Қишлоқ хўжалиги 22.12.2018 229

220 КУБ МЕТР СУВДА 35 ТОННА БАЛИҚ

Семинар

220 КУБ МЕТР СУВДА 35 ТОННА БАЛИҚ

етиштирса бўлади...ми?

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимиздаги мавжуд балиқчилик хўжаликлари сув ҳавзаларида бир мавсумда ўртача ҳосилдорлик гектарига 2-3 тоннани ташкил этмоқда. Бундан ҳам юқори самара олиш мумкин бўлган бир пайтда ушбу кичик натижа билан мақтаниш ўринсиз, албатта. Ўз навбатида, бу ҳол ички имконият ва ресурслардан тўғри фойдаланилмаётгани, соҳага балиқ етиштиришнинг илғор усулларини татбиқ этиш жараёни суст кечаётганини ҳам кўрсатади.  Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 апрелдаги тармоқ ривожига қаратилган тегишли қарорига кўра, бундан буён балиқчиликда интенсив технологияларни фаол ва кенг қўллаш асосий талаблардан бири этиб белгиланди. Ўз фаолиятида шуни алоҳида ҳисобга олган тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилди.

Илғор хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва баҳоли қудрат ўзлаштириш юртимизнинг балиқчилик тармоғи маҳсулдорлиги тубдан ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Шу маънода чет эллик малакали мутахассисларни мамлакатимизга жалб қилиш, улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи долзарблик касб этади. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида бўлиб ўтган семинар айни шу талаблар асосида ташкил этилди. Унда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ташаббуси билан Чин ўлкасининг балиқчилик соҳасида илмий ва амалий тажрибага эга мутахассислари иштироки таъминланди.

Семинар "Интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича Хитой тажрибаси" мавзусига бағишланди. Ундан Қашқадарёдан  ташқари, Навоий, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида фаолият юритувчи балиқчилик хўжаликлари вакиллари ҳам қатнашди.

Таъкидланганидек, сўнгги вақтда Хитой илғор технологиялар асосида товар балиқ ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчи мамлакатлари сирасига кирган. Бу юрт нафақат ушбу технологияларни қўллаш, балки уларни ишлаб чиқиш ҳамда   экспорт қилиш бўйича ҳам олдинги ўринларни эгаллайди. Тадбирда иштирокчиларга Чин ўлкасининг балиқчилик соҳасидаги ютуқлари акс этган видео-тақдимот намойиш қилинди.

Маълум бўлишича, айни пайтга келиб, ушбу мамлакатда балиқ боқишнинг эски усулларидан деярли воз кечилган, тармоқ деярли саноатлашиб улгурган. Хитойлик мутахассислар ҳозир балиқ ишлаб чиқаришда қўлланаётган энг сўнгги технология қандай ишлаши ҳақида батафсил тўхталишди. Бунда ихчам ва мукаммал конструкцияли қурилмалар кенг ишлатилади. Мисол учун, 5х22х2,5 метр ўлчамдаги иншоотнинг сув сиғими 220 метр кубни ташкил этади. Қурилма иссиқ ва совуққа чидамли пишиқ материаллардан барпо қилинган. У дарё эффекти асосида ишлайди. Яъни оқова ҳавзаларда бўлгани каби бу иншоотда ҳам доимий оқим бўлиб туради. Балиқ чиқиндиси автоматик тозаланади. Қурилма кислород мосламалари билан ҳам жиҳозланган. Озуқанинг самарали тақсимланиши таъминланади. Бу тахлит иш юритиш натижасида бир иншоотдан 20 тоннадан 35 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Агар 3 та шундай қурилма 1 гектар майдонга мўлжаллангани эътиборга олинса, умумий маҳсулдорлик 100 тоннага ҳам етиши мумкин.

- Албатта, бу жуда яхши натижа, бизники билан солиштирсак, самарадорлик бир неча ўн баробар юқори эканини кўриш мумкин, - дейди "Қашқадарёбалиқсаноат" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдукарим Шоҳимардонов. - Ушбу ҳамкорлик алоқалари келгусида барчамиз учун фойдали бўлишига шубҳа йўқ. Шуни айтиш керак, охирги пайтда вилоятимизда ҳам интенсив усулларни жорий этиш суръати ошган. Соҳа вакиллари бу ҳаётий зарурат эканини ўзлари тушуниб етяпти.

Семинар иштирокчилари балиқ етиштиришда илғор технологияларни қўллаш афзалликлари ҳақида ўзларини қизиқтирган барча саволларга маҳаллий ва хорижлик мутахассислардан батафсил жавоб олишди.

Келгусида мазкур ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, савдо битимлари тузиш мақсадида самарали мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

М.ЖЎРАЕВ

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.