Жамият 13.09.2019 217

24 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб, истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарган

Ижро жараёнида

Яккабоғ туманидаги Уйғур қишлоғида яшовчи А.Н. "тадбиркорлик"нинг ўзига хос йўлини тутибди: яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик хонасида  зиғир дони ва чигитни қайта ишлайдиган қўлбола цех ташкил қилди.

Номидан кўриниб турибдики, қўлбола маҳсулотнинг одам саломатлигига зарар етказмаслигига кафолат йўқ, боз устига фаолият ҳам қонуний эмас.

Ўрганишлар давомида 2 дона жувоз ускунаси, кунжара майдалаш ускунаси, 27 литр ўсимлик ёғи, 154 килограмм чигит ва 13 килограмм кунжара холислар ва мутахассислар иштирокида тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида процессуал расмийлаштириб олинган.

Санитария-эпидемиология назорати соҳаси мутахассислари хулосасида зиғир дони, пахта чигити аралашмасидан пресс усулида ишлаб чиқарилган ёғсимон маҳсулот тегишли талабларга жавоб бермаслиги, истеъмолга яроқсизлиги кўрсатилган.

Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текшириш давомида А.Н. Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларига зид равишда электр тармоғига яширин йўллар билан тўғридан-тўғри уланиб олиб, 487 кун давомида 81 минг 816 кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиши оқибатида туман электр таъминоти корхонаси манфаатларига 24 миллион 135 минг сўм миқдорида моддий зарар етказгани аниқланган.

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, терговга қадар текшириш натижасига асосан фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилик масаласини ҳал қилиш учун жиноят иши Яккабоғ туман прокурорига юборилган.

Н.ХЎЖАЕВ