Спорт 20.01.2017 695

32 НАФАР СПОРТЧИДАН 31 МЕДАЛЬ

Рио-2016: Паралимпия ўйинлари

32 НАФАР СПОРТЧИДАН 31 МЕДАЛЬ

Бугун “Сиз Ўзбекистон ҳақида нималарни биласиз?” деган савол билан қайси бир хорижликка юзланманг, у Бразилиянинг    Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги ХV Паралимпия ўйинларидаги ўзбекистонлик спортчиларнинг оламшумул ғалабаларини албатта тилга олади. Зеро, ҳамюртларимиз Риодаги  иродали юришлари билан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди”, деган даъвати қанчалик ҳақиқат эканини яна бир карра исботлаб беришди.

УЧИНЧИ ИШТИРОК ВА ОЛАМШУМУЛ НАТИЖА

Ўзбекистон спорт делегацияси учун учинчи иштирок саналган Рио-де-Жанейродаги Паралимпия ўйинларида вакилларимиздан     32 нафари спортнинг жами беш тури - дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Жаҳоннинг 200 га яқин мамлакатидан тўрт мингдан зиёд спортчи қатнашган нуфузли мусобақада спортчиларимиз 31, яъни 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медални қўлга киритиб, якуний рўйхатда 16-, медаллар сони бўйича эса 12-ўринни эгаллашди.

ЭНГ ЮҚОРИ ВА РЕКОРД НАТИЖАЛАР

Рио-2016 Паралимпия ўйинлари зарварақларига ўзбекистонлик спортчилар бир қатор унутилмас кўрсаткич ва юксак натижаларни қайд этишди. Хусусан, дзюдо бўйича терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади.

Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ва 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Таъкидлаш жоиз, шу вақтга қадар бирор-бир мамлакат иштирокчилар ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижани қайд этмаган. Ўз ўрнида, паралимпиячиларимизнинг мазкур матонатли юришлари кўплаб бошқа давлатлар спорт делегацияларининг ҳайрату ҳавасига сабаб бўлди.

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА БИРИНЧИ, МДҲДА ИККИНЧИ ВА ОСИЁ ҚИТЪАСИДА УЧИНЧИ

Ўз навбатида, Ўзбекистон паралимпия терма жамоаси мазкур натижа билан Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, МДҲда Украинадан, Осиё қитъасида бўлса Хитой ва Эрондан кейин учинчи поғонани эгаллади.

Қайд этиш жоиз, Украина Паралимпия ўйинларида 171 спортчи билан иштирок этиб, жами 117 медални қўлга киритган бўлса, Хитой 327 вакил билан қатнашиб, 239 та, Эрон эса 24 медални жамғарган. Ўзбекистон терма жамоаси эса атиги 32 нафар спортчи билан иштирок этиб, 31 медални қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бошқача айтганда, қарийб 100 фоизлик натижа.

ВИЛОЯТИМИЗ ВАКИЛЛАРИНИНГ МУНОСИБ ҲИССАСИ

Қувонарлиси, ушбу нуфузли мусобақада вилоятимиз вакиллари ҳам Ўзбекистон терма жамоаси ғалабаларига муносиб ҳисса қўшишди. Жумладан, паралимпиячиларимиз орасида Фотимахон Амилова энг кўп – 3 та медаль жамғарди.

У сузиш бўйича 100 метр масофани  1 дақиқаю 12,45 сонияда босиб ўтиб, биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон рекордини янгилади. Сўнг 200 метр масофага комплекс сузишда кумуш ҳамда 100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида 1 дақиқаю 04,93 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди.

Иккинчи вакилимиз Шоҳсанам Тошпўлатова аввалига 200 метрга комплекс усулда сузишда учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритган бўлса, кейинчалик 50 метрга эркин усулда сузиш бўйича 28,02 сония натижа билан иккинчи бронзасини ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

Шунингдек, вилоятимизнинг яна бир вакили Дмитрий Хорлин 400 метрга эркин усулда сузишда 4 дақиқаю 06,63 сония қайд этган ҳолда маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига эга чиқди.

Шу тариқа, вилоятимиз паралимпиячилари, хусусан, сузиш бўйича мамлакат терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалига эга чиқишди.

ТАНИШИНГ, УЛАР ҒОЛИБЛАР САФИДА

Шу тариқа, XV Паралимпия ўйинларида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларимиз рўйхати қуйидагича шаклланди:

Олтин, кумуш ва бронза – Фотимахон Амилова (сузиш)

Олтин – Фирдавс Мусабеков (сузиш)

Олтин - Шерзод Намозов (дзюдо)

Олтин - Одил Тўлендибоев (дзюдо)

Олтин - Ўткир Ниғматов (дзюдо)

Олтин – Александр Свечников (найза улоқтириш)

Олтин – Нозимахон Қаюмова (найза улоқтириш)

Олтин, бронза - Ҳусниддин Норбеков (диск ва ядро улоқтириш)

Кумуш (2 та) - Муслима Одилова (сузиш)

Кумуш - Кирилл Паньков (сузиш)

Кумуш - Ҳайитжон Олимова (дзюдо)

Кумуш – София Бурхонова (ядро улоқтириш)

Бронза (2 та) - Музаффар Турсунхўжаев (сузиш)

Бронза (2 та) - Шоҳсанам Тошпўлатова (сузиш)

Бронза – Дмитрий Хорлин (сузиш)

Бронза - Турсунпошша Нурметова (дзюдо)

Бронза - Севинч Салаева (дзюдо)

Бронза - Феруз Саидов (дзюдо)

Бронза - Гулруҳ Раҳимова (дзюдо)

Бронза - Шуҳрат Бобоев (дзюдо)

Бронза - Ширин Шарипов (дзюдо)

Бронза - Сервер Ибрагимов (пистолетдан ўқ отиш)

Бронза - Аҳрор Бозоров (пауэрлифтинг)

Бронза - Дониёр Солиев (узунликка сакраш)

Бронза - Миран Сахатов, Мансур Абдурашидов, Дониёр Солиев ва Фахриддин Ҳамроев (енгил атлетика бўйича 4х100 эстафетада қатнашган эркаклар жамоаси).

ЮТУҚЛАР  ПОЙДЕВОРИ

Маълумки, Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси 2007 йилда ташкил топди ва мамлакатда унинг фаолиятини ривожлантириш юзасидан катта ишлар қилинди.

Натижада даставвал Ўзбекистон спорт делегацияси 2008 йили Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида 2 нафар спортчи билан иштирок этди, кейинчалик ҳамюртларимиз 2010 йили мазкур мамлакатнинг Гуанжоу шаҳри мезбонлик қилган Параосиё ўйинларида қатнашди. Ўз ўрнида бу йирик мусобақалар давомида паралимпиячиларимиз улкан тажриба тўплашди. Бу эса аста-секин ўз самарасини бера бошлади. 2012 йили Лондон шаҳрида ўтказилган Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз муносиб иштирок этди ва битта кумуш медалга сазовор бўлди.

2014 йилда Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида бўлиб ўтган Параосиё ўйинларида паралимпиячиларимизнинг бор маҳорат ва истеъдодлари яққол намоён бўлди. Негаки, ушбу мусобақада спортчиларимиз жами 31 та: 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза медалини жамғариб, Осиё қитъасида бешинчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, ўша йилнинг декабрида бўлиб ўтган Осиё Паралимпия қўмитасининг Бош ассамблеясида Осиё давлатлари ичида Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси “Йилнинг энг яхши спорт ташкилоти” деб тан олинди. Бу эътироф ҳеч бир юртдошимизни қувонтирмасдан қўймайди, албатта.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шубҳасиз, Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги ХV Паралимпия ўйинларидаги ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки олдинги мусобақаларга қараганда энг йирик натижа. Шу билан бирга 2020 йили Токиода ўтказиладиган ёзги ХVI Паралимпия ўйинларида бундан-да улкан натижаларни кутишга ҳақлимиз.

Азизбек НОРОВ тайёрлади