Таълим 30.04.2019 76

2+2 ҚЎШМА ТАЪЛИМ ДАСТУРИ ҚАНДАЙ МАҚСАДНИ КЎЗДА ТУТАДИ?

Олий таълим

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти  Беларусь миллий техника университети билан ҳамкорликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 2+2 қўшма таълим дастури бўйича талабаларни ўқишга қабул қилади. Яъни талабалар 1-, 2-курсларни ўз юртида ўқиса, 3-, 4-курслардаги таълим хорижда олиб борилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида, дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш каби вазифалардан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Беларусь миллий техника университети ректори Сергей Харитончик, Беларусь-Ўзбекистон ҳамкорлик институти директори Игорь Гончаренок, халқаро ҳамкорлик ва ташқи иқтисодий фаолият бошқармаси бошлиғи Павел Ширвель ва унинг ўринбосари Анна Яблонская Қарши шаҳрида бўлишди.

Ташриф доирасида 2+2 қўшма таълим дастури асосида энергетика (иссиқлик энергетикаси), электроэнергетика (электр таъминоти), экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (саноат), гидротехника қурилиши (сув хўжалиги), кончилик иши, менежмент (кичик бизнесни бошқариш) бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, ўқув режа ва намунавий дастурлар тузиш ва икки томонлама диплом бериш; ўқув жараёнига  халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш;  мастер-класслар ўтказиш, малака ошириш курсларига университетдан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш каби масалалар муҳокама этилди. Шу билан бирга, Беларусь миллий техника университети базасида институт магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, ҳамкорликда ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш каби вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Қайд этиш лозим, 2+2 схемаси бўйича Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ўртасида ҳам 2019-2020 ўқув йилидан талабалар алмашиб ўқитилади.

Н.ХЎЖАЕВ