффофлик билан саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилди.  

Якуний хулосага кўра, 2 нафар талабанинг ҳужжатлари низом талабларига жавоб бермагани туфайли рад этилди, 17 нафар номзоднинг ҳужжатлари эса Республика комиссиясига тақдим қилинди,

Агар ушбу номзодларнинг ҳужжатлари республика комиссияси  томонидан ҳам маъқулланса, уларга жорий йилнинг 20 мартига қадар  тўлов-шартнома маблағларининг 50 фоизигача бўлган миқдори тўлаб берилади.

С.АЛЛАЁРОВА