Иқтисодиёт 07.05.2019 66

200 ДАН ОРТИҚ ЛОЙИҲА, 1 ТРИЛЛИОН СЎМДАН ЗИЁД МАБЛАҒ

200 ДАН ОРТИҚ ЛОЙИҲА, 1 ТРИЛЛИОН СЎМДАН ЗИЁД МАБЛАҒ

Яккабоғда нимани ўзгартиради?

Икки йил ичида Яккабоғ тумани халқ хўжалигининг етакчи соҳалари жиддий ўзгариши керак. Бугунги кунда бироз оқсаётган, тараққиётдан ортда қолаётган жабҳаларга янги қон кириши лозим. Туман эса вилоятнинг ҳар томонлама ривожланган ҳудудига айланиши даркор. Қандай қилиб бу натижага эришиш мумкин, дейсизми? Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 апрелдаги "2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бунга тўла шароит ҳозирлаши кутилмоқда.

Ушбу ҳужжат билан тасдиқланган дастур ижроси келгусида бир қатор мақсадлар рўёбига хизмат қилиши қайд этилади. Жумладан, мавжуд ресурслардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш ҳисобига ҳудуднинг саноат ва экспорт салоҳияти янада кенгаяди. Шунингдек, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси, хизматлар ва сервис соҳаси ривожлантирилади. Дастурдан жой олган истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошиши натижасида аҳоли бандлиги ва даромади кўпайиши таъминланади.

Хўш, бунинг учун қандай чора-тадбирлар белгиланган? Дастурда ушбу масалага тўлиқ ойдинлик киритилган. Асосийси, ҳар бир лойиҳанинг молиялаштириш манбаси, бундан кутилаётган самара аниқ кўрсатиб ўтилган.

Аҳамиятлиси, дастурга киритилган лойиҳалар умумий сони 203 тани ташкил этади. Улар амалга ошиши учун эса икки йил мобайнида жами 1 триллион 64 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиши керак. Шунинг 51 миллиард 152 миллион сўми республика, 35 миллиард 776 миллион сўми маҳаллий бюджетдан молиялашади. Мақсадли жамғармалардан 500 миллион сўм ажратилади. Ташаббускорлар ҳам бунга салмоқли маблағ - 530 миллиард 419 миллион сўм йўналтиришади. Тижорат банклари уларни қўшимча 109 миллиард 210 миллион сўм молиявий кўмак билан қўллаб-қувватлайди.

Дастурда хорижий сармоя иштироки ҳам кўзда тутилган. Чет эл молия ташкилотларининг 5 миллион 775 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит линияси жалб қилинади. Бундан ташқари, ҳудудга асбоб-ускуна ёки пул кўринишида 22 миллион 800 минг АҚШ долларига тенг хорижий инвестиция олиб кирилади. Албатта, бу лойиҳалар ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши қарийб 2,5 минг янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Тегишли дастур қамровига кўра 4 муҳим йўналишга бўлинган. Биринчиси саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигига дахлдор лойиҳаларни ўз ичига олган. Айни жабҳада жами 142 та истиқболли ташаббус амалга ошади. Шу мақсадда 917 миллиард 778 миллион сўм, яъни умумий маблағнинг асосий қисми сарф этилаётгани ҳам бу борада қилинажак ишлар салмоғидан дарак бериб турибди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада ривожлантириш йўналишида эса 18 та лойиҳани бажариш режа қилинган. Ўзлаштирилаётган инвестиция суммаси 47 миллиард сўмдан ошади. Йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникация тизимларини такомиллаштириш бўйича 37 лойиҳага 88 миллиард 813 миллион сўм маблағ жалб қилинади. Дастурда қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланган. Бу мақсад учун республика бюджетидан қарийб 11 миллиард сўм пул ажратилади.

Дастур қамрови кенг ва ҳар бир лойиҳага батафсил тўхталиш имконсиз. Шу сабабли биринчи йўналиш бўйича қилинадиган лойиҳаларга атрофлича кўз югуртиришни лозим топдик.

Бу йўналишни тармоқлар кесимида кўриб чиқсак. 43 та лойиҳа туманнинг саноат ишлаб чиқариши кўрсаткичларини янада яхшилаши лозим. Лойиҳалар умумий қиймати 201 миллиард сўмга баҳоланган.  Хусусан, "Hydrolife Yakkabog'" филиали 2019 йил иккинчи чорагида туманда минерал сув қадоқлашни ташкил этади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2 минг декалитр бўлган ушбу корхона 6,5 миллиард сўм сармоя эвазига ишга тушади. Бугунги кунда паррандачилик билан шуғулланаётган "Кумуш куз файзи" МЧЖ 7 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан макарон маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида туманда ПВХ ром ва эшикларга ламбра ва дераза токчалари тайёрловчи замонавий қувват иш бошлаши керак. Шу вақтгача қурилиш-пудрат ишлари бажариш ва мева-сабзавотни қайта ишлаш саноатида ўзини кўрсатган "Дельта Муҳандис" МЧЖ лойиҳа ташаббускори саналади. 3 миллиард сўм инвестиция асосида барпо қилинадиган бу корхона ҳар йили 1500 тонна маҳсулот етказиб бера олади.

Ҳудудда самарали фаолият кўрсатаётган "Муҳаррам Каримова" хусусий фирмаси болалар таглиги, бутловчи қисмлар тайёрлашни ўзлаштирган "Ёров Одилжон" хусусий корхонаси юқори босимга чидамли шланклар ишлаб чиқариш таклифини берган. Туманга "Shen guoqlang buildings materials Co Ltd" хорижий корхонасининг 8 миллиард 300 миллион сўм сармояси жалб этилади. Натижада жорий йил сўнгида  пишиқ ғишт ишлаб чиқарувчи корхона биттага кўпаяди, бу ерда йилига 9 миллион дона қурилиш материали ишлаб чиқарилади. Польшанинг "Konar" компанияси эса Яккабоғда иситиш қозонлари тайёрлашни ташкил этишга қизиқиш билдирган. Хорижий инвестор 58 миллиард 100 миллион сўм сармояни шу бизнесга тикаяпти. Пировардида ушбу субъект ҳар йили ички бозорни 2 минг дона тайёр маҳсулот билан таъминлай олади.

"Дармон фарм" хусусий фирмаси, "Яккабоғ пахта тозалаш" АЖ, "Универсал тараққиёт текстиль" МЧЖ томонидан илгари сурилган лойиҳалар ҳам кўлами жиҳатидан энг йириклари ҳисобланади. Биринчи ташаббускор 17 миллиард 990 миллион сўм маблағ   сарфлаб, болалар учун мевадан шарбат ва пюре ишлаб чиқариш қувватини ишга туширади. Йиллик маҳсулдорлик 41 миллион қутига етиши мўлжал қилинган. Қолган икки субъект лойиҳаси текстиль саноатига оид. "Яккабоғ пахта тозалаш" АЖ мулкдорлари қиймати 30 миллиард сўмлик лойиҳа асосида илк бор калава ип ишлаб чиқаришни ташкил этса, "Универсал тараққиёт текст" МЧЖда 6,6 миллиард сўм сармоя ўзлаштирилиб, мавжуд қувват модернизация қилинади. Натижада туманда пахта толасини қайта ишлаш даражаси ошади, калава ип ишлаб чиқариш ҳажми йилига 3 минг 700 тоннага ортади.

Таъкидлаш жоиз, лойиҳаларга маблағ йўналтирилиши борасида саноат соҳаси қишлоқ хўжалигидан ортда қолган. Айни мақсадга 41 та ташаббус доирасида жами 285 миллиард 813 миллион сўм жалб қилинаётгани ҳам бунинг исботидир. Бу лойиҳалар туманнинг иссиқхона хўжалиги, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик ва боғдорчилик каби асосий тармоқларини ривожлантиришга қаратилган.

Мисол учун, "Диана ҳамкор" хусусий корхонаси томонидан 10 минг бош парранда боқишга мўлжалланган мажмуа ишга туширилади. Ҳудуддаги асосий экспортчи саналган "Шарофат она Қаҳрамон қизи" агрофирмаси сиғими 5 минг тонналик совуткичли омборхона қуриш лойиҳасини бажаради. Фақат шунга қарийб 30 миллиард сўм сармоя йўналтирилади. "Дармон фарм" хусусий фирмаси барпо этаётган интенсив боғ майдони эса 200 гектар жойни эгаллайди. Қиймати 70 миллиард сўмга баҳоланган лойиҳа доирасида амалиётда замонавий парвариш ва суғориш технологияларини қўллаш мақсад қилинган.

Шаҳрисабздаги "Оқсарой текстиль" масъулияти чекланган жамияти жорий йилдан кластер тизимига ўтган. Хом ашё етиштириш мақсадида тадбиркорлик субъектига Яккабоғ туманидан ер ажратилган. Ишлаб чиқаришда яхши тажриба тўплаган корхона эндиликда пахтачиликда ҳам самара кўрсатиши керак. Жорий йилда кластерга кўплаб қишлоқ хўжалиги техникаси, томчилатиб суғориш тизими олиб келиниши даркор. Шу боис 83 миллиард сўм қийматидаги ушбу лойиҳага ҳам дастурда алоҳида ўрин берилган. Мазкур сармоя субъектнинг ўз маблағи экани эътиборли.

Боғдорчилик ва узумчилик йўналишида 5 та лойиҳа таклиф этилган ва бу Яккабоғдек ҳудуд учун камдек туюлса-да, улар ҳажман анча салмоқли эканини алоҳида қайд этиш лозим. Масалан, "Оригинал голд гарден" МЧЖ, "Давр шароб" МЧЖ ва "Озиқ-овқат холдинг" ХК биргаликда жами 1300 гектар майдонда токзор барпо этади. Бунинг учун 36 миллиард сўм инвестиция ишлатилади. Афғонистонлик сармоядор эса 1000 гектар жойда боғ ташкил этишни зиммасига олган. Шу мақсадда Яккабоғга қарийб 25 миллиард сўм инвестиция олиб киради. Истиқболли лойиҳа рўёби учун 4 миллиард сўмнинг баҳридан ўтишга тайёр "Aloe Vera Shumal" хорижий компанияси ҳудудда доривор ўсимлик етиштириш истагини билдирган.

Икки йилдан кейин Яккабоғ туманида хизматлар соҳаси жадал равнақ топишини ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Дастур доирасида бу йўналишда 339 миллиард 209 миллион сўм эвазига 58 та лойиҳа амалга оширилиши шунга пухта замин яратади. Аниқ мисолларга мурожаат этсак, "Яккабоғ мега инвест" МЧЖ 1 миллиард сўм сарфлаб, туманда махсус техника хизматлари кўрсатишни йўлга қўяди. "Файз" оилавий корхона ташкил этмоқчи бўлаётган мажмуа бир қанча маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан таркиб топади. Инвестиция миқдори 1,5 миллиард сўмга тенг. "Хўжаилғор шабадаси" хусусий корхонаси очадиган физиотерапия клиникаси ҳудудда хусусий тиббий хизматлар рақобатини кучайтиради.

"Яккабоғ ёғдуси" хусусий корхонаси сайёҳлар ташрифи кўпайганини ҳисобга олиб, 50 ўринли меҳмонхона бунёд этади. Фаолият йўлга қўйилишига 4 миллиард сўм маблағ талаб қилинади. Хизматлар соҳасидаги лойиҳаларда хусусий мактабгача таълим муассасасини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор берилган. Бундай ташаббуслар сони эса 10 га яқин. Уларнинг сиғими 50 ўриндан 100 ўрингача бўлади. Қарорда келтирилишича, чет эллик инвестор - "Ansher Capital" компанияси Яккабоғда меҳмонхона тармоғи ва дам олиш масканлари қуриш масаласини кўриб чиқаяпти. 10 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги тўғридан-тўғри хорижий сармоя 2020 йил охиригача мазкур лойиҳа самарали рўёбга чиқишини таъминлайди.

Ҳукумат қарорида дастур параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилот ва идораларга жавобгарлик юклатилган. Жумладан, вилоят ҳокимлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташаббускорлар билан биргаликда инвестиция лойиҳалари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, мўлжалланган ишлаб чиқариш ҳажмларига эришилиши, маблағлар тўлиқ ва самарали ўзлаштирилиши, янги иш ўринлари ташкил этилиши бўйича масъулиятни ўз зиммасига олади.

Маълумот ўрнида эслатиш жоиз, шу пайтгача вилоятимизнинг Нишон, Миришкор, Чироқчи ва Деҳқонобод туманларини комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилган. Нишон туманида дастур ижроси якунланган бўлса-да, ўрганишлар бу ерда аввалдан кўзда тутилган мақсадларга тўлақонли эришилмаганини кўрсатди. Қолган ҳудудларда эса жараён ҳали давом этмоқда. Демоқчимизки, муайян ҳудудни равнақ топтиришга қаратилган чора-тадбирлар ўлда-жўлда қолиб кетмасин, ишлар фақат қоғозда бажарилмасин, ўзгаришларни одамлар ҳам амалда сезсин. Шундагина бирор ҳудудни комплекс ривожлантира олдик, дея баралла айта оламиз.

М.ШУҲРАТОВ

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.