Қишлоқ хўжалиги 12.04.2019 174

2019 ЙИЛ ҲОСИЛИ: ПРОГНОЗ БОР, УНГА АМАЛДА ЭРИШИШ ЭСА ФИДОЙИЛИКНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

Озиқ-овқат хавфсизлиги

 Жорий йилда вилоятимизда қарийб 70 минг тонна сабзавот, 174 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулоти етиштириш прогноз қилинмоқда. Ушбу даврда ҳудуддаги боғ ва ток қатор ораларидан ҳам мақсадли фойдаланишга эътибор қаратилади. Шу орқали истеъмол бозорига қўшимча 54 минг 541 тонна ноз-неъмат етказиб берилади. Шунингдек, ғалладан бўшайдиган майдонларда ҳам такрорий экин сифатида экилган экинлардан 815 минг тоннадан кўп ҳосил олиш кўзда тутилаяпти.  Мазкур маҳсулотлар аҳоли, қайта ишловчи корхоналар эҳтиёжини қоплашга хизмат қилади, бир қисми экспортга чиқарилади, захирага ва уруғликка қолдирилади.

 Кўриниб турибди, марра юқори олинган. Демак, воҳамиз соҳибкорлари зиммасида катта масъулият бор. Хўш, ушбу мақсадлар рўёбига қай тариқа эришилади, бунинг учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган? Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 мартдаги "2019 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида"ги қарорида бунга тўлиқ жавоб берилган.

 Қайд этилишича, ушбу ҳужжат билан аграр жабҳадаги айрим муаммоларни ҳам тизимли бартараф этиш, илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш эвазига юқори ҳосилдорликка эришиш назарда тутилган. Жумладан, сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни ҳар бир ҳудуднинг иқлим-шароити, сув таъминоти, ташқи бозорнинг маҳсулот тури ва етказиб бериш муддатларига бўлган талаблари асосида жойлаштириш устуворлик касб этади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг моддий ресурслар, хусусан, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар билан ўз вақтида ва етарли даражада таъминланиши чораси кўрилади.

 Ҳукумат қарорида айнан қанча майдонда маҳсулот парваришланиши, мавсумда қанча ҳажмда ҳосил етиштириш тахмин қилинаётгани, келгусида уларни реализация қилиш чоралари, деҳқончилик учун ишлатиладиган асосий воситалар сарф-харажати ҳудудлар кесимида аниқ кўрсатиб ўтилган. Шу маълумотларнинг вилоятимизга тааллуқли қисмига тўхталиб ўтсак.

 Келтирилишича, воҳамизда бу йил сабзавот етиштиришга 4 минг 75 гектар, полиз маҳсулоти парваришига 10 минг 200 гектардан ошиқ, картошка учун 1237 гектар, дуккакли ва мойли экинларга эса мос равишда 7359 ва 2100 гектар майдон ажратилган. Бу борадаги салмоқ ўтган йилларда пахта майдонлари қисқартирилиши натижасида янада ошгани аҳамиятли.

 Сабзавотчилик учун мўлжалланаётган майдонлардаги энг катта улуш аччиқ қалампирга тегишли - бу турдаги экин 2100 гектар жойни эгаллайди. Пиёз (441 гектар), помидор (392 гектар), сабзи (248 гектар), саримсоқ пиёз (163 гектар) экилиш кўлами бўйича аччиқ қалампирдан кейинги ўринда туради. Бақлажон, бодринг, гулкарамнинг ҳар қайсиси учун ажратилган ер 100 гектарга етмайди.

 Тарвуз етиштиришда Қашқадарё республикада энг йирик таъминотчи бўлиши кутилаяпти. Чунки ушбу полиз маҳсулоти учун мамлакат бўйича ажратилган энг кўп майдон (8634 гектар) айнан вилоятимизда.  Полизчиликка ихтисослашган бошқа хўжаликлар эса 302 гектарда қовун, 1268 гектар жойда қовоқ парвариши билан машғул бўлади. Дуккаклилардан мош ва ловия асосий экин сифатида етиштирилмайди. Бироқ нўхат (6138 гектар) ва ерёнғоқ (1120 гектар)дан олинадиган ҳосил салмоқли бўлишини айтиш мумкин. 1600 гектарда парваришланажак соя ҳамда 500 гектарда ўстирилажак кунгабоқар ўсимлиги ҳудуддаги мавжуд қайта ишлаш корхоналарини хом ашё билан таъминлашга кифоя қилади.

 Шунингдек, жорий йилда вилоятимизда 36 минг гектардан зиёд майдонга озуқа экинлари жойлаштирилади. Беда (21 минг 30 гектар), дон ва силос учун макка (қарийб 14,5 минг гектар), хашаки лавлаги шулар жумласидан. Қолаверса, 700 гектар жойда интенсив боғ, 487 гектар майдонда янги токзор, 869 гектар ҳудудда янги тутзор барпо этилиши белгиланган.

 Тегишли қарорда ушбу даврда асосий экинлардан олинажак ҳосилнинг прогноз ҳажмлари ҳам тасдиқланган. Хусусан, сабзавотчиликда 10 минг тоннадан ортиқ помидор, 11 минг тонна атрофида пиёз, 29 минг тонна аччиқ қалампир, 5,5 минг тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланаяпти. Режадаги  144 минг тонна тарвуз, 27 минг 633 тонна картошка, 24 минг тонна қовоқ, 7,5 минг тонна нўхат, 5 минг 660 тонна қовун ҳам бозорларимиз тўкинлигини таъминлаши тайин.

 Воҳамиздаги 16 минг 183 гектар боғ ҳамда 6 минг 529 гектар токзорлардаги қатор оралари ҳам ризқимиз мўл бўлишида муҳим омил саналади. Ушбу жойларда ҳам деҳқончилик билан шуғулланиш, маҳсулот етиштириш ҳар жиҳатдан самарали, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур. Албатта, жорий мавсумда воҳамизда бу имконият тўлақонли ишга солиниши керак. Шу мақсадда 4 минг гектардан кўп қатор орасига қишлоқ хўжалиги экини жойлаштирилади. Шунинг 2476 гектари сабзавотга, 1411 минг гектари дуккакли экинларга, 130 гектари полиз маҳсулотлари етиштиришга ажратилади. Кўтарилажак ҳосилнинг асосий улуши сабзавот (50 минг тонна) ҳиссасига тўғри келиши режа қилинган.

 * * *

 2019 йилда ғалла ҳосилидан бўшайдиган 141 минг 800 гектар ернинг 38 минг гектаридан ҳам самарали фойдаланилади. Такрорий экин сифатида танланган маҳсулотлар орасида сабзавот, картошка, полиз, кунгабоқар, дуккакли ва озуқа экинларини санаб ўтиш мумкин. Натижада вилоятда сабзавот ҳосили 60 минг, картошка 33 минг, полиз маҳсулоти 5,6 минг, дуккаклилар 5,6 минг тоннага кўпаяди. Чорва учун 710 минг тонна қўшимча озуқа тайёрлашга замин яратилади. 

 Қашқадарёда бу борадаги ишларни кўнгилдагидек амалга ошириш учун эса деярли 10 минг тонна ёнилғи-мойлаш материали, 13 минг 331 тонна минерал ўғит, 12 минг тоннадан зиёд уруғлик ажратилади. Умумий харажатлар суммаси 251 миллиард 500 миллион сўмга баҳоланган.

 Албатта, етиштирилажак маҳсулот ўз бозорини, истеъмолчисини топади. Ҳукумат қарорида шу масалага ҳам эътибор қаратилган. Тегишли     прогнозга кўра, вилоятимизда ишлаб чиқариладиган 640 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 75 минг 481 тоннаси хорижий мамлакатларга экспорт қилинади. 66 минг 137 тонна ноз-неъмат қайта ишлаш корхоналари барқарор фаолиятини таъминлайди. Захирага 30 минг 532 тонна, уруғлик учун 9 минг тонна ҳосил қолдирилади. 27 минг 446 тонна маҳсулот эса Тошкент шаҳри ва бошқа ерларда ташкил этиладиган ярмаркаларга етказиб берилади. Қолган 432 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ички истеъмолни қаноатлантириши кўзда тутилган.

 Ҳужжатда 2019 йил ҳосили реализациясининг аграр жабҳа тармоқлари бўйича тақсимоти ҳам берилган. Кўриш мумкинки, воҳамиз миришкорлари етиштирган 31 минг тонна полиз маҳсулоти, 14 минг тонна сабзавот, 9 минг 500 тонна дуккакли ташқи бозорга йўлланади. Картошка эса ички истеъмолдан ортмайди.

 Вилоятда барча хўжаликлар томонидан етиштириладиган мева ҳажми 135 минг 685 тоннани ташкил этиши тахмин қилинган. Шунинг 7 минг 256 тоннасидан чет элликлар баҳраманд бўлади. Мева-чевани қайта ишлаш кўлами (28 минг 356 тонна) Қашқадарёда бошқа ҳудудларга нисбатан кўп бўлиши ҳам аҳамиятли. Шунингдек, воҳамизда 5,5 минг тонна маҳсулотни қиш-баҳор мавсуми учун сақлаш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, узумчилик тармоғининг маҳсулдорлиги ҳам сезиларли ошиши кутилмоқда. Воҳамизда мавсумда қарийб 60 минг тонна ҳосил жамғариш мақсад қилинган. 13 минг тоннадан ортиғи экспортга жўнатилса, 18 минг тоннаси саноат корхоналарида қайта ишланади.

 Аввал - бошда айтганимиздек, жорий йилда воҳамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари салмоқли. Энди эса ҳамма гап рақамларни ҳаётга ҳам кўчиришда, амалда рўёбга чиқаришда қолди. Асосийси, натижага эришиш учун барча ресурс ва шарт-шароит бор, йил ҳам баракали келди. Вилоятда бозорлар тўкинлигини, ноз-неъматлар нархлари барқарорлигини  таъминлаш шу йўлда бажариладиган саъй-ҳаракатларга боғлиқ.

 М.ШУҲРАТОВ