Жараён 08.01.2019 326

2019 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН БОШЛАБ АМАЛДА

Ислоҳот қирралари

2019 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН БОШЛАБ АМАЛДА

Мамлакатимизда юрт тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмуш-тарзига эришиш йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ишларнинг  ҳуқуқий асосини яратишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинаяпти. Уларнинг айримлари ёхуд маълум бандлари ижроси айнан 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирди. Қуйида йил бошидан ижро кучига эга бўлган ана шундай қоидалардан бир нечтасини сараладик.

Солиқ юки камайди

Ҳеч шубҳасиз, йил бошидан амалиётга жорий этилган энг муҳим ўзгаришлардан бири солиқ тизими билан боғлиқ.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бунгача жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ махсус шкала бўйича ҳисоблаб чиқилган. Яъни маош энг кам иш ҳақининг бир бараваригача бўлганда 0 фоиз, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача бўлса 7,5 фоиз, беш бараваридан ўн бараваригача оралиғида 16,5 фоиз, ундан юқори миқдор учун эса 22,5 фоиз даромад солиғи ҳисобланарди. Табиийки, бу жуда мураккаб жараён бўлиб, қўшимчасига ходимнинг яхши ишлаб, кўп даромад топишини эмас, бунинг аксини рағбатлантирган.

Эндиликда, жисмоний шахснинг даромадларига бир хил - 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

Шунингдек, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

- юридик шахслар - 12 фоиз (илгари 14 фоиз);

- тижорат банклари - 20 фоиз (илгари 22 фоиз).

 Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка (илгари 10 фоиз эди) бўйича солиқ солинади. Яъни ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкасига эга бўлган давлатлардан бирига айланди.

Ишловчиларга ҳам пенсия тўлиқ тўланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги тегишли фармонига мувофиқ 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилишда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробарига нисбатан олинади. Аввал бу кўрсаткич ЭКИҲнинг 8 баробарига тенг бўлган.

Ўқитувчиларнинг маоши яна ошади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари икки босқич асосида оширилди. Биринчи босқичда назарда тутилган иш ҳақи ислоҳоти 2018 йилнинг 1 сентябридан амалга ошган бўлса, иккинчи босқич талаблари 2019 йил 1 январдан кучга кирди.

Мазкур тариф ставкаларига мувофиқ, педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақлари олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.

Илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори ҳам 20 фоизга кўпайди.

"Автомойка" очмоқчимисиз? Марҳамат, юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтинг

 2019 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар автомобилларни ювиш хизмати билан шуғуллана олмайди. Бу турдаги фаолиятни амалга ошириш учун энди юридик шахс бўлиш шарт.

Шунингдек, бундан буёғига якка тартибдаги тадбиркорлар қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини чакана сотиш, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш каби фаолият турлари билан ҳам шуғуллана олмайди. Бу фаолият турлари билан шуғулланиш учун, албатта, юридик шахс ташкил этиш лозим.

Мазкур ўзгартиришларга сабаб бўлган энг муҳим жиҳат тадбиркорлар томонидан солиқдан қочиш учун турли қонун бузилиши ҳолатларига йўл қуйилганлигидир. Мисол учун, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар. Чунки амалдаги қонунчиликка мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда ЯТТ 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин ва кўпи билан шунга мос солиқ тўлайди.

Энди маълумотномани фуқаро эмас, нотариус йиғади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб нотариуслар "фаол нотариат" тизимида ишлашга ўтди.

Савол пайдо бўлиши мумкин: бу тизим фуқаролар учун қандай қулайлик яратади? Мисол учун, шу пайтга қадар фуқаролар кўчмас мулкка оид битимларни тасдиқлашда электр ва газ таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги бир қанча маълумотларни йиғиши ва уни нотариусга тақдим этиши керак эди. Энди эса бундай маълумотларни олиш бевосита нотариус томонидан, "ягона дарча" тамойили бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан ўрнатиладиган ҳамкорлик доирасида бажарилади. Яъни, фуқароларнинг қайсидир идораларга бориб соатлаб навбат кутиб "справка" олиш амалиётига чек қўйилади. Бу ҳам фуқаролар вақти ва нақдини тежашга хизмат қилади, ортиқча асаббузарликларнинг ҳам олди олинади.

Ижара шартномасини нотариал тасдиқлатиш шарт эмас

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги тегишли қарори билан нотариат тизимида жорий йил бошидан яна бир қанча ўзгаришлар бўлади. Улардан яна бири  ижара шартномасига оид битимларни нотариал тасдиқлаш тартибининг бекор қилиниши бўлди.

 Маълумки, бунгача амалда бўлган тартибга асосан, фуқаро ўзига тегишли бўлган уй-жой, кўчмас мулк ёки унинг бир қисмини бошқа бир фуқарога вақтинчалик фойдаланишга берганда, улар ўртасида ижара шартномаси тузилиши ва у нотариал тартибда тасдиқланиши лозим эди. 2019 йилнинг     1 январидан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш шартномалари нотариал тасдиқланиши шарт эмас. Бунинг ўрнига ижарага берувчи шартномани солиқ органларида ҳисобга қўйиши лозим.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоиз, аввал кўчмас мулкни текин фойдаланишга бериш шартномалари ҳам нотариал тасдиқланиши белгиланган эди. Эндиликда ушбу талаб ҳам бекор қилинди. Бу турдаги шартномалар солиқ идорасида ҳам ҳисобга қўйилмайди.

Плёнкали пакетлар бепул берилмайди

2019 йил 1 январдан бошлаб республикамиз ҳудудида қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш тақиқланди. Экспорт учун ишлаб чиқариладиган, тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган, хўжаликда фойдаланиш учун рулонларда сотиладиган полимер плёнкали пакетлар, шунингдек, биологик чирийдиган полимер материаллардан тайёрланган пакетлар бундан мустасно.

Шунингдек, полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш (тутқичсиз ва товарларнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар бундан мустасно) жавобгарликнинг юзага келишига сабаб бўлади.

Тегишли ҳужжатга кўра, Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси бу борадаги   талабларга риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.

Мажбурий техник кўрикни тадбиркор амалга оширади

2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситалари тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказилади.

Бу амалиёт дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги тегишли қарори билан, 2018 йил 1 январдан синов тариқасида йўлга қўйилган эди. Ўшанда йўл ҳаракати   хавфсизлиги бўлинмаларининг жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситаларини (юк, йўловчи ва махсус транспорт воситалари бундан мустасно) мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича функциялари босқичма-босқич юридик шахслар - тадбиркорлик субъектларига улар кўрсатадиган хизматлар учун қатъий нархлар ҳамда ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликка оид талабларни ўрнатган ҳолда ўтказила бошлаган эди.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.