Жамият 19.02.2019 215

235 КИШИ АЛИМЕНТ САБАБ МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИНИ ЎТАГАН

Қилмиш-қидирмиш

235 КИШИ АЛИМЕНТ САБАБ МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ ЖАЗОСИНИ ЎТАГАН

Сўнгги вақтда оилавий ажримларнинг кўпайиши алимент ундириш билан боғлиқ мурожаатлар сонини ҳам оширган. Айтиш ўринли, айрим оталар гўё бировнинг таъминоти учун алимент тўлаётгандек ҳис қилади ўзини.

Қонун билан белгиланган миқдор бегонанинг эмас, ўз фарзандининг таъминоти, тўкис   вояга етиши учун зарурлигини эса ҳисобга олишмайди. Бунинг учун сабабу баҳоналари ҳам тайёр: оилавий шароити яхши эмаслиги, ҳеч қаерда ишламаслиги, ишласа, ойлиги камлиги. Нима бўлганда ҳам қонун барчага баробар, қолаверса, ота-она қарори билан "ярим етим"га айланган бола вақти келиб жамиятда ўз ўрнини топиши учун у бугун етарли таъминотга эга бўлиши керак. Ёлғиз онанинг бунга имкони етмаслиги барчага ойдай равшан.

Мисол учун, 1980 йилда Қарши шаҳрида туғилган Олимжон Баймуродов ҳам оиласи билан ажрашган. Унга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича  Чироқчи туман судининг 2014 йил 15 сентябрдаги суд буйруғига асосан Наргиза Шодиева фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун то у 18 ёшга тўлгунга қадар ойлик иш ҳақининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ орадан ўтган 47 ой учун 17 миллион 520 минг сўм алимент пули ўз вақтида тўланмаган. Ўғли ҳам ўз кунини ўзи кўрадиган ёшда бўлса-ку қани, 2010 йилда туғилган ёш бола ҳали.

Қарши шаҳар маъмурий судида ўтган очиқ суд мажлисида Олимжон Баймуродов чиндан ҳам алимент пулини тўламай келгани, ҳозирда ҳам оилавий шароити оғирлиги сабабли бу пулни тўлай олмаслигини маълум қилди.

Суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 474-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ҳолатига кўра, ҳуқуқбузар О.Баймуродовга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлашни лозим деб топди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2018 йил давомида вилоят маъмурий судлари томонидан алимент билан боғлиқ, яъни вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлагани учун 213 та ҳолатда 235 нафар шахсга нисбатан иш кўрилган бўлиб, барча ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ойбек БЕКНАЗАРОВ,

вилоят маъмурий суди судьяси